Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз ҳужжатлар қабул қилишни тўхтатади
2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга бўлган шахсларга ишламайдиган оила аъзолари иш стажига эга бўлиши учун ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.

“Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ-355-сон, 28.09.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, пенсия таъминотига оид фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар 2027 йил 1 январга қадар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказилади.
Пенсия таъминотига оид қуйидаги хизматлар фуқаролардан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда кўрсатилади:
- 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий белгиланган ёшдан икки йил аввал ёшга доир пенсия тайинлаш;
- 2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш.
2027 йил 1 январдан “Менинг пенсиям” онлайн хизмати доирасида пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади.
2027 йил 1 январдан Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ҳамда маълумотларни қабул қилиш амалиёти бекор қилинади.
Қуйидаги хизматлар фуқароларнинг хоҳишига кўра, интерактив шаклда кўрсатилади:
- 2026 йил 1 ноябрдан меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда банд бўлган ҳамда бошқа умумий белгиланган ёшни қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд шахсларга имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш;
- 2026 йил 1 декабрдан Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилиш;
- 2027 йил 1 январдан пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш ва тўхтатиб турилган пенсия тўловларини тиклаш.
2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида фаолиятни амалга оширувчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган миқдордаги ижтимоий солиқ тўлаганда, уларга бир йил иш стажи автоматик ҳисобланади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга бўлган шахсларга ишламайдиган оила аъзолари иш стажига эга бўлиши учун ҳар ойда ихтиёрий равишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.




