Андижонда иссиқлик таъминоти нархи оширилди
Ишлаб чиқариладиган 1 Gkal иссиқлик нархи 97 минг сўмдан 112 минг сўмгача кўтарилиши белгиланган.
Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши қарори билан иссиқлик таъминоти тарифлари оширилди. 2024 йил 30 ноябр куни тегишли ҳужжат эълон қилинган.
Унда айтилишича "иссиқлик таъминоти хизматлари учун тариф даражаларининг пастлиги хамда харажатларини тўлиқ қопламаслиги сабабли, корхоналарнинг молиявий ҳолати қониқарсиз аҳволда, соҳага хусусий бизнес вакилларининг қизиқиши деярли мавжуд эмаслиги, амалдаги тарифларнинг корхоналар харажатларини қоплаш даражаси республика
бўйича ўртача 5 фоизини ташкил қилиши" таъкидланган.
Шу муносабат билан вилоятда марказий иссиқлик таъминоти бўйича коммунал хизматлар 15 фоизгача оширилмоқда.
Жумладан, ишлаб чиқариладиган 1 Gkal иссиқлик нархи 97 минг сўмдан 112 минг сўмгача, иситиш мавсумида 1 кунга 1 метр квадрат учун иситиш нархи 61,6 сўмдан 70,9 сўмгача оширилди.
Қарор расмий эълон қилинган кундан (30 ноябр) кучга кириши белгиланган.