platina.uz
Жамият

Хайрли ташаббусга нафас ростламай коррупция тўр ташладими?

Мактабларда 1–4-синфлар ўқувчиларини бепул тушлик кейтеринг усулида йўлга қўйилиши керак. Бу жараённинг доимий мониторинги тегишли вазирлик зиммасида, етказиб берилган таомлар учун эса махсус комиссия масъул. Шундай экан, айб кимда?
Хайрли ташаббусга нафас ростламай коррупция тўр ташладими?

Президент 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу фармонда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилиши белгиланди.

2021 йил 21 сентябрда эса президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Қорақалпоғистонда 1-4-бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилиб, бунинг учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилиши айтилган эди. Ушбу ташаббус ортидан Вазирлар Маҳкамасининг 472-сонли қарори имзоланди. Қарорда 2022 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети параметрларида мазкур ҳудудлардаги бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш учун 100 миллиард сўмдан, жами 200 миллиард сўм ажратилганлиги, тажриба-синов доирасида 2021/2022 ўқув йили якунига қадар бепул овқатлантиришни ташкил этиш учун тегишли маҳаллий бюджетларда назарда тутилган маблағлардан Халқ таълими вазирлигига 100,6 миллиард сўм йўналтирилгани маълум қилинганди.

Ушбу ташаббус хурсандчилик билан қабул қилиниш қаторида айрим хавотирли саволларни ҳам юзага чиқарганди. Яъни барча мактаб ошхоналарида ҳам сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмаслиги, ҳамма ўқувчининг ҳам моддий имконияти етишмаслиги инобатга олинса, бу жуда яхши иш, албатта. Аммо бу тажриба синов ўзини оқлайдими? Ҳамма соҳаларга аралашгани каби коррупция бу соҳага ҳам тўрини ташламайдими? Болалар сифатли ва соғлигига зарарсиз бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланадими? Афсуски, Қорақалпоғистон ва Хоразм тажрибасини кузатиб, бу саволларимизга жавоб топгандай бўлдик…

Ўқувчи учун тушлик – чириган олма

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ахборот хизматининг хабарига кўра айрим мактабларда ўқувчиларга санитария эпидемиология бўлими ходимлари томонидан чириб кетган олма ва қўнғиз босган ширинлик каби сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани аниқланди. Суратларда ёзилган “Болам тошдай қотган печеньесини уйга олиб келибди. Бу нарсаларни болага едириб бўлармиди, увол бўлмасин деб товуқларга бердик”, “Инсофсизлар, болага қуртлаган олма, сичқон еган ширинликлар беришган. Ўз болаларига ҳам шуни едиришармикан-а?” каби изоҳлардан ҳам вазият қай даражада эканлигини билиб олдик.

Жўқорғи Кенгес раиси топшириғи билан мактабларда “бепул нонушта” қандай йўлга қўйилганини Кегейли тумани мисолида ўрганилганда ҳам болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатсиз ёки яроқсиз экани, мактабларда оддий ичимлик суви ёки иссиқ чой тайёрлашга имкон йўқлигини кўрсатган.

Сифатсиз маҳсулотлар учун ким жавобгар?

Вазирлар Маҳкамасининг 472-қарорига илова қилинган низомда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги мактабларда 1–4-синфлар ўқувчиларини кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш тизимини ташкил этиш тартиби белгиланган.

Кейтеринг тизими хориж тажрибаси бўлиб, ҳудудларда овқатланишни шартнома асосида ташкил этиш, овқатларни тайёрлаш, етказиб бериш ва тайёр пазандачилик маҳсулотларининг чакана савдосини амалга ошириш хизматларини кўрсатади. Низомда белгиланганидек буюртмачи – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги. Буюртмачи ўқувчиларни овқатлантиришни кейтеринг усулида ташкил этишда қуйидагиларга риоя қилиши шарт: кейтеринг ташкилотини қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ танлаб олиш, улар томонидан амалга ошириладиган хизматлар сифати юқори даражада сақлаб қолинишини талаб қилиш...

5-бандда эса кейтеринг ташкилоти ходимлари мактабнинг тегишли ҳудудига олдиндан тақдим этилган ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида белгиланган тартибда киради ҳамда мактаб биносида ҳаракатланади, дейилган.

Вазирлик кейтеринг ташкилоти фаолияти устидан доимий мониторинг олиб боради, деган банд ҳам бор. Кейтеринг ташкилоти таомларни ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тартибда тасдиқланган таомнома асосида тайёрлайди ва ўқувчиларга етказиб бериш чораларини кўради – тайёр таомларни қадоқланган, бир марта ишлатиладиган қутиларда совиткич мосламаси ўрнатилган махсус автотранспорт воситаларида мактабларга етказади. Етказиб берилган таомлар таркиби ва сифати устидан доимий назоратни таъминлаш мақсадида ҳар бир мактабда 5 нафар (мактаб директори, ҳамшира ва ота-оналар вакиллари) аъзодан иборат таркибда махсус комиссия тузилади.

Кейтеринг ташкилотлари: улар харид қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар сифатлилигидан тортиб фойдаланиладиган технологик жиҳозлар санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативларига мослигига, таом тайёрлаш технологияси қоидаларига риоя қилишдан тортиб ошпазларнинг ҳар беш йилда малака ошириши, ошпазларнинг тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ишга қўйилиши учун жавобгар ҳисобланади.

Қоғозларда ҳаммаси чиройли

Низомга кўра, етказиб берилган таомлар 5 нафар махсус комиссиядан ўтиб, кейин болаларга берилиши керак экан. Шунда чириган ва қуртлаган олмалар, тош қотган ва сичқон еган ширинликлар қаердан келиб қолди? Бу вазиятда 5 нафар махсус комиссия аъзолари кўзини чирт юмиб, бу маҳсулотларни ўтказиб юборишдими ёки уларнинг кўзларида ҳақиқатда ҳам муаммо борми?

Сўровларимиз натижасида шуни аниқладикки, мактабларга тарқатилаётган мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари махсус автомашиналарда эмас, йўловчи ташиш транспортида етказиб берилмоқда.

Низомда айтилган бир марталик идишлар, иссиқ овқатлардан эса дарак йўқ. Хўш, бундай вазиятда буюртмачилар низомда кўрсатилганидек кейтеринг тизими шартларидан хабардор эмасми? Унда савол туғилади: чириган олма-ю, сичқон еган ширинликлар учун ким жавобгар?

Бундай муаммо Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ҳудудидаги бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш тизими жойларга чиқиб, айрим мактаблар мисолида ўрганилганда ҳам аниқланган. Маълум қилинишича, озиқ-овқатлар етказиб берилиш жараёнида айрим бефарқликларга йўл қўйилган.

Қандай бир хайрли, халққа манфаатли иш бошланса, зум ўтмай орқасидан албатта миси чиқади. Қорақалпоғистон ва Хоразмда татбиқ этилган ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратиладиган бўлди. Болаларга фойдали бўлган тажрибаларни ишлаб чиқар эканмиз, бир чеккада ўтмай қолган маҳсулотларини ўтказиш тажрибаларини ўйлаб қўяётганлар ҳам асло йўқ эмас. Шундай экан, бу қарор ҳақида чуқурроқ ўйлаб, назоратни янада қаттиқроқ ўрнатиш лозим. Акс ҳолда ушбу “бепул нонушта”га ажратилган триллионларни тамшаниб кутиб турганларнинг иштаҳаси янада очилиб кетиши турган гап.

Шаҳруза САЪДУЛЛО қизи

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid