platina.uz
Иқтисод

Президент Наманганда қурилаётган аэропорт ва бошқа манзилларга борди

3 қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Чустдаги газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам кўздан кечирилди. 

Президент Наманганда қурилаётган аэропорт ва бошқа манзилларга борди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 16 сентябр куни Наманган вилоятига келди.

Ҳудуддаги бунёдкорлик суръати шаҳар дарвозаси – аэропортданоқ кўзга ташланади. Бу ерда 140 миллион доллар инвестиция ҳисобига янги терминаллар барпо этилмоқда.

Давлат раҳбарининг вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида ушбу лойиҳа тақдимот қилинган эди. Бугунги кунда қурилиш ишлари кетмоқда.

Ҳозирги аэропорт туристлар оқимига кичиклик қилаяпти. 3 қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси, Duty free дўконлари замонавий ташкил этилади.

Шунингдек, аэропортда улкан юк терминали қурилмоқда. У кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Энг муҳими, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади. Ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади.

Масалан, бу йил Наманган вилоятига 1,5 миллион хорижий ва 2 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилган. Андижон ва Фарғона вилоятлари экспорти ҳам ошиб боряпти.

Аэропортда махсус сервис техникалари ҳам янгиланади. Бу турли ҳажмдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари қурилади. Янги терминаллар келгуси йил ишга туширилиши кўзда тутилган.

Давлат раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани унга мутаносиб ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Дунёнинг илғор тажрибасидаги каби, аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, барча замонавий хизматлар бўлиши зарурлиги таъкидланди. Автотураргоҳ ва сервис объектлари ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Шавкат Мирзиёев Чуст туманидаги “Мегатон” корхонасининг газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуасида ҳам бўлди.

Аҳоли сони ўсиб, урбанизация кенгайиб бораётгани сифатли қурилиш материалларига талабни йилдан йилга оширяпти. Мамлакатимизда қурилиш материаллари тармоғи шунга монанд жадал ривожлантирилмоқда. Замонавий технологиялар олиб келиниб, юқори самарадор маҳсулотлар ўзлаштирилмоқда.

“Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, "Туронбанк" томонидан молиялаштирилган газоблок корхонаси шулардан бири. 40 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Хитой, Германия, Дания каби давлатлардан инновацион технологиялар келтириб ўрнатилган. Шу боис, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва самарадорлиги юқори.

Масалан, Германия технологияси энергия тежамкорликни таъминлайди. Бундай газоблокдан қурилган бинони ташқи изоляция қилиш шарт бўлмайди, ичкаридаги иссиқлик ва салқинлик тўрт карра кам йўқотилади. Натижада электр энергияси харажати 45 фоизгача қисқаради.

Ишлаб чиқаришда “Мегатон” корхонасига қарашли “Наманган цемент”нинг 550 маркали цементидан фойдаланилади. Бу орқали қўшилган қиймат занжири яратилган. Корхонада 500 та янги иш ўрни очилган.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни, лаборатория ва маҳсулотларни кўздан кечирди. Мутасаддилар маҳсулот сифати, иссиқ ва совуққа чидамлилиги ҳақида маълумот берди.

– Қурилиш саноатимиз замон талабига мослашиб, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани яхши, – деди давлатимиз раҳбари. – Бундай инновацион технологияларни импорт улуши юқори бўлган бошқа тармоқларда ҳам қўллаш керак. Шунда бозорда рақобат, харидорларда танлов бўлиб, жойларда иш ўрни кўпаяди. Бунинг учун изланувчан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Мазкур корхонада йилига 600 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу вилоятда ғиштга бўлган эҳтиёжнинг 28 фоизини қоплаши кутилмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида автоклав газоблок девори, махсус клей, кимёвий қоришма ва сувоқларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган туманида барпо этилган “Тараққиёт” саноат ва сервис зонасидаги лойиҳалар билан танишди.

Мамлакатимизда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда технопарк ва кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Наманган вилоятида бугунги кунда 1,5 минг гектар майдонда 73 та саноат зонаси бор.

Бунинг натижалари Янги Наманган туманидаги Соҳил маҳалласида ҳам яққол намоён. Илгари тадбиркор ва ҳунармандлар ўз уйларида чекланган шароитда ишлаган бўлса, эндиликда замонавий инфратузилмага эга яхлит мажмуада фаолият юритмоқда.

“Ғиждувон тажрибаси” асосида 10 гектар майдонда ташкил этилган ушбу зонада 113 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг барқарор ишлаши учун бюджет ҳисобидан электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, ички йўллар каби зарур инфратузилма барпо этилган.

Натижада йилига 500 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қуввати вужудга келди, 4 минг 800 та янги иш ўрни яратилди. Ёндош маҳаллалардан 170 нафар тадбиркор жалб этилгани, 350 дан зиёд хонадонда кооперация асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани аҳолининг иқтисодий фаоллигини янада оширмоқда.

Яна бир муҳим томони, бу ердаги тайёр ускуна ва амалиётдан фойдаланиб, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга қайта ўқитиш имконияти бор. Бу ишсизлик ва камбағалликни камайтириб, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари автомобилларга техник хизмат кўрсатувчи сервис марказлари ишини кўздан кечирди, усталар билан суҳбатлашди.

– Мамлакатимизда янги-янги автомобил заводлари ишга тушириляпти. Одамларнинг даромади ошиб, машиналар кўпайяпти. Лекин сервис бўйича ҳали имконият кўп. Масалан, чет эл автомобилларига хизмат кўрсатиш етарли даражада эмас. Буни тизимли йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлиги ва хизмат сифатини таъминлаш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, бундай сервис марказларини бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, малакали усталарни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент саноат зонасида ишлаб чиқарилаётган мебеллар кўргазмаси билан ҳам танишди. Маҳаллий саноатни ривожлантириб, тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг тажриба орттириб, иш топишига кўмаклашиш вазифалари қўйилди.

Бундай мажмуаларда инсонни қадрлаш бўйича ҳам замонавий ёндашувлар бўлиши кераклиги таъкидланди. Ёнғин хавфсизлиги ва техник хавфсизликни таъминлаш, меҳнат билан бирга ходимларнинг дам олиши учун ҳам қулайликлар яратиш муҳимлиги айтилди.

Шу ерда Наманган вилоятида шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши йўналишида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу ишлар аҳоли учун замонавий яшаш шароитларини таъминлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid