Қашқадарёда 3 ёшли қиз ўгай онаси калтаклашидан сўнг вафот этди
Айбланувчи ҳозирда процессуал тарзда ушланган. У 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қашқадарёда 3 ёшли қиз ўгай онаси калтаклаши оқибатида вафот этди.
Болалар омбудсмани маълумотига кўра, Касби туманида аёл турмуш ўртоғи билан низолашиб, 2022 йилда туғилган қизчани урган. Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Аниқланишича, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Касби туманида яшовчи фуқаро И.С. (1994 йилда туғилган аёл) турмуш ўртоғи Н.А (1988 йилда туғилган эркак) билан ўзаро низолашиб, унинг вояга етмаган фарзанди О.Ш.ни (2022 йилда туғилган қиз бола) урганлиги оқибатида бола бош қисмидан жиддий жароҳатланган.
Бунинг натижасида боланинг соғлиғи кескин ёмонлашиб, шу куннинг ўзида у вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 27 сентябрь куни туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Жкнинг 126-моддаси (оилавий зўравонлик), 8-қисми, “г” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
И.С. ЖПКнинг 221-моддасига асосан гумонланувчи тариқасида процессуал тарзда ушланган.
(ЖКда ушбу жиноят учун 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган)
Болалар омбудсмани болаға қарши содир этилган мазкур жиноят иши юритуви устидан ўз кузатувини давом эттиради. Ҳолат юзасидан қўшимча тарзда ахборот тақдим этилади.
Маълумот учун: 2 октябрь куни Сенат томонидан маъқулланган Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид Қонунга кўра, боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга йўл қўйилмайди.




