Татуларнинг турлари ва маънолари. 4-мақола
Аксарият маҳбуслар Ленин ва Сталин суратини чиздиришган. Чунки Ленин ёки Сталинни “нишонга” олган ходим камида ишдан бўшаши, ҳатто атайлаб отган деган айб билан қамалиб ёки отилиб кетиши ҳам мумкин эди.
Айрим одамлар орасида ўзлигини намоён қилиш, ўз қарашлари, мақсадлари, шахсиятини кўрсатиш учун танасига турли суратлар чиздириш кенг тарқалган. Татуировка (тату) француз тилидаги tаtоuеr ёки таити тилидаги tаtаu сўзларидан олинган. Жиноятчилик олами вакилларининг рус жаргонида эса тату “наколка” (“санчиб туширилган”) деб аталади.
Тату чиздиришда битта ёки бир нечта игна билан баданда изчил нуқтачалар тешилади ва устидан рангли (асосан қора) кукун ёки сиёҳ қуйилади. Натижада жароҳат битгач, бир умр кетмайдиган сурат пайдо бўлади.Чизилган сурат вақт ўтиши билан рангпар бўлиб қолиши мумкин, лекин батамом ўчиб кетмайди.
Бир марта тату чиздирган одам вақт ўтиши билан ундан қониқмайди ва яна чиздиргиси келаверади. Бора-бора ўзини тўхтата олмайди ва бутун танасини сурат билан тўлдириши мумкин. Бу ўзига хос манияга айланади.
Тарихчилар энг қадимги тату излари эрамиздан аввалги VII асрларга мансублигини аниқлашган.
Европада эса ўрта асрлардан бошлаб тату қўлланила бошлаган. Аввал қулларнинг пешонаси ёки баданига турли тамғалар туширилган. Кейинчалик аскар, денгизчи ва маҳбусларга тегишли таниқлилик белгилари чизилган.
Қандай вазиятларда тату тақиқланади?
Одатда жиддийроқ ташкилотда жиддийроқ лавозимда ишлаш талабида бўлган одамлардаги тату иш берувчини чўчитиши мумкин. Агар тату баданнинг кийим ёпиб турадиган аъзоларида бўлса, дарров пайқамасликлари эҳтимолдан холи эмас. Бироқ юз ва бадан тозалиги талаб қилинадиган модел бизнесида, банк соҳасида ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда ҳарбий идораларда хизмат қилишни истовчи одамларда тату бўлиши тақиқланади.
“Наколка” – кўнгилхушлик эмас
Тату –бошқа одамлар учун шунчаки кўнгилхушликнинг бир тури бўлса, жиноятчилар учун “наколка” чиздириш жиддий ва масъулиятли жараён ҳисобланади. “Зона”ларда ҳар бир сурат учун “жавоб бера” олиш керак. Айрим суратлар жиноятчининг обрўсини ифодаласа, айрим суратларга аввал муносиб бўлиш лозим. Ҳар бир “наколка” ўзига хос маъно касб этади.
Қизил, қора ва яшил “зона”лар. 1-мақола
“Наколка” жиноятчилар ёки уларга ҳавас қилувчи ижтимоий қатламнинг ўзлигини намоён этиш воситаси бўлиш билан бирга, криминалистлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ходимлари учун яхшигина маълумот харитаси вазифасини бажариши ҳам мумкин. Тату суратлари жиноятчининг “ўғрилар олами”даги мавқе ва мақоми, қаерларда ва қанча муддат, неча марта (“ходка”), Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича қайси жиноятларга қўл ургани ҳамда “наколка” эгасининг харакатери ва ҳоказолардан ҳикоя қилади. “Наколка” бу жиноятчининг паспорти ва таржимаи ҳоли, унинг қизиқишлари, манфаатлари, ҳаётий қарашлари ва дунёқарашини ифодаловчи ўзига хос маълумотнома. Шунингдек, “қонундаги ўғри” мақомига кўтариш ва “тож кийдириш” маросими учун номзоднинг “наколка”лари аввал яхшилаб қараб чиқилади. “Нотўғри” ёки шубҳали наколкалари бор жиноятчининг бундай орзуси пучга чиқиши ҳам мумкин.
Наколкаларни ўқий оладиган ва чиза оладиган одамлар ўғрилар оламида қўшимча обрўга эга бўлади. Уларни ўғри жаргонида “колшик” (санчувчи), аниқроғи, “зона колшиги” деб аташади, чунки “наколка”лар асосан зоналарда чизилади.
“Наколка” чизиш игнаси жаргонда «пешня» (тиғ), «пчелка» (арича), «шпора» (санчқи) ва «жало» (ниш) деб аталади. Механик ёки электр соқол олиш устарасидан ясалган наколка уриш аппарати эса «машинка», «бомашинка», «тикиш машинаси» ва бошқа номлар билан аталади. Сиёҳни «мазут» ёки «лой» деб аташади. “Наколка”нинг ўзини эса «реклама», «регалка» (қайд ёзуви), «расписка» (ёзувча), «клеймо» (тамға), «портачка» ва бошқа атамалар билан номлашган. Ёмон, сифатсиз чизилган наколка «партак» деб аталади. Бу кўпинча тату устасининг тажриба ва билими йўқлиги ёки сифатсиз сиёҳ ва ускуналардан фойдаланиши оқибатида юз беради.
“Наколка”нинг ҳам фойдаси тегади... баъзан
“Наколка” нафақат жиноятчи ҳақида маълумот беради, балки уни таниб олиш учун ҳам ёрдамлашади. Масалан, ўғирлик ёки бошқа жиноят содир этилганида жабрланувчи унинг танасидаги бирор “наколка”ни эслаб қолса, жиноятчини қидириш ва топиш анча осонлашади. Шу боис ИИВ жиноят қидирув бўлинмаларидаги жиноятчилар ҳақидаги маълумотлар базасига унинг танасидаги “наколка”лар ҳам киритилади. Ёки бирор номаълум мурда топилса, унинг танасида сақланиб қолган “наколка”лар марҳумнинг шахсини аниқлаш учун фойдали бўлади.
Умуман олганда, криминал оламдаги ёзилмаган қонунларга кўра, бирорта ҳам “наколка”си йўқ маҳбусга шубҳа ва паст назар билан қарашади. У худди қарғалар тўдасидаги оқ қарғага ўхшаб ажралиб туради.
Жиноят оламидаги табақалар. 2-мақола
Кези келганда таъкидлаш керак, аксарият жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган тартибга кўра, маҳбусларга “наколка” уриш тақиқланади. Чунки қамоқхона тату салони ёки тиббий ташкилот эмас. Бу ерда санитария-гигиенага риоя этилмаслиги оқибатида бошқалардан кейин тозаланмаган игна орқали ОИТС, сифилис, қоқшол, гепатит, сил каби жиддий касалликларни юқтириб олиш хавфи ҳам мавжуд. Ёки игна қолдирган жароҳат битмасдан, жиддий жароҳатга айланиб кетиши мумкин.
“Наколка” – фақат сурат эмас
“Наколка” деганда фақат сурат чиздиришни тушунмаслик керак. Баъзан шунчаки сўзлар, қисқартма сўзлар ёки аббревиатуралар, айрим ҳолларда рақамлар терига чизилади. Ёки ёзув ҳамда суратлар комбинацияси ҳам чизилиши мумкин.
Сўзлар
Масалан, оёққа чизиладиган “Ёшлигим шундай ўтиб кетди" (панжара сурати фонида чизилади), "Улар чарчашди", “Кўп хато қилдим” сўзлари тату соҳибининг афсусланаётганини билдиради.
Ёки тананинг тепа қисмига қўнғироқ сурати туширилиб, тагига “Озодликка чиққан куним жарангла” деб ёзилса, бу маҳбуснинг озодликка чиқишни орзиқиб кутаётганини англатади.
