Жиноят оламидаги табақалар. 2-мақола
Маҳбусларни табақалашда “қонундаги ўғри”, блатной (бродяга – дайди, шпана – ўғри) мужик, (“работяга” – меҳнаткаш), фраер, “қизил” ва “петух”, “обиженний”, “опушенний” каби атамаларни қўллашади.
Уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
2023 йил декабр ойида Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик вакиллари, зўравонларга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари ўтказилгани боис халқда жиноятчилик олами ва уларнинг вакилларига нисбатан қизиқиш уйғотди. Шу мақсадда “Нур борки, соя бор” рукни остида туркум мақолалар бериб боряпмиз.
Жиноят оламида ҳам тизим ва иерархия мавжуд. Бу асосан маҳбуслар орасида, жазони ижро этиш муассасаларида – зоналарда кузатилади.
Умуман олганда, қамоқхонадаги ҳаёт ҳам жамиятнинг бир қисми, фақат унинг ўз тартиб-қоидалари бор. Озодликдаги ҳаётда одамлар мол-давлати ёки амали, жамиятдаги ҳурмат-мавқеси бўйича даражаларга ажратилса, қамоқда эса озодликдан маҳрум этилиш сабаби, ўзини тутиши, қамоқдаги тартибга қанчалик кўникишига қараб ўз жойини эгаллайди.
Озодликда машҳур бўлган, қадди-қомати келишган, чиройли қўшиқчи қамоқда энг паст табақага тушиб қолиши мумкин. Ҳаётда таниш-билиш ва қариндошлари обрўсининг соясида юрган одам қамоқда ҳурмат қозона олмаслиги мумкин. Тўғри, бу ўринда истиснолар ҳам учраб туради.
Албатта, бу мақолада тавсифланадиган тизим иерархияси асосан Россиядаги ёки постсовет республикаларидаги, “ўғри” тушунчалари ва қонунлари сақланиб қолган “қора зона”ларга оид. Бу иерархия зонадан зонага бироз ўзгариши, номлари ва миқдори бошқача бўлиши мумкин.
Мавзуга доир: Қизил, қора ва яшил “зона”лар. 1-мақола
Турли миш-мишларга кўра, ҳукми ўқилиб, қамоққа жўнатилган маҳбусларнинг қайси модда билан қамалгани улар келишидан аввал маълум бўлар эмиш. “Ўғри”лар яратган “қамоқ почтаси” тизими орқали жўнатиладиган хат – “малява” ёки шу тизим орқали “вор в законе”лар барча маҳбусларга жўнатадиган хат – “прогон” орқали янги маҳбуснинг кимлиги ва қайси модда билан қамалгани ошкор этилар экан. (“Қамоқхона почтаси” ҳақида шу туркумдаги кейинги мақолаларда ўқишингиз мумкин – таҳр.)
Аммо ҳамма зона ва ҳамма давлатларда ҳам бундай бўлади, дейиш нотўғри. Лекин жинсий зўрлаш, айниқса, вояга етмаганларни зўрлаш билан қамалган маҳбуслар ҳар қанча яширмасин, унинг кимлиги олдиндан маълум бўлиши бор гап. (Бундай маҳбусни нима қилишлари ҳақида қуйироқда ҳикоя қилинади.)
Умуман олганда, “ўғри”лар дунёсининг тушунчаларига кўра, инсонлар асосан 3 турга: “тўғри”, “батартиб” одамларга – яъни “блатной”ларга, “мусор”ларга (собиқ милиция ходимлари) ва қолган одамларга бўлинади. Ўғрилар қолганларнинг (яъни жиноятчи бўлмаганларнинг) мулки ва жонига дахл қилишса ҳам, ўзларини “одам”ва “тўғри” деб аташади.
Маҳбусларни “маст”(табақа, даража)сига кўра табақалашда эса “қонундаги ўғри”, блатной (бродяга – дайди, шпана – ўғри) мужик, (“работяга” – меҳнаткаш), фраер, “қизил” ва “петух”, “обиженний”, “опушенний” каби атамаларни қўллашади.
