platina.uz

2,5 млрд. сўмга яқин давлат харидлари бекор қилинди

Харидлар бўйича  айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилган.

Давлат харидлари
20 февраль, 19:02
2,5 млрд. сўмга яқин давлат харидлари бекор қилинди

Аксилкоррупция агентлиги хабарига кўра, 2,5 млрд. сўмга яқин давлат харидлари бекор қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масофавий мониторинг тартибидаги ўрганишларида қуйидаги давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидларида қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди:

- Ховос туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида жорий йилнинг 10 январ куни юк ташиш хизматини кўрсатиш бўйича ўтказилган 700,0 млн сўмлик давлат хариди;

- Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази буюртмачилигида аутсорсинг хизмати кўрсатиш бўйича ўтказилган 174,0 млн сўмлик давлат хариди ;

- Тошкент вилояти ихтсослаштирилган соматика шифохонаси буюртмачилигида қурилиш маҳсулотлари харид қилиш бўйича ўтказилган 1,5 млрд сўмлик давлат хариди.

Ушбу давлат харидларида қатнашган тадбиркорларнинг ҳужжатлари харид комиссияси раиси ва аъзолари фойдаланган қурилма (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.

Натижада “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомнинг бир қатор талаблари бузилишига йўл қўйилган.

Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга агентликнинг тақдимномалари киритилди ва тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди, дейилади хабарда.

Агентликнинг тақдимномаларига биноан юқоридаги давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилиниб, айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+