Агар “От” сўзи билан “До” сўзи орасига қўнғироқ сурати чизилган бўлса, бу жиноятчининг “Жиринглашдан жиринглаш”га тўлиқ (амнистия ёки муддатидан олдин шартли озод қилиш имкониятисиз) “ўтириб чиққани”ни англатади. Чунки озодликдан маҳкум этилган маҳбус қамоқхона эшигидан кираётганида, дарвозалар очилишидан олдин қўнғироқ жиринглаши эшитилади (бошқа нозирларни эшик очилгани ҳақида огоҳлантириш мақсадида) – бу маҳбус учун биринчи қўнғироқ бўлади. У қамоқдан жазо муддатини ўтаб бўлгач, чиқиб кетаётганида эшик очилиши учун жаранглаган қўнғироқ товуши унинг учун шу сафардаги (“ходка”да) охирги қўнғироқ бўлади. Шу тариқа маҳбус “От звонка – до звонка” – жиринглашдан-жиринглашгача тўлиқ ўтириб чиққан бўлади.
Амнистия (авфи умумий) билан озод этилган маҳбусларнинг айримлари (жуда кам ҳолларда) хатжилд кўтариб кетаётган қушча расмини чиздиришади. Бироқ қуш “наколка”сини чиздиришда ҳам ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки қушни хўроз деб талқин қилишлари мумкин. Хўроз эса “петух”, “опушенний” ва “обиженний”лар баданига мажбуран чиздирилади.
Шунингдек, “Яна уйдаман”, “Қамоқ – менинг уйим” каби “наколка”лар қамоқхона романтикасидан маст бўлиб юрган маҳбусдан дарак беради.
Айрим турдаги наколкаларга маҳбус жазони ўтайдиган муассаса ёки минтақа ҳамда шаҳарларнинг номлари ёзилади.
Баъзи маҳбуслар кўзлари тепасидаги қовоқларига “Не буди” (уйғотма) сўзларини чиздиришади. Бу тату эгасининг хавфли одам экани, унга тегмаслик, ухлаган пайтида безовта қилиб уйғотмаслик кераклигини англатади. “Уйғотма” – менинг жаҳлимни уйғотма, маъносини ҳам билдиради. Бундай наколкали одам ухлаган пайтида ҳам гўё сергакдек, атрофдаги вазиятни кузатиб тургандек таассурот уйғотади.
Қисқартма сўзлар (аббревиатура)
Шу билан бирга, қамоқхона маъмурияти “тирғалмас”лиги учун айрим шиор ёки сўзлар қисқартма шаклида туширилади.
Бундай ёзувлар асосан маҳбуснинг ҳаётий шиорлари ёки мақсадларини ифодалайди. Улар ҳам худди суратлар каби “жиноятчилик паспорти” вазифасини ўташи мумкин.
Баъзи қисқартма сўзлар ўқилганда оддий сўз бўлиб кўринса-да, турли маъноларни ифодалайди. Масалан, СЛОН қисқартма сўзини олайлик. Бир қарашда бу “фил” маъносини билдиради. Ҳеч ким эътироз билдирмайди.
Уни бир қанча маъноларда тушуниш мумкин:
С малыхЛетОдни Несчастья, яъни «ёшлигимдан бери фақат бахтсизлик ичидаман»
Ёки:"Соловецкий Лагерь Особого Назначения" – Соловец махсус лагери. (Бу билан Сталин қамоқхоналарида “ўтириб” чиққан машҳур рус ёзувчиси Александр Солженицинга нисбат берилади.
Ёки СЛОНнинг яна бошқа муқобил ифодалари:
- «Смерть легавым от ножа» - Ҳуқуқбонларга пичоқдан ўлим.
- «Советские лагеря особого назначения» - Алоҳида муҳим совет лагерлари.
- «Слава Ленину — отцу нашему» - Отамиз Ленинга шон-шарафлар.
- «Сидевшие люди очень наглые» - “Ўтириб” чиққан одамлар жуда сурбет бўлишади.
- «Сука любит острый нож» - “Сука” ўткир пичоқни яхши кўради.
Сўз ўрнига сурат
Баъзан қисқартма сўзларни ҳам сурат шаклида чиздиришади. Бунда 2 карра “шифрлаш” ҳосил бўлади. Масалан, ЖУК сўзларидан иборат “наколка”ларни кўп учратиш мумкин. Бир қарашда бу сўз “қўнғиз” дегани. Бироқ у “Желаю Удачных Краж” сўзларининг қисқартма шаклидир. Бу чўнтаккесар ёки умуман ўғри жиноятчига тегишли ёзув. Агар ўғри бўлмаган одам шунчаки чиройли кўринсин, деган мақсадда бундай тату чиздирса, “зона”га тушиб қолганида “ёлғон маълумот” бераётгани учун уни жазолашлари мумкин. Кўпинча ЖУК деб ёздириш ўрнига қўнғиз суратини туширишади ва бу ҳам ўғрини билдиради. Бироқ қўнғиз (айрим ҳолларда ўргимчак) ўргимчак тўри билан бирга чизилса, тату эгасининг наркоман эканини англатади. Агар ўргимчак тепага чиқиб кетаётгани акс этган бўлса, бу одам ҳозир ҳам гиёҳванд, агар пастга қараб тушиб келаётгани акс этса, “наколка” соҳиби бу зарарли одатини ташлаган.
Бошқа бир талқинга кўра, ўргимчак сурати ўргимчак тўри билан чизилса ҳам наркоман эмас, жиноятчилик фаолиятини англатади. Агар ўргимчак тепага чиқиб кетаётгани акс этган бўлса, бу одам ҳалиям жиноят кўчасидан қатймаган, агар пастга қараб тушиб келаётгани акс этган бўлса, “наколка” соҳиби тузалиш йўлига ўтган.
Яна бир кенг тарқалган ёзув КОТ ( “мушук”) бўлиб, «Коренной Обитатель Тюрьмы», яъни қамоқхонанинг туб аҳолиси, деган сўзларнинг қисқартма шаклидир. Бундай ёзувни асосан рецидивистлар – бир неча марта судланган ва қамалиб чиққанлар чиздиришади.
Яна бир “наколка” – БАРС, тўғри маънода йўлбарс, яъни жасурлик, ҳужумкорлик, куч ва қудрат маъносини билдиради. Бироқ қисқартма сўз сифатида –"Бей Активистов, Режь Стукачей (сук)" – “Активистларни ўлдир, қулоқ(сука)ларни сўй” деган маънони билдиради.
Айрим ҳолларда БАРС сўзи ўрнига йўлбарснинг суратини чиздиришади. Бу наколка эгаси жиноятчилик оламида юқори мартабага эга ва қолганлар ундан қўрқиши лозим, деган маъноларни англатади.
Айримлар севган қизлари ёки фарзандларининг исмларини, айрим ҳолларда ўз исмларини чиздиришади.
Баъзан эса рақамларни кўриб қолишимиз мумкин. Рақамлар одатда қамоқхонада ўтирган йиллари, ёки маҳбуснинг туғилган санаси, ёки бошқа яширин маъноларни ифодалайди.
Айримлар машинасига ёки танасига МY LIFE - MY RULES (рус тилида: “Моя жизнь – мои правила”, ўзбекча: “Менинг ҳаётим – менинг қоидаларим”) сўзларини туширишади. Бунинг маъноси – “мен жамият қоидаларига бўйсунмайман, жамият керак бўлса, менинг қоидаларимга бўйсунсин” дегани.
Жиноят оламидаги табақалар. 3-мақола
Айрим ҳолларда МY LIFE - MY RULES “наколка”сини ўз жонига қасд қилиш ниятидаги шахслар чиздиришади. Бу ҳолда “истаганимни қиламан, истасам яшайман, истасам ҳаётдан воз кечаман”, деган маъно англашилади.
“Наколка”ларнинг турлари
“Зона”да чизилган “наколка”лар ҳам 2 турга бўлинади: ихтиёрий чизилган ва бошқа маҳбуслар томонидан мажбуран чизилган.
“Ўғри қонун”ларини жиддий бузган маҳбусларнинг мақоми – “масти” пастга туширилиши асносида бу мақомни ифодаловчи “наколка”лар мажбуран чизилади. Масалан “опушенний”, “обиженний”, “қулоқ” ёки чақимчи-сотқинларга тегишли суратлар туширилади.
Ихтиёрий чизиладиган “наколка”лар маҳбуснинг “маст”ини кўрсатиш ва бошқа шахсий-“профессионал” фаолияти тарихи ҳақида маълумот берувчи суратлардан иборат бўлади.
Наколка турли буюмлар, ҳайвон, ўсимлик, тарихий ва диний сюжетлар ҳамда одамларнинг суратларидан иборат бўлади.
Эполетлар
Худди ҳарбийлардаги каби айрим маҳбуслар ҳам елкаларига эполетларнинг (парад-байрамона форма учун погон) суратларини чиздириб олишади. Улардаги сурат ва ёзувлар жиноятчининг “маст” ва тажрибасидан ҳикоя қилади.
Эполетлар ҳақида жиноятчилар турлича фикрда. Айримлари бу ўғри қонунларига зид ҳарбий ва сиёсий ҳокимиятга ишора қилгани боис мумкин эмас, дейишади.
Бу суратдаги 1-наколкани ЗУР – Зона Усиленного Режима – кучайтирилган режим зонасида ўтирган жиноятчи чиздиради. 2-наколка – ўғрилар учун. 3-наколка – коммунистлар тузумига қарши жиноятчи. 4-наколка – “зона” авторитети, ўғрилар қонунига риоя этувчи жиноятчи. 5-наколка – авторитет. 6-наколка – зонанинг доимий йўлбарси, қамоқхона қоидаларини кўп ва жиддий бузадиган жиноятчи. 7-наколка – қамоқхонадаги Дисциплинар ИЗОляторни ўтаган маҳбус (50 суткалик жазо камераси)ни англатади.
Узуклар
Яна бир буюм тимсоли бу узуклардир. Узуклар айниқса кўпроқ маъно берса-да, уларни тушуниш қийинроқ. Узуклар сурати қўл бармоқларига чизилади.
Юлдузлар
Саккиз ва ундан кўп қиррали юлдузларни фақат қонундаги ўғрилар ёки бошқа аторитет блатнойлар чиздиришга ҳақли. Бу юлдузлар ўмров суягининг четига чиздирилади. Агар бутун кўкраги “наколка”га тўла бўлса ҳам, шундай юлдузли “наколка”си бўлмаса, у ҳурматли ўғри ҳисобланмайди. Юлдузларнинг ичига ҳар хил мотивдаги сурат ва тимсоллар чизилади.
Баъзан жиноятчилар тиззаларига юлдуз ёки бошқа тимсолларни чиздиришади. Бу “ҳеч ким мени тиз чўктира олмайди”, деган маънони англатади.
Бундай тимсолни кўпинча “беспредел юлдузи” ёки “рад этиш юлдузи” деб ҳам аташади. Табиийки, бу “наколка” эгасини “беспределчи” деб аташган. Лекин бу татуга муносиб бўлиш лозим. Бундай мақомдаги маҳбус маълум бир чекловларга риоя этиши керак: у ҳуқуқни муҳофазалаш идоралари билан мутлақо ҳамкор бўлмаслиги, муддатидан олдин шартли озод этиш ҳақида илтимос қилмаслиги лозим. Агар бунга риоя этмаса, тиззасидаги “наколка”сини куйдириб ёки кесиб йўқотиши шарт.
Билагузук ва кишанлар
Агар маҳбуснинг қўлига билакузук ёки кишан сурати чизилган бўлса, уларнинг ҳар бири 5 йил қамоқхонада “ўтирганини” билдиради. Агар 2 та бўлса, 10 йил ва ҳоказо.
Диний мотивдаги татулар
Гарчи жиноятчилар ўз қилмишлари билан ҳам дунёвий, ҳам диний қонунларни бузишса-да, диний мотивдаги “наколка”ларни чиздиришади. Бироқ бу суратлар диний эмас, зона билан боғлиқ маъно касб этади.
Масалан, маҳбуснинг кўкрак ва қорин қисмига ёки орқасига черков гумбазлари чизилган бўлса, ҳар бир гумбаз унинг “ходка”лари – неча марта ўтирганини англатади. 3 та гумбаз бўлса, 3 марта қамалиб чиққан ва ҳоказо. Аммо ҳозирги кунда тату усталари бу қоидага унчалик ҳам амал қилишмайди.
