Қирғизистонда юз берган ёнғинда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Бахтсиз ҳодиса Манас шаҳрида қурилаётган бинода юз берган. Омон қолган бир нафар жабрланувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси саналади.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Манас шаҳрида қурилаётган бинода содир бўлган ёнғинда икки Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.
Ёнғин 22 ноябрь куни тахминан соат 20:38 да шаҳарнинг бир қисми бўлган Интимоқ қишлоғида қурилаётган бинода содир бўлган. Ёнғинни ўчириш учун учта ўт ўчириш гуруҳи жалб қилинган. Ёнғин соат 21:45 га қадар ўчирилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ёнғинда уч киши жароҳат олган. Улардан икки нафари ҳалок бўлган, бири эса реанимацияда қолмоқда.
Вафот этганлар Ўзбекистон фуқаролари эди. Улар қурилиш майдончасида қурилиш ишчилари бўлиб ишлаётган эдилар. Омон қолган жабрланувчи ҳам Ўзбекистон фуқароси саналади.





