Аввалига иши юришмаган, бугун эса шлакаблок, пенаблок ишлаб чиқараётган Бобуржон
Бобуржон Абдуллаев. У яшайдиган Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган Шўрқақир маҳалласида ҳам ёшлар муаммолари маҳалланинг ёшлар етакчиси орқали ечимини топяпти. 25 ёшли қаҳрамонимиз бундан 3 йил олдин тадбиркорликка қўл урганди. Аввалига Бобуржоннинг ишлари у қадар ривожланиб кетмади. Бизнесини янада кенгайтиш истагида бўлган тадбиркорга маҳалла ёшлар етакчиси кўмак берди. Шундан сўнг шлакаблок ясаладиган манзилда пенаблок ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.
“Ишимизнинг умумий ҳажмини кенгайтирмоқчи бўлдик. Ёшлар етакчиси томонидан таклиф келиб тушди. Улар томонидан 33 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиш таклифини қабул қилдим. Қисқа вақт ичида ўзлари ҳужжатларни расмийлаштириб, кредит чиқариб беришди” дейди ёш тадбиркор Бобуржон Абдуллаев.
Бобуржон кредитнинг маълум бир қисмига пенаблок ишлаб чиқариш дастгоҳини сотиб олган. Бир йилнинг ичида ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириб, бугунги кунда кунига 1 700- 1 800 дона пенаблок ишлаб чиқармоқда.
Имтиёзли кредитни мақсадли йўлда сарфлаган тадбиркор йигитнинг фаолияти шу тариқа кенгайди. Маҳсулотга талаб ортиши билан ишчи кучига бўлган эҳтиёж ҳам кучайди.
Бугун ишчи ўрни яратиб, жамоаси умумий 7 кишини ташкил этади. Ишчиларнинг ойлик маоши ўртача 3 миллион сўм атрофида.
Ёш тадбиркор фақат шу билан чегараланибгина қолмай, келгусида қурилиш материалларини ҳам ишлаб чиқариш истагида.
Маълумот учун: Шўрқақир МФЙ ёшлар етакчиси Саидазим Саидаҳмедов берган маълумотга кўра, маҳаллада 1429 нафар ёшлар истиқомат қилади. Маҳалланинг асосий драйвери эса қишлоқ хўжалигидир.
Маҳаллалардаги ишсиз ёшлар муаммолари хатлов жараёнларида аниқланиб, ечимини топмоқда. Бу эса Бобур сингари тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган ёшлар учун қулай имконият.