Шу билан бирга, жиноятчилар баданига чиздирган хоч сурати ҳар доим диний маъно ташимайди. Масалан, бармоқларга чизилган хочлар жиноятчининг неча марта зонда ўтирганини англатади. Кўрсаткич бармоқдаги хоч эса жиноятчи қамоқда пайтида ота ёки онаси ўлганидан хотира сифатида чизилади.
Сиёсий қарашларни ифодаловчи “наколка”лар
Сиёсий мазмундаги “наколка”лар ёки давлатга хайрихоҳлик, ёки тузумга (асосан коммунистларга) қаршилик маъносида чизилади.
СССР пайтида баъзи маҳбуслар Ленин ва Сталин суратини кўкракларига чиздиришган. Бу айрим ҳолларда ростан ҳам пролетариат “доҳийлари”га ҳурматни ифодалайди. Бироқ аксарият маҳбуслар агар Ленин ва Сталин сурати бўлса, нозир ва милиция ходимлари уларни отиб ташламайди, деган умидда шундай “наколка” чиздиришган. Чунки Ленин ёки Сталинни “нишонга” олган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими камида ишдан бўшаши, ҳатто атайлаб отган деган айб билан қамалиб ёки отилиб кетиши ҳам мумкин эди.
Баъзи ҳолларда фақат Ленин суратини чиздиришган. Чунки жиноятчилар орасида Ленин-коммунистларнинг “пахани” деган тушунча бўлган.
Шунга қарамасдан, коммунист доҳийларининг “наколка”лари урилган маҳбусларни қочишга мойиллиги бор жиноятчилар, деб ҳисоблашган. Чунки аскарлар қочаётган маҳбусга етиб олишса, у шартта кўйлагини йиртиб, “доҳийлар”ни кўрсатган. Аскарларнинг отишга ҳайиқиб, иккиланиб қолганидан фойдаланган маҳбусларда яна имконият туғилган. Шу боис зона ва лагерларда отишга ҳукм қилинган маҳбусларни ёки қочоқларни бошидан отиб ўлдиришга уринишган. Ёки имкон бўлса, қамоқдаги маҳбусларнинг шундай мотивдаги “наколка”ларини куйдириб ёки устидан бошқа сурат чиздириб йўқотишга ҳаракат қилишган.
Тарихан, СССР жиноятчилар олами коммунист ва “чекист”ларни ўзларига душман деб билишган, улардан нафратланишган. Ўғирлик ва жиноят йўлига киришганига улар олиб борган нотўғри сиёсат, очлик ва камбағаллик, адолатсизлик ва қонунсизлик сабабчи деб ҳисоблашган. Шу боис баъзи “наколка”ларда бундай нафрат яққол уфуриб туради.
Сўнгги сўз
Таъкидлаш керак, юқорида зикр этилган “наколка”лар давр, макон ва зонага қараб маънолари ўзгариб туради. Бир хил сурат бошқа бир вазиятда бошқача талқин қилиниши ҳам мумкин.
Шунингдек, бу “наколка”ларнинг сони ниҳоятда кўп бўлиб, бу ерда фақат айримлари мисол сифатида келтирилди. Уларнинг маънолари ва шакллари фақат жиноятчилик оламига хос талқинда берилди. Озодликда ва турли ноформал ижтимоий қатламларда улар бошқача талқин қилиниши ҳам мумкин.
Яна бир бор эслатиб ўтамиз, тату – “наколка” чиздириш – нотўғри, бироқ чиздирганда унинг маъносини, айнича “зона”да қандай маъно англатишини билмасдан чиздириш нафақат қолган маҳбуслар нафратига, балки соғлиқ ва ҳаёт учун хавфли ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Нотўғри наколка “зона”да қалбаки ҳужжат билан юриш билан баробар. Бу “ҳужжат” наколка эгасининг мартабасидан тепа бўлса – уни ёлғончига чиқаришади ва жазолашади. Агар паст табақага ва қилмишларига оид бўлса – автоматик равишда (бирор айби бўлмаса ҳам) шу табақага туширилади ва шунга муносиб муомалада бўлишади.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.