platina.uz

Қашқадарёдаги тиббиёт марказида 21 нафар чақалоқ вафот этдими?

Ижтимоий тармоқларда ўзини Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи Авазбек деб таништирган фуқаро видеомурожаат билан чиқиб, вилоят перинатал марказида турмуш ўртоғининг кўзи ёриганлиги, аммо шифокорлар фарзандига яхши қарашмаётганлиги, тамагирлик қилишаётганлиги, келганидан буён бу ерда 21 нафар бола вафот этганлигини маълум қилган.
Жамият
29 март 2023 йил
Қашқадарёдаги тиббиёт марказида 21 нафар чақалоқ вафот этдими?

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур мурожаат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, мурожаат муаллифининг турмуш ўртоғи 1997 йилда туғилган Х.Д. 2023 йилнинг 13 мартдан 17 мартгача Тошкент тиббиёт академиясининг туғруқ комплексида ҳомиладор аёллар патологияси бўлимида “Ҳомиладорлик 3, туғруқ 3, 32 ҳафта. Муддатдан олдинги туғруқ хавфи. Ҳомилада туғма юрак нуқсони, қоринчалараро тўсиқ нуқсони”. ташхиси билан даволанган.

Аёл 2023 йил 16 мартда Республика она ва бола скрининг марказида скрининг ультратовуш текширувидан ўтказилган. Текширув натижасига кўра: “Ҳомиладорлик 33 ҳафта, йўлдош етуклиги 1-2 даража, қоғоноқ суви кам ва суви хира, чақалоқнинг киндиги бўйнига 2 марта ўралган”.

Охирги ойларида Х.Д.да доимий оғриқ бўлган, у Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруққа тайёрлаш бўлимида даволанишга ётқизилган ва 2023 йилнинг 23 март куни соат 13:00да йўлланма билан вилоят перинатал марказига “Тез тиббий ёрдам” машинасида олиб келинган. Шу куни соат 21:00 да вилоят перинатал марказида Х.Д.да туғруқ содир бўлган. Чақалоқ жинси қиз, тирик, муддатидан олдин, яъни 33 ҳафта, вазни 2500 грамм, бўйи 45 сантиметр туғилган.

Чақалоққа ССВ томонидан тасдиқланган стандарт протоколлар асосида ёрдам кўрсатилган. Аммо шунга қарамасдан 2023 йилнинг 28 март куни соат 13:15 да гўдакда ўткир юрак ва нафас етишмовчилигидан биологик ўлим қайд этилган. Ўлим сабаби: “Неонатал сепсис. ДВС синдроми. Нафас ва юрак етишмовчилигининг оғир даражаси. Морфофункционал етуксизлик. Муддатидан олдин туғилган чақалоқ”.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мурожаат муаллифига ҳамдардлик изҳор қилган.

Бошқарманинг маълум қилишича, ишчи гуруҳи томонидан мурожаат муаллифи ва вилоят перинатал маркази навбатчи тиббиёт ходимлари иштирокида мазкур ҳолат муҳокама қилинган.

Мурожаат муаллифи даъво қилган тамагирлик билан боғлиқ ҳолатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ўрганилиб, қонуний баҳо берилиши таъкидланган.

“Қайд этиш зарурки, вилоят перинатал марказининг асосий мақсади вилоятда оналар ва гўдаклар ўлими ҳолатларини камайтириш, сифатли ихтисослаштирилган, юқори технологияли ва тиббий хизматни кўрсатиш, эътиборга лойиқ ҳомиладор аёлларга ҳамда муддатига етмай, оғир туғилган чақалоқларга акушерлик ва гинекологик ёрдамни ўз вақтида кўрсатишдан иборат. Айнан шу жиҳати билан у бошқа туғруқ муассасаларидан фарқланади, яъни бу ерга ҳомиладор аёллар одатдаги эмас, муаммоли вазиятларда келтирилади. Муассаса фаолиятига баҳо берилганида бу жиҳат алоҳида ҳисобга олиниши зарур” дея муносабат билдирган вилоят бошқармаси.

Энг муҳими, аниқланишича, мурожаат муаллифи ўз чиқишида келтириб ўтган вилоят перинатал марказига келганидан буён бу ерда 21 нафар гўдак вафот этгани ҳақидаги хабар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Бошқарма ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган бу каби ёлғон маълумотлар аҳоли, шу жумладан, перинатал марказда даволанаётган бемор аёллар ва уларнинг яқинлари орасида нотўғри тасаввур ва тушунчалар ҳамда саросимага олиб келишини қайд этиб, шу боис ҳар қандай вазиятда бу каби ноқонуний ҳаракатлардан тийилишни сўрайди.

Бошқарма тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлади ва бу борадаги ҳеч бир мурожаатни эътибордан четда қолдирмайди, дея эслатмоқда бошқарма.

Вилоят бошқармасининг маълум қилишича, соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатлар бошқарма қошида куну тун ишлаб турган "1103" қисқа рақамли “Сall-марказ”да ҳам қабул қилинмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+