platina.uz

Пенсия ошириляпти, бугун ўзи ким қанча оляпти?

2023 йил 1 апрелдан пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилиши ортидан муҳим маълумотларга эътибор қаратишни лозим топдик. Яъни Янгиланаётган Конституцияда ҳам пенсиялар миқдорларига оид алоҳида норма киритилган бўлиб, унга кўра, пенсиялар миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас! Хўш, бугунги кунда энг кам истеъмол харажатлари қанча?
Жамият
29 март 2023 йил
Пенсия ошириляпти, бугун ўзи ким қанча оляпти?

Маълумот учун:
“Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.

Янги таҳрирдаги Конституция, 46-модда

Хўш, энг кам истеъмол харажати миқдори бугун қанча?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йил учун эълон қилган энг кам истеъмол харажатлар 498 минг сўмни ташкил этган.
Бу миқдор белгиланишига эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги “Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисида”ги 544-сон қарорига асосан 2021 йилда республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асос бўлган.
Бунда, халқаро услубиётдан келиб чиқиб, минимал истеъмол харажатларни ҳисоблашда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.

– Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди, – дея маълум қилган Статистика агентлиги.

Агентлик маълумотларига кўра, дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этган. Аммо 2023 йил учун ҳали миқдорлар маълум қилингани йўқ.

Ўзи бугун қанча пенсионерлар бор ва уларнинг олаётган пенсия миқдори қанча?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маълум қилишича, 2023 йил 1 март ҳолатига кўра, республика бўйича пенсия ва нафақа олаётган шахслар 4 381 318 нафарни ташкил этади. Шундан пенсия олувчилар 3 793 418 нафар бўлиб, 3 143 506 нафар ёшга доир, 421 731 нафар ногиронлик, 228 181 нафар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчилардир.
Республика бўйича ёшга доир пенсияларнинг ўртача миқдори эса 1 081 037,0 сўмни ташкил этмоқда.
Ёшга доир пенсиянинг ўртача миқдори 1 млн. сўмдан паст бўлган ҳудудлар қаторидан эса Андижон – 917 842,8 сўм, Наманган – 918 601,3 сўм, Фарғона – 961 762,3 сўм, Сурхондарё – 977 212,2 сўм, Жиззах – 985 103,9 сўм, Хоразм –997 649,8 сўм жой олган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+