АИ-92 маркали автобензинининг нархи 7500 сўмдан ҳам арзонлашиши кутиляпти
Энергетика вазирлиги АИ-92 маркали автобензинининг нархи оширилиши билан боғлиқ хабарни шошма-шошарлик билан, раҳбарият билан келишмасдан ижтимоий тармоқда эълон қилган масъул ходимларга тегишли чоралар кўрилишини билдирди.
2023 йил 1 майдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-92 маркали автобензинининг нархи оширилиши билан боғлиқ хабарларга ойдинлик киритилди. Энергетика вазирлиги бензин нархи оширилмаслигини билдирди.
Шуни таъкидлаш керакки, “UNG petro” МЧЖ масъул ходимлари бу борадаги хабарни шошма-шошарлик билан, раҳбарият билан келишмасдан ижтимоий тармоқда эълон қилган ва бу ҳолат бўйича уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
“Кўрилаётган чоралар натижасида АИ-92 маркали автобензин нархи май ойи ичида 7500 сўмдан ҳам арзонлашиши кутилмоқда”, дея маълум қилди вазирлик.