platina.uz
Жамият

Тошкент, Жиззах ва Андижонда ноқонуний ер сотмоқчи бўлганлар ушланди

ДХХ тезкор тадбир ўтказиб, Тошкент вилоятида жами 420 гектар, Жиззахда 50 гектар ва Андижонда 144 квадрат метр ерни ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент, Жиззах ва Андижонда ноқонуний ер сотмоқчи бўлганлар ушланди

ДХХ томонидан ер майдонларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш чора тадбирлари ўтказилди.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ раҳбари ҳамда унинг отаси, шунингдек, Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ўзаро келишган ҳолда, Оҳангарон туманида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли 270 гектар ва унга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 150 гектар, жами 420 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 700 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур 3 нафар фуқаро сўралган пулдан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтларида ушланди.

Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштиришга ихтисослашган МЧЖ раҳбари мазкур туманда жойлашган бошқа 2 та МЧЖга қарашли 50 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, харидорга 60 минг АҚШ долларига сотишни режалаштиради.

Шунингдек, ушбу 50 гектар ердан 30 сотихини вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси ёрдамида нотурар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига қўшимча 4 минг АҚШ доллари сўрайди.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси харидордан 64 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Андижон вилоятида қайд этилган ҳолатда Олтинкўл туманида яшовчи, 1991 й.т. фуқаро туман ҳокимлиги захирасида бўлган 144 квадрат метр бўш ер майдонини алдов йўли билан гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid