Гапириш ва эшитишда нуқсони бўлса-да, аммо қўли гул ёш ҳунарманд
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида жойлашган Бобохуросон маҳалласида 1530 та истиқомат қилади. Улардан бири Рўзимуҳаммад Пўлатов. 27 ёшли қаҳрамонимиз II гуруҳ ногирони. Гапиришда ва эшитишда нуқсони бўлган йигитнинг қўлигул. У ҳунармандчилик билан 3 йилдан буён шуғулланиб келади.
Буюмлар ясаб даромад қилишни истаган устага маблағ керак бўлади. Бу жараёнда маҳалланинг ёшлар етакчиси ёрдамини кўрсатган.
Ҳунарманднинг турмуш ўртоғи Ўктамой ҲУСАНБОЕВА турмуш ўртоғига ишларини йўлга қўйиб олиш учун 5 миллион сўмлик субсидия ажратилганини, бу маблағга зарур бўлган ёғочлар, тахта анжомлар олинганини маълум қилди.
Ёш оилага етакчи тавсиясига биноан 10 сотих ер ҳам ажратилган. Унда оила ўзи учун керак бўлган рўзғор маҳсулотларини эккан.
Берилган имтиёзлардан унумли фойдаланишни бошлаган ёш отанинг ойлик даромади 2 миллион сўм. Аммо қаҳрамонимиз фақат шу маблағ билан тўхтаб қолмоқчи эмас. У келажакда ҳунармандлар марказини ташкил қилиб, соҳага қизиққан ишсиз ёшларнинг ҳам бандлигини таъминламоқчи. Бу масалада ҳам ёшлар етакчиси биринчилардан бўлиб ёрдам бериш ниятида.
Турмуш ўртоғининг фаолиятидан руҳланган Ўктамой ёшлар етакчисига "менга ҳам субсидия ажратинг" дея мурожаат қилди.
Мақсад эса келинлар сарпоси учун кўрпа-тўшаклар тикиб сотиш. Ўктамойнинг ҳам мақсади амалга ошиб, самимий, меҳнаткаш ва мақсадлари улкан бўлган ёш оила бугунги кунда берилаётган мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланмоқда.