platina.uz
Сиёсат

Президент “Ҳисорак” сув омборига борди

У ерда қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этувчи кичик ГЭС қурилган.

Президент “Ҳисорак” сув омборига борди

Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.

Ҳисорак сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий Ҳисорак ГЭС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.

Ҳисорак кичик ГЭСининг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. ГЭС фаолияти натижасида йилига ўртача 5 миллион метр куб табиий газ тежалади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.

Яна бир муҳим лойиҳалардан бири – келгуси икки йил ичида умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микроГЭС қуриш. Бу микроГЭСлар ариқ ва каналлардаги сув оқимидан самарали энергия ишлаб чиқариш имконини беради.

Маълумот ўрнида, вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган. Сўнгги 8 йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Жорий йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, роппа-роса 1 йил олдин ушбу сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилганди.

Platina.uz сайти мухбири воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганган эди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid