platina.uz

Қурилиш корхонасининг хатоси фуқарога қимматга тушди

Мижоз уйини 150 млн сўмга таъмирлагач, хонадоннинг ҳақиқий эгаси келиб уни бўшатишни сўраган. 

Жамият
17 соат аввал
Қурилиш корхонасининг хатоси фуқарога қимматга тушди

Рақобат қўмитаси бошқармаларига аҳолидан янги қурилаётган кўп квартирали уй-жойларни шартномага номувофиқ ҳолда таъмирланмаганлиги ёки белгиланган муддатда топширилмаётганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Хусусан, мурожаатлардан бирида фуқаро В.А. “SHOXJAHON DENTA” МЧЖ қурилиш корхонаси билан шартнома асосида Урганч тумани, “Оқ ариқлар” маҳалласида жойлашган 59-уй, 19-хонадонни нотариус орқали олди-сотди шартномаси билан сотиб олгани, аммо бугунги кунда муаммога дуч келаётгани юзасидан амалий ёрдам сўраган.

Рақобат қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишларда одатдан ташқари ҳолатга дуч келинди: Қурувчи ташкилот ходими томонидан фуқарога мазкур уйнинг 19-хонадони ўрнига адашиб, 18-хонадони кўрсатилиб, унинг калити топширилган.

Фуқаро эса бундан хабари бўлмай, хонадонни 150 000 000 сўм маблағ сарфлаб таъмирлатган, сўнг унга кўчиб ўтган.

Бироз вақт ўтгач, 18-хонадоннинг ҳақиқий эгаси келиб, уйни бўшатишни талаб қилган ва унга тегишли ҳужжатларни кўрсатган. Улар орасида уйни алмаштириш ёки таъмир учун сарфланган маблағни тўлаб бериш ҳақида келишувга эришилмаган.

Ўрганишлар давомида қурилиш корхонаси томонидан ушбу ҳолатда катта масъулиятсизликка йўл қўйилгани жиддий оқибатларга олиб келгани маълум бўлди. Яъни янги қурилаётган уйларни сотишда харидорлар билан тўғри ва аниқ алоқа ўрнатилмаган, кимга қайси хонадон ажратилганлиги ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган, бундай хатоликларнинг олдини олиш ёки йўл қўймаслик чоралари кўрилмаган.

Мурожаатни ўрганиш натижасида истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилиб, ҳуқуқлари ҳимоя қилинди. “SHOXJAHON DENTA” МЧЖ томонидан 19-хонадон тўлиқ таъмирлаб берилиши таъминланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+