Юқоридан пастга қараб тушган ҳолда қуйидагича номдаги иерархик номлаш ҳам қўлланилади: “вор в законе”, “свояк” (қайноға, ўзимизники), авторитетли “блатной”, “пацан” (йигит), “приблатненний” (“блатной”га яқинлар), жангчилар. Айрим ҳудудларда “приблатненний”ларни фраер, оддий “блатной”ларни – кузир фраер, деб аташади.
Баъзи минтақаларда эса фраер деб жиноятчилик оламига алоқаси бўлмаган озодликдаги одам тушунилади. “Ўғри қонун”ларига кўра фраерни талаш ва тунаш мумкин. Жиноятчилар “фраер – лох, лақма ва очкўз бўлади. Бир-икки марта нарсалари ва пулини ўғирлаб олсак, унга таълим берамиз, кейинги сафар ҳушёрроқ бўлади” дея ўз жиноятларини оқлашади.
Албатта, бу атамалар ва улар кимга нисбатан ишлатиши ҳудуди, жойи ва даврига қараб фарқланиб туради. Оралиқ “мастлар” ҳам бўлиши мумкин. Масалан, вояга етмаганлар жазони ўтайдиган болалар манзил колонияларида 25 дан зиёд “маст” бўлади. Ҳали ақли батамом тўлишмаган, бироқ турли тасодиф ёки девиант хулқи боис қонун йўлидан тойган болакайлар шафқатсиз бўлиш билан бирга, қамоқ романтикаси ва хаёлпарастликка мойилдирлар.
Зонадаги маҳбусларни баъзан “зэк” деб аташади. Бу з/к аббревиатурасидан олинган бўлиб, 1920-1950 йиллардаги расмий ҳужжатларда учрайди. У рус тилида «заключённый каналоармеец» деб аталган. Илк марта Беломор-Балтика каналини қазиш учун ишлатилган маҳбусларга нисбатан қўлланилган.
“Қонундаги ўғри”лар
“Вор в законе” – “қонундаги ўғри”лар жиноят оламидаги энг юқори “маст” ҳисобланади. Уларга аввал мақолалардан бирида тўхталинган бўлса-да, бу ўринда қўшимча маълумот бериш фойдадан холи эмас.
“Вор в законе” – жиноятчилик оламидаги иерархиянинг чўққисида туради. Бу оламнинг элита қатламига оид шахс ҳисобланади. Жиноятчилар жаргонида уни “законник” – “қонунчи” деб ҳам аташади ва қаттиқ ҳурмат қилиб, унга бўйсунишади. Бундай табақа вакили руҳан метин ва собит, аксарияти эса теран ақл ва кенг билим эгаси бўлади одатда. Ҳар ҳолда одамлар руҳиятини бошқалардан яхшироқ билади. Шунинг учун шафқатсиз ҳаёт ва муаммоларини енгиб, бераҳм рақобатчилардан устун чиққан ҳолда шу даражага эриша олган.У жиноятчилар оламини бошқаради, улар ўртасидаги муаммоларни ёзилмаган “ўғри қонунлари”га кўра ҳал қилади. Бу “қонунлар”нинг ижросини ҳамда давом этишини, жиноятчилар оламига янги аъзоларни жалб этишни таъминлайди. Янги “қонун” ўғриларига “тож кийдириш”да иштирок этади.
“Қонундаги ўғри”лар “воля”да – озодликда ҳам, шунингдек, қамоқда ҳам бўлиши мумкин. Аммо “лавозим”га ҳақиқий киришуви қамоқда юз беради. Озодликдаги “қонундаги ўғри” қамоқдан ташқаридаги жиноятчилик олами вакиллари билан бирга “ишлайди”. Шунингдек, “қамоқда”ги жамият билан алоқаларни таъминлайди. Улар билан маълумот алмашиб туради. Жиноятчилар жамғармаси – “обшак”ни “грить” қилиш учун “грив” (улуш пули) йиғишга раҳбарлик қилади.
“Қонундаги ўғри” элита маҳбуслари – “блатной” ўғрилар орасидан танланади ва турли тавсия ва рухсатлардан ўтган номзодга “коронация” маросими орқали “тож кийдирилади”. Асосийси, бундай номзод энг ҳурматли, ўғри қонунларига амал қиладиган блатнойлар орасидан танланади. Шу билан бирга, номзод давлат ташкилотларида ва армияда хизмат қилмаган бўлиши лозим. Авваллари аёлларга ҳам тож кийдирилганига қарамай, 1956 йилдан кейин аёлларнинг “қонундаги ўғри”га айланиши тақиқланди.
Бироз олдинга кетиб айтиш мумкинки, армияда хизмат қилган ва умуман ҳарбийларга жиноятчилик оламида бегона кўз билан қарашади. Уларни жаргонда “автоматчик” ёки “аскар” деб аташади. Бундан сиёсий мақсадларда ҳам фойдаланишади баъзан. Масалан, 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирганида, “кимларнингдир” топшириғи билан айрим “қонундаги ўғри”лар Украинадаги жиноятчилик жамияти вакиллари ва маҳбусларга “қўлга қурол олмаслик ва ўғрилик кодексига хиёнат қилиб паст кетмаслик” зарурлиги ҳақида “прогон” жўнатган эди. Албатта, бундай тадбир орқали украиналик маҳбуслар ва жиноятчиларнинг урушга киришларининг олдини олиб, “нейтраллаштириш” мақсад қилинган.
Қизиғи шундаки, украиналик маҳбусларни нейтраллаштириб, бу урушни “ўғри қонун”ларига зид дея баҳолаган кучлар, Россиядаги маҳбусларни оммавий ва ошкора урушга (алдов ва мажбурлов воситасида) урушга ёллашганида бундай қонунларга кўз юмишди негадир. Айрим маълумотларга кўра, россиялик ҳарбий элита, хусусан, марҳум Евгений Пригожин ва унинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси маҳбусларнинг урушга боришларига тўсқинлик қилмасликлари, эртага уларни хоин ва “қизил” деб пастга урмасликлари учун рус “қонундаги ўғри”ларининг рухсатини ва кафолатини олишган.
Пригожин, шунингдек, ўз интервюларидан бирида “Опушенний” ва “петух” “маст”идаги маҳбусларни урушга олмаслигини айтган. Чунки улар билан бирга жанг қилиш бошқа маҳбуслар учун “западло”. Улардан алоҳида роталар ҳам тузиб бўлмайди.
“Қонундаги ўғри” “тахти”га номзодлар, шунингдек, албатта камида икки муддат учун судланган ва “зонада” “ўтириб” чиққан бўлиши лозим. Бунда Жиноят кодексининг ҳамма моддалари ҳам “ўтмайди”. Номзод ЖКнинг жиноятчилик оламида “обрў”ли бўлган моддалари – ўғрилик, талон-торож, босқинчилик, қотиллик ва бошқа моддалари бўйича жазога тортилган бўлиши керак.
Номзод оила ва имкон қадар қариндошларга ҳам эга бўлмаслиги керак. Қариндошлари бўлса-да, улар билан алоқани, борди-келдини узиши лозим. Чунки душманлар қариндошлар орқали ёки уларни гаровга олиб, “вор в законе”га босим кўрсатиши мумкин.
Номзод ҳеч қандай ижтимоий фойдали меҳнат қилмаслиги, бизнес ва бошқа қонуний даромад олиш манбаларига эга бўлмаслиги лозим. Ҳатто тож кийдириш маросимида қасамёд қабул қилганида, бўлажак “қонундаги ўғри” “мен ўлдим, энди оилам ва қариндошларим мен учун йўқ” деган жумлаларни ҳам айтади. Бироқ оиласизлик талаби ҳозирда бекор қилинган. Яъни ҳозирги “қонундаги ўғри”ларнинг нафақат ўз бизнеси, балки оила ва қариндошлари ҳам бор.
Ва албатта, номзод пули кўп, ўзига тўқ одам бўлиши керак. Бу, аввало, номзоднинг ростан ҳам ҳурматли ва қўли узун, уддабурон одам эканидан дарак беради. Қолаверса, унинг асосий вазифаларидан бири – “обшак”ни тўлдириб туриш ҳисобланади.
