“Опен бюджет” кампаниясида болалардан фойдаланишни оқлаб бўлмайди – Тошкент вилояти ҳокимлиги
Видеода Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, Байгули МФЙ, 17 мактаб ўқувчилари дарс ўтмай уйларига сим карта учун 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача пул олиб келиш учун ўз хонадонларига жўнатилгани акс этган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳолатни қоралаб, ўрганиш ишлари бошланганини билдирди.
Беҳзод КАБУЛОВ, вилоят ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси:
Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, “Байгули” МФЙдаги 17-мактаб ўқувчилари дарсга киритилмай, сим карта сотиб олиш учун 10 минг сўмдан 20 минг сўмгачам пул олиб келиш учун ўз хонадонларига жўнатилаётганига оид видеолар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Бугунги кунда кенг оммалашиб, халқ овозига айланиб бораётган “Опен бюджет” кампаниясини бундай талқин қилиш, болалардан фойдаланишни оқлаб бўлмайди.
Вазият вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков томонидан назоратга олинди ва ўрганиш бошланди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги яқин соатларда ҳолат бўйича батафсил ва асослантирилган ахборот беради.
Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилдаги 1-мавсуми доирасида ташаббусларга овоз бериш жараёни 18 мартдан бошланган ва 7 апрелгача давом этади.
Овоз йиғиш жараёнидаги ҳолатлар кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти.