Қисқа, аммо ёрқин ҳаёт соҳиби Муҳаммад Юсуфни хотирладик

Агар ҳаёт бўлганида у бугун 69 ёшни қаршиларди
Мақола
26 апрель 2023 йил
Қисқа, аммо ёрқин ҳаёт соҳиби Муҳаммад Юсуфни хотирладик

Муҳаммад Юсуф қалблардан жой олган ижодкор. Унинг ижоди кириб бормаган ўзбек хонадони топилмайди. Шоир лирикаси енгил ва халқона бўлганлиги боис халқ қалбидан жой олган.

Маълумот учун: Муҳаммад Юсуф (асл исм-шарифи Юсупов Муҳаммаджон) 1954 йил 26 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1998-йил Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати лавозимида ҳам фаолият юритган.

Муҳаммад Юсуф ижоди умуминсоний қадриятларни улуғловчи шеърият ҳисобланади. Унинг шеърларида инсониятга алоқадар эзгу хислатлар, савоб амаллар энг баланд пардада куйланади.
Ўзбек шеъриятининг ўта иқтидорли намояндаларидан бири бўлган Муҳаммад Юсуф ижодининг гуллаган палласи ХХ аср охири - ХХI аср бошларига, яъни Ўзбекистон янги мустақиллиги даврига тўғри келади. Унинг қисқа, аммо ёрқин ҳаётини Пушкиннинг Байрон ҳақидаги сўзлари билан изоҳлаш мумкин: “У ўз шеърларида ихтиёрсиз тарзда шеъриятнинг завқу шавқи ила иқрорлик билдирган”.

Ижодининг илк йиллари у китобхонларга ўзининг ўзбек дўпписи ҳақида шеъри билан танилган, кейин узоқ йиллар давомида бу шеър шоирнинг ташриф қоғозига айланган. Унда Муҳаммад Юсуф нима учун ўзбеклар дўппи киймай қўйганидан ҳайратланади.

Муҳаммад Юсуфнинг ҳаётда омади чопган эди: ижодий йўлининг энг аввалида, тақдир уни Эркин Воҳидов билан юзлаштирди, у эса Муҳаммад Юсуфнинг ажойиб иқтидорини сезиб, уни ривожлантиришда ёрдам берди. 

Кейинроқ шоир Абдулла Орипов билан яқинлашади. Бу икки атоқли замондош шоирлар Муҳаммад Юсуфнинг иқтидорини тўғри йўналтиришди, уларнинг ижодида - мавзуларда, тимсолларда, шеър оҳангида ўзаро таъсир ва ўзаро бир-бирини бойитишни пайқаш мумкин.

Муҳаммад Юсуф учун ҳар бир сўз, ҳаётидаги ҳар бир ҳодиса шеърият эди. У гўё, осмонларда қанот қоқаётган қуш каби жуда енгил ва ёрқин ҳаёт кечирган. Аммо шоир ҳаёти жуда эрта узилган. Ижодий палласи парвоз вақти узилган... Шоир 2001 йилнинг 31 июл куни вафот этган.

Муҳаммад Юсуф каби ўта кенг қамровли, ҳиссиётлари ва ўйлари чуқур шоир ўлимини бир нарсагина — ундан мерос қолган ва шубҳасиз, ўзбек шеърияти ривожига самарали таъсир кўрсатувчи шеърларигина юпатади.

Муҳаммад Юсуф ижодидаги “Таниш тераклар” (1985), “Булбулга бир гапим бор” (1987), “Илтижо” (1988), “Уйқудаги қиз” (1989), “Ҳалима энам аллалари” (1989), “Ишқ кемаси” (1990), “Кўнглимда бир ёр” (1991), “Бевафо кўп экан” (1991), “Эрка кийик” (1992), “Осмонимга олиб кетаман” (1998) каби тўпламлардан жой олган шеърларининг садоқатли мухлисларини санаб адоғига етиб бўлмаса керак.

Аббосжон ИМОМОВ тайёрлади
 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+