platina.uz
Жамият

Жиззахдаги фитнесс-клубда яширин дори цехи аниқланди

Мазкур цехда турли хил дори воситаларини қўлбола усулда қадоқлаш, тақсимлаш ва сотувга тайёрлаш билан шуғулланиб келинган. 

Жиззахдаги фитнесс-клубда яширин дори цехи аниқланди

Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ноқонуний дори воситалари савдосига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда 1993 й.т. 2 нафар фуқаро тегишли ҳужжатлари бўлмаган 400 дона “MISOPROSTOL” таблеткалари, 139 дона капсулалар, 2 дона бальзам ва уларни қадоқлаш учун мўжалланган 26 дона қутиларни 5 000 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тезкор тадбир давомида Жиззах шаҳрида жойлашган аёллар фитнесс-клуби ҳам кўздан кечирилиб, у ерда қўлга олинганлар томонидан ташкил қилинган яширин цех аниқланди. Мазкур цехда ушбу шахслар турли хил дори воситаларини қўлбола усулда қадоқлаш, тақсимлаш ва сотувга тайёрлаш билан шуғулланиб келишган.

Натижада, 1 дона қадоқлаш ускунаси, сотувга тайёрланган жами 141 дона капсулалар, 1 040 дона хитой ва инглиз тилида ёзилган сохта галограммалар, 237 дона сохта штрих кодлар, 1 014 дона бўш капсулалар, турли хилдаги қути ва пакетлар процессуал тартибда расмийлаштирилди.

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1998 й.т., фармацевтика маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ менеджери Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган ҳамда таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган жами 9800 дона дори воситаларини шартли харидорга 25 млн. сўмга сотган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid