platina.uz

3 сониялик судда жазоланган “Activist”: йоғқурт ва сўз эркинлиги масалаларида ҳайратомуз “тезкорлик”

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носировга  “шест секунд”да бўлмаса-да, ўта тезкорликда қўйилган айблов, 3 сониялик судга Карим Баҳриев муносабат билдирди.
Жамият
13 апрель 2023 йил
3 сониялик судда жазоланган “Activist”:  йоғқурт ва сўз эркинлиги масалаларида ҳайратомуз “тезкорлик”

“Йогурт” деган сўз асли “йоғқурт” деган сўздан бошқа тилларга ўрнашгани, “ёғли қурт” деган маънони билдириши айтилади.

Эслатиб ўтамиз, “Activist” номи орқали танилган Ҳожиакбар Носиров айнан йогуртнинг таркиби тўғрисидаги фикрлари учун 15 суткага қамалган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми бўйича маъмурий иш кўриб чиқилган.

Тошкент шаҳар судлари ахборот хизматининг маълум қилишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ТҚКБ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида диний муҳитни соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ижтимоий тармоқларда мониторинг тадбирлари давомида Ҳожиакбар Носиров Тelеgrаm мессенжеридаги ACTIVIST канали орқали ҳар хил турдаги диний мазмундаги видеоларни, яъни Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 апрелдаги 18-660-сонли хулосасига асосан аҳоли орасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган ғояларни тарқатганлиги аниқланган.
Яна маълум бўлишича, ACTIVIST лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров ҳамда унинг адвокати судда кўрсатма беришдан бош тортган.

ҲАЙРАТОМУЗ “ТЕЗКОРЛИК”

Биз ҳаётда фуқароларнинг шикоятлари, арзу додлари, жумладан, журналистларга нисбатан босим ўтказиш, уларнинг касб фаолиятига нисбатан таъқиб ва цензура ҳоллари бўйича қилинган мурожаатларни ўрганиш, айбдорларни жазолаш ишларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ойлаб чора кўрмаганликларини, гоҳида ҳатто жавоб бермаганларини кўп кўрганмиз. Аммо журналистлар ва блогерларга нисбатан олиб борилган жазо ишларида, “шест секунд”да бўлмаса-да, ўта тезкорликни кўрамиз.
Мазкур ҳолат юзасидан маъмурий иш расмийлаштирилиб, судга оширилган. 7 апрелда диний қўмитада имзоланган ҳужжат асосида 8 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ҳожиакбар Носировга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган. Лойиҳанинг Теlegramʼдаги саҳифасида ички ишлар ходимлари босим остида материал тўплашгани ва суд жараёни ноқонуний бор-йўғи 3 дақиқа давом этгани таъкидланади.

ЖАМОАТЧИЛИК МУЛОҲАЗАЛАРИ

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носировга “кўпиртирилган” айб қўйилиб, адолатсизлик қилинган. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев ҳам ўзининг Telegram'даги каналида ёзиб қолдирган.

“Activist” лойиҳаси асосчиси Ҳожиакбар Носиров мен кузатиб борадиган кам сонли блогерлардан бири. Кеча унинг 15 суткага қамалганини эшитиб, бу воқеага доир барча хабар ва муносабатларни кузатдим. Ва блогерга “кўпиртирилган” айб қўйиб, адолатсизлик қилинган, деган фикрга келдим”, дейди собиқ депутат.
“Агар у айтган йогуртлар таркибида шундай модда бўлиб, бу ислом динига эътиқод қилувчилар учун истеъмолда мумкин эмас бўлса, блогер ҳақиқатни айтган бўлиб чиқади. Бирор бир маҳсулот таркибида мусулмонлар учун ҳалол ёки ҳаром модда бор-йўқлиги ҳақида маълумот берганлик, гапирганлик, қачондан бери диний адоватни уйғотадиган бўлиб қолди? Қатор колбаса ва бошқа озиқ-овқатлар ҳақида ҳалол сўзини ишлатиб реклама тарқатганлар унда нима учун шу вақтгача жавобгар бўлишмаган?” – дея фикр билдирган Кушербоев. Шунингдек, у блогернинг айнан қайси гапи ёки ҳаракати жамиятда диний адоват уйғотганига ойдинлик киритилмаганини айтиб, танқид қилган.

ДАРВОҚЕ...

Аслида биз, блогернинг муайян фирманинг йогурти ҳақидаги фикри ишлаб чиқарувчига зарар етказган, деб ҳисобланган тақдирда компаниялар блогерни судга берган бўлиши мумкин, деб ўйлаганмиз. Ҳуқуқ-тартибот идоралари “юзларини сақлаш учун” бирорта шундай компаниядан ариза олиб ҳам ўтиришмаган. Бу ҳолат жамоатчиликни “Activist” лойиҳаси асосчисига берилган жазода диний адоватдан кўра кўпроқ шахсий адоват борга ўхшайди, деган фикрга ҳам олиб келади.

Ҳар ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига биноан, тадбиркорлик фаолияти субъекти ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.
Биламизки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади. Шу билан бирга дин ҳақидаги ҳар бир сўз ёки фикрга бу қўмитадан рухсат олинаверса, қўмитада миллионлаб одам ишлаши керак бўлади.
Иккинчи томондан, бу ҳолатда фикр ва сўз эркинлиги жиддий чекланади.

КИМЁВИЙ МОДДА ВА ЖАЗО КОДЕКСИНИНГ МОДДАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ баёнотига кўра, Ҳожиакбар Носиров видеоролик орқали фуқароларга турли ишлаб чиқарувчи компаниялар маҳсулоти бўлган йогуртларнинг таркибида “кармин” моддаси мавжудлиги сабабли уларни истеъмол қилиш мумкин эмаслиги хусусидаги фикрларини “тегишли соҳа мутахассисларидан хулоса олмаган ҳолда, ўз ташаббусига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда билдирган”. Идора бу ҳолат “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонунларга зид экани, алоҳида шахсларнинг ўз ташаббуси орқали турли масалаларга диний тус бериб, ўзгаларнинг шахсий ҳаётга аралашишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаган” ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида “диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши”ни эслатган.

Узоққа бормайлик, Россиянинг ОРТ телеканалида “Контрольная закупка” (Назорат хариди) деган кўрсатув бор. Уни Антон Привольный деган журналист олиб боради. Бир кун йогуртни таққослайди, таркибини, сифатини эълон қилади ва ҳар гал кўрсатув ҳеч ким томонидан молиялаштирилмаслигини, истеъмолчи манфаатида ишлашини айтади. У бу кўрсатуви учун кўп бор мукофотланган.

“Activist” жамоаси ўз саҳифасида Ҳожиакбар Носировнинг видеосини эълон қилди. “Activist”нинг қўшимча қилишича, шу вақтгача чиқарилган барча видео кимнингдир буюртмаси ёки моддий-маънавий кўмагисиз суратга олинган. У сўзини “Мен Президент ва халқнинг кўмагига ишонаман” деб якунлаган.

“Охирги видеоларда озиқ-овқатларни “обзор” қилаётган эдик. Халққа қайси моддалар ҳалол, қайсилари ҳаром эканини кўрсатиб бераётган эдик... Ҳеч ким муаммоларини олиб чиқишимиз учун бир-икки сўм пул бермаган. Ҳеч ким талаб ҳам қилмаган. Ҳадя, моддий ёки маънавий кўмак ҳам бермаган. Буларнинг ҳаммаси ўз хоҳишимга кўра, халқ фойдасини ўйлаб қилинган”, - дейди блогер.

Қайд этилишича, кармин – қизил рангли бўёқ моддаси бўлиб, Е120 рақами остида озиқ-овқат қўшимчалари сифатида фойдаланилади. Ушбу модда ярим қаттиқ қанотлилар гуруҳига мансуб бўлган кошенил ҳашаротидан олинади.

Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида чигирткадан бошқа ҳашаротларни истеъмол қилиш қатъий ман қилинган.
Бизнинг диний қўмита мутахассисларига кўра, “ҳашаротлардан олинадиган моддалар, шу жумладан кармин Е120 моддаси ҳам муайян кимёвий жараён ва усуллардан ўтиши билан ҳолати ўзгариши соҳа мутахассислари ва уламоларимиз томонидан айтилган. Бу боради Иордания фатво ҳайъатининг 3240-сонли Фатвосида қуйидагилар баён қилинган: “Ҳашаротлардан олинадиган моддалар кимёвий йўллар билан бошқа моддага айланади. Бу жараённи Ислом шариатида “Истиҳола” яъни бир моддани бошқасига ўзгариши дейилади. Натижада, нажосат ва нопок бўлган нарсалар ўз сифатларини йўқотиб бошқа нарсага айланади”.

Фатво марказига кўра, бу масалада ҳанафий мазҳабининг алломаси Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул-Қодийр” китобларида бундай деган: “Шариат (бирор нарсани) нажосат бўлишини муайян моҳиятга боғлаган. Нажосатнинг баъзи сифатлари йўқолиши билан нажосатлик моҳияти ҳам йўқолади. Агар нажосатнинг барча сифатлари йўқолса, нажосатлик моҳияти ҳам тўлиқ йўқолган бўлади. Бунинг шаръий масаладаги мисоли: узум суви пок саналади. (Вақт ўтиши билан) хамр (маст қилувчи ичимлик)га айланиб, нажосат бўлади. (Яна вақт ўтиши билан) хамр сиркага айланиб, пок бўлади”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази юқоридагилардан келиб чиқиб кармин E120 моддаси қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилиш жоиз эканини маълум қилди.

“Лекин ушбу фатволар уламолар томонидан эълон қилинган бўлса-да, замонамиздаги айрим аҳли илмлардан мазкур масалада эҳтиёт йўлини тутишни тавсия этганлари ҳам бор ”, дейилади хабарда.

Кўриб турганимиздек, муаммо ҳатто дин уламолари ва экспертлар ўртасида ҳам баҳслидир, кескин қатъийлашгани йўқ. Бунақа ҳолатларда матбуот қонунчилигимизда жавоб ва раддия ҳақидаги меъёрларп мавжуд, яъни кимдир блогернинг фикрига қўшилмаса, у жавоб ёки раддия бериши мумкин. Бунинг учун бир инсонни “самовий тезликда” қамаб ташлашнинг зарурати инсонни ўйлантиради.

Айтиш лозимки, блогерлик билан шуғулланаётганига кўп бўлмаган Ҳожиакбар Носиров Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган видеолари билан танилган. У кирган дўконида сотилаётган маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ўтганларини топади ва бу ҳақда дўкон раҳбариятини истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилаётгани билан огоҳлантиради. Шу билан бирга у харидорга чек берилиши, маҳсулотларнинг сақланиши умуман олганда савдо сифати бўйича ўз фаолиятини амалга оширади. Мамлакатимизда “Жамоатчилик назорати” тўғрисида қонун бор.

Тезкор ўтган суддан ва расмий ташкилотлардан айнан қайси ишлатилган сўз ёки контенти диний экстремизмга алоқадор эканлигини, қай тарзда бу сўзлардан адоват келиб чиқиши ва “осмон узилиб ерга тушиши”ни исботлаб бериш талаби ҳам муаллақ турибди.

Сўз эркинлиги учун майдон кенгроқ бўлиши, баҳсли фикрлар ҳам айтилиши ва шунинг натижасида ҳақиқат қарор топиши, ҳар айтилган гап учун чўчиб яшамаслик мамлакат тақдири учун муҳимдир.
Энг асосийси ва ҳайратланарлиси, қаршимизда сўз эркинлигини ўз ичига олган янги Конституция учун овоз бериш жараёни турибди.

Карим БАҲРИЕВ

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+