"Uzbekistan airports" буюртмачилигида жами 6,8 млрд сўмлик қонунга зид харидлар аниқланди
Ушбу маблағ боди-камераларни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматини кўрсатишга сарфланиши керак бўлган.

6,8 млрд сўмлик давлат хариди қонунчиликка зид тарзда ўтказилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Агентлик томонидан 6,8 млрд сўмлик давлат харидида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда ҳаракат қилингани аниқланди.
“Uzbekistan airports” АЖ буюртмачилигида жами 6,8 млрд. сўмлик “боди-камераларни етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматини кўрсатиш” юзасидан ўтказилган давлат харидида қатор қонунбузилиш ҳолатлари содир этилгани маълум бўлди.
Ўрганиш давомида ушбу танловда иштирокчилар учун танлов ҳужжатларида акс этган талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани, шунингдек ўзаро аффилланган шахслар (яъни ўзаро боғлиқлик ва манфаатдорлик) иштирок этганганлиги ва баҳолаш жараёнида қатор хатоликларга йўл қўйилгани тасдиқланди.
Қайд этилган ҳолат юзасидан Агентликнинг тақдимномаси асосида харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, ноқонуний давлат харидининг олди олинди.
Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Давлат харидлари ва қонунбузилишлари
Аввалроқ 11 млрд сўмдан ошиқ қонунга зид давлат харидлари аниқлангани хабар берилганди.
Жумладан, Бухоро тиббиёт институтининг 8,6 млрд сўмлик буюртмасида рақобатни сунъий равишда чекловчи шартлар киритилгани маълум бўлган. Ушбу жараёнларда тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга юборилган.