platina.uz
Мақола

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ривожланаётган мамлакатларга наф келтирганми?

Ўзбекистон нималарга эътибор қаратиши лозим?

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ривожланаётган мамлакатларга наф келтирганми?

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш дунё мамлакатлари иқтисодиётига таъсири бўйича ўтказилган таҳлилларга кўра, 15 та мамлакатдан 12 тасида экспортнинг, 10 тасида эса ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг ўсиш суръати тезлашган. 12 тасида инфляция секинлашган ва 10 тасида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТТХИ) кўлами ошган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертларининг маълум қилишича, таҳлиллар ЖСТга 1990 йилдан кейин аъзо бўлган 15 та ривожланаётган мамлакат - Албания, Баҳрайн, Бангладеш, Камерун, Грузия, Гондурас, Иордания, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғилистон, Непаль, Россия, Шри Ланка, Туркия ва Вануатунинг экспорт ва импорт, ЯИМнинг ўсиши, инфляция, ишсизлик, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг (ТТХИ) ЯИМдаги улуши ва ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши каби макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар бўйича ўтказилган.

Маълум бўлишича, аъзо давлатларнинг экспорт, ЯИМнинг ўсиш суръати тезлашган, қайси биридадир инфляция секинлашган ва ТТХИ кўлами ошганлик, яна Бангладеш, Гондурас, Туркия ва Камерунда кўпчилик йўналишлар бўйича ижобий натижа кузатилган бўлса-да, шу билан бирга, салбий тенденция ҳисобланган ишсизлик даражаси 15 та мамлакатдан 10 тасида ошган.
Масалан, Бангладешда ишсизлик 2,3%дан 3,5%га, Гондурасда 3,4%дан 4,4%га, Қирғизистонда 6,8%дан 8,7%га ошган. Ушбу мамлакатларнинг 2 тасида ишлаб чиқариш саноатининг ЯИМдаги улуши ошган бўлса, 6 тасида камайган.

Шунингдек, ташкилотга аъзо бўлган Қозоғистон, Туркия ва Грузиянинг макроиқтисодий кўрсаткичларидаги ўзгаришлар ЖСТга аъзо бўлмаган шундай мамлакатлардаги ўзгаришлар билан қиёсланди. Натижаларга кўра, сезиларли ижобий ўзгариш фақат экспорт ва импортда кузатилган. Қолган йўналишлардаги кўрсаткичлар деярли фарқ қилмаган. Масалан, Қозоғистон ЖСТга аъзо бўлгандан кейин ишсизлик даражаси 5,3%дан 4,9%га пасайган. Озарбайжонда ҳам айнан шу даврда 5,2%дан 4,9%га камайган, Ўзбекистонда эса 5%дан 5,6%га ошган.
Хўш, таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон қандай чора-тадбирлар белгилаши керак?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Иқболжон Қосимовнинг platina.uz нашрига берган маълумотига кўра, Ўзбекистон бу масалада қуйидаги жиҳатларни инобатга олиши лозим:

  • ташқи дунё билан эркин рақобатлаша оладиган ишлаб чиқариш соҳаларини танлаб олиш ва уларни узоқ муддатли ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш;
  • узоқ муддатли самарали саноат стратегиясини шакллантириш (масалан, Европа Иттифоқи ўз саноат сиёсатининг асосий тамойилларини белгилаб қўйган);
  • корхоналарнинг ташқи рақобатга бардошлилик кўрсаткичи бўйича доимий равишда ўзини-ўзи мониторинг қилиб боришига туртки берувчи механизмларни қўллаш.

• Маълумот учун
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) — мамлакатлараро савдо қоидаларини бошқариб турувчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади. ЖСТ (WTO, ингл. World Trade Organization)га аъзолик халқаро тижорат учун қулай ҳуқуқий тизимни тақдим этиш имкониятини беради. Шунингдек, ўзаро қабул қилинган муҳим ҳужжатлар аъзо давлатларнинг ўз савдо сиёсатларини келишилган мезонларда олиб боришларида масъулият юклайди. Бундан кўзланган мақсад — жаҳон бозорида муваффақиятли фаолият юритишда товарлар ва хизматларни ишлаб чиқувчилар, экспортёр ва импортёрларга кўмак беришдир.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid