Саудия Арабистонида ЙТҲга учраган автобусда ўзбекистонлик зиёратчилар мавжуд эмас — Мусулмонлар идораси
Ушбу машъум ҳодиса оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, 29 киши тан жароҳати олган.
Жаҳон
28 март 2023 йил
2023 йил 28 март куни Саудия Арабистонида Умра зиёратчилари кетаётган автобус ҳалокатга учрагани тўғрисидаги хабар тарқалди.
Маълум бўлишича, шу йил 27 март куни яманлик йўловчилар бўлган автобус Саудия Арабистонининг Абҳа шаҳридаги кўприкдан ўтаётган вақтда тормоз тизимидаги носозлик сабабли енгил автомобил билан тўқнашиб ёниб кетган. Ушбу машъум ҳодиса оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, 29 киши тан жароҳати олган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси маълум қилишича, Саудия Арабистонидаги мутасаддилардан олинган маълумотга кўра, ушбу автобусда ўзбекистонлик зиёратчилар мавжуд бўлмаган.
"Аллоҳ таоло ушбу талофатда вафот этганларни Ўз раҳматига олсин, жароҳат олганларга тезроқ шифои комил берсин", - дейилади хабарда.