Ҳар тўкисда бир айб бўлиши шартми?
Айрим автоҳалокатларга сабаб бўлаётган “гармошка”, “яма” йўлларимиз ва “миллий” таъмир ҳақида...
Мана, қаҳратон ва аномал совуқларни ортда қолдириб, сабримизни синалган кунлардан баҳорга ҳам етиб келдик. Атроф-муҳит гўзаллик бурканиб, байрамлар байрамларга уланиб одамлар хушкайфиятда баҳорни қарши олишди. Аммо ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, ана шу қувончларга соя солаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Масалан, йўллардаги “ўйдим-чуқур”ликлар киши табини хира қилмоқда. Республиканинг чекка ҳудудларини қўя туринг, пойтахтда ҳам бундай вазиятга тўқнаш келаётганимиз бироз ўйга толдиради.
Баҳорнинг илк кунларида ёққан ёмғирлар кўчаларимизни чуқурчалар-у, чуқурларга тўлди. Бу ҳайдовчилар учун қийинчилик туғдиради ва уларни асабийлаштириши ҳам тайин. Транспорт воситаларининг техник ҳолати эса ёмонлашиб бораверади. Энг ачинарлиси айрим автоҳалокатлар эса айнан “яма”лар сабабли содир бўлади. Бу орада эса йўлни таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилади, албатта. Кейин эса яна ёғингарчилик бўлади ва жараён яна такрорланаверади. Ҳозир Тошкент шаҳрининг Бешқайрағоч кўчасидан фоторепортажни сизга тақдим этамиз. Бу сизга вазиятни янада аниқроқ тушунишга ёрдам беради.
Кўчанинг айрим қисмларида йўл белгилари ҳам қўйилмаган экан.
“Яма”лар борган сари катталашиб бормоқда. Чуқурликда ажралиб қолган асфалт бўлакларини кўриш мумкин.
Кўчанинг ҳар икки томонида ҳам ўртасидан ёриқлар ўтган. Катта эҳтимол билан вақт ўтиб бу ёриқлар “яма”ларга айланиши мумкин.
Ҳайдовчилар тилида “гармошка” деб аталувчи жойлардан эса хавфсиз ўтишнинг иложи йўқ.
Якунига етмаган таъмирлаш ишлари эса тезроқ якунига етади, деган умиддамиз. Акс ҳолда бу сунъий хавф вазифасини бажараверади.
Айрим қисмларидаги равонлик таъмирлашда яхши натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Аммо бунинг тескарисини ҳам кўриш мумкин. Натижада яқинда ямалган жойни қайта таъмирлаш зарурияти пайдо бўлади.
Баъзи жойларда эса “яма”лар дўнгликчаларга айланиб қолган. Ҳар иккаласи ҳам ҳайдовчиларга ноқулайликлар туғдириши тайин.
Таъмирлашнинг яна бир “миллий” усулида чуқурлик шунчаки шағал билан тўлдирилган. Бу усулнинг самарасизлигини расмда кўриш ва автотранспортда “Бешқайрағоч”дан ўтиш орқали билишингиз ва танангизда ҳис қилишингиз мумкин.
Натижада кўча четларида шағал ва асфальт бўлакчалари йиғилиб қолган.
Мазкур ҳолатлар Бешқайрағоч кўчасининг бошидан охиригача давом этади. Унда яна хавф даражаси юқори бўлган “яма”лар ҳам учрайди. Умуман олганда, кўча умумий ва сифатли таъмирга муҳтож.
Аввалроқ эса 584 млрд сўм ажратиладиган йўлларнинг аҳволи нега абгорлигига MY5 телеканалининг “Марказий студия” дастури ҳам эътибор қаратганди. Дастур йўлларимиз абгор ҳолатга келса ҳам, таъмирталаб бўлса ҳам негадир “Ўзйўлинспекция” ва Автомобил йўллари қўмитаси бу ишга панжа ортидан қарашини урғулаган. Platina.uz ҳам айни шу масалада “Марказий студия” дастури билан ҳамфикр ва тегишли инспекция масъуллари тилга киришига умид қилиб қолади. Акс ҳолда ҳуқуқшунос ва жамоатчилик фаоли Камолиддин БАҲОВИДДИНОВнинг йўл инфратузилмасидаги муаммолар ва мавжуд чуқурлар гўёки кимларгадир керак туюлиши ҳақидаги фикрларига ишонишга мажбур бўлади.
Бобур ШАВКАТОВ