platina.uz
Спорт

Самарқандда Халқаро шахмат федерацияси раҳбарлигига сайлов бўлиб ўтади

FIDE президенти Аркадий Дворкович жорий йилнинг июл ойида Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан санкциялар жорий этилганидан сўнг ўз ваколатларини бажаришни вақтинча тўхтатганди. 

Самарқандда Халқаро шахмат федерацияси раҳбарлигига сайлов бўлиб ўтади

26–27 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти сайлови бўлиб ўтади.

Овоз бериш жараёни дунёнинг 200 га яқин миллий шахмат федерациялари вакилларини жамлайдиган ташкилот Бош ассамблеяси доирасида ўтказилади.

Ушбу сайлов навбатдаги FIDE Конгрессининг асосий воқеаларидан бири бўлиб, 15–27 сентябр кунлари Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда бўлиб ўтади. Қадимий шаҳар икки ҳафта давомида минглаб спортчилар, расмий шахслар ва миллий федерациялар вакилларини бирлаштириб, жаҳон шахмат пойтахтига айланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан бери федерацияга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2022 йилда қайта сайланган FIDE президенти Аркадий Дворкович жорий йилнинг июл ойида Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан санкциялар жорий этилганидан сўнг ўз ваколатларини бажаришни вақтинча тўхтатган эди. Президент вазифасини бажариш FIDE раҳбари ўринбосари, беш карра жаҳон чемпиони, таниқли ҳиндистонлик шахматчи Вишванатан Ананд зиммасига юклатилди.

Айни вақтда сайловда иштирок этиш учун уч нафар номзод рўйхатга олинган. Президентлик лавозими учун Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов (вице-президентликка номзод – Вишванатан Ананд), германиялик тадбиркор Ян Хенрик Бюттнер (британиялик шахмат арбоби Малкольм Пейн) ва Германиянинг “WR Chess” шахмат жамоаси асосчиси Вадим Розенштейн (сингапурлик тадбиркор Гордон Тан) кураш олиб боради.

FIDE низомига кўра, президентни миллий шахмат федерацияларидан ташкил топган Бош ассамблея сайлайди. Ҳар бир федерация мамлакат аҳолиси сони ёки шахматнинг ривожланиш даражасидан қатъий назар, битта овозга эга бўлади. Овоз бериш яширин тарзда ўтказилади ва энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб деб топилади.

FIDE президенти сайловининг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда Самарқандда ўтказилиши 2026 йилги жаҳон шахмат ҳамжамияти тақвимидаги энг муҳим воқеалардан бирига айланади.

Икки кун давомида 200 нафарга яқин миллий федерация вакиллари халқаро шахмат ҳаракатининг келгуси тараққиёти ўзига боғлиқ бўлган ташкилот раҳбариятини аниқлаб олади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid