"Андишанинг отини қўрқоқ қўйишяптими?" — Минҳожиддин Мирзо
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Россия ТИВ вакилидан узр сўрашни талаб қилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Россия ТИВ вакили Мария Захаровага жавоб қайтарди.
"Россия ташқи Ишлар вазирлиги вакили Захарова Тошкент мактабларидан биридаги воқеа бўйича тушунтириш сўрабди.
Бу ҳаёт, гоҳида тушунмовчиликлар оқибатида айрим шахслар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши мумкин. Қонун бор, тартиб-интизом бор. Керакли чоралар албатта кўрилади. Ўзбекистон ўзининг муаммоларини ўзи ҳал қилади. Айбдор жазосини олади. Бу алоҳида масала.
Мени ҳайрон қолдиргани, мактаб Ўзбекистонда, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси. Нега мустақил бир давлатда бўлган бир ҳолат учун Москвага тушунтириш берилиши керак?!
Нима, улар ҳалигача Ўзбекистонни ҳам ўзининг губернияси деб ҳисобламоқдами ё андишанинг отини қўрқоқ деб ўйлашяптими? Бир неча расмий, норасмий шахслари суверенитетимизни шубҳага олди, тарихимизни камситди, вазмин муносабат билдирдик. Мигрантларни билган кўйига соляпти. Индамаган сайин борган сари ҳаддидан ошишяпти" дея ёзади Минҳожиддин Мирзо.
Мулозим муносабати якунида Захарова узр сўрашни ва Россия ТИВда мазкур ҳаракати учун тушунтириш талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввал Қонунчилик палатаси спикери Алишер Қодиров ҳам Россияни "ўз муаммолари билан шуғулланишга" чақирганди.