Танланган номзод учун камида бир, аксар ҳолларда икки нафар амалдаги “қонун ўғриси”нинг кафолати ва ижобий тавсияси керак. Қолаверса, унинг шу пайтгача ўзини тутиши ва бошқалар билан муносабати ҳам ўрганилади.
Бу талабларнинг барчасига жавоб берган номзодга тож кийдириш маросимининг вақти ва жойи белгиланади. “Коронация” маросими фақат тор доирадаги ҳурматли ўғрилар иштирокида хуфёна тарзда ўтказилади. Шу боисдан бу маросим ҳақида аниқ маълумотлар кам. Бироқ айрим кўрсатмаларга қараганда, маросим пайтида номзод белигача яланғоч бўлиб ечинади. Тож кийдирувчилар унинг баданидаги татуировка суратларини диққат билан кўздан кечиришади. Чунки аксарият блатнойларда бутун жиноятчилик “фаолияти” мана шу суратларда акс этган бўладики, бу криминалистлар учун жуда қулайлик туғдиради.
Қолаверса, паст табақага туширилган одамларнинг баданига блатнойлар мажбурий равишда турли суратлар чизишади. Агар шундай суратлар ва белгилар бўлмаса, тож кийдириш маросими бошланади. Маросимда номзод ўғрилар оламига содиқлиги ва хиёнат қилмаслиги ҳақида махсус қасамёд қабул қилади. Шундан сўнг унинг икки елкаси ёки кўкрагига фақат “қонун ўғрилар”ига хос бўлган 8 қиррали юлдуз чизилади. Янги “қонундаги ўғри”га тож кийдирилгани ҳақида барча қамоқхона ва манзил колонияларидаги маҳбуслар, шунингдек, озодликда юрган жиноятчилик олами вакилларига “малява” жўнатилиб, хабардор қилинади.
“Қонундаги ўғри” мақоми абадий эмас. Ўғрилар қонунларини жиддий бузган бундай шахслардан “тож олиб қўйилади”, мақоми туширилади, унинг барча имтиёз ва ҳуқуқлари бекор қилинади.
“Блатной”лар
«Блатной»лар (“қоралар”, бродяга – “положенец”лар, авторитетлар) – жиноятчилик иерархиясидаги энг юқори каста. Улар профессионал жиноятчилар бўлишади. Кўпинча “блатной” сўзи қамоқхона ёки зонада ҳокимият ва обрўга эга шахсни англатади.
“Блатной” сўзининг келиб чиқиши ҳақида талқинлар кўп. Улардан бирига кўра, Россия империяси қироличаси Екатерина Иккинчи (1762-1796) Россияга ҳунарманд ва илмли немисларни кўчириб келган. Уларга махсус имтиёзли ҳужжат – Blatt (немисча – варақ, қоғоз) берилган. Бундай ҳужжат соҳибларига ер берилган. Улар жисмоний жазо, сургун ва армиядаги хизматдан озод қилинган. Уларни халқ тилида “блатнойлар”, яъни “блат” имтиёз эгалари деб аташган. Немис тили ва яҳудийларнинг идиш тили яқин бўлгани учун бу жиноятчиларнинг жаргонига ҳам кўчган. (Жиноятчи ва фирибгар яҳудийлар ва уларнинг уюшган жиноятчилик “маданияти” ва жагонларини яратишдаги роли ҳақида навбатдаги мақолаларда ҳикоя қилинади – таҳр.)
Яна бир талқинга кўра, немис тилида Platt – ишончли, дўстона, деган маъноларни билдиради. Яна бир немисча сўз – Blut эса “қон” дегани. Аммо “блатной” сўзи ҳозирги маъносида XX асрда Одессадаги (бу ерда ҳам яҳудийлар кўп яшаган – таҳр.) жиноятчилик оламида кенг қўлланила бошлаган.
СССР даврида эса режали иқтисодиётнинг касофати билан доимий товар-маҳсулот етишмаслиги муҳитида, дефицит товарларни фақат “блат” бўйича, яъни таниш-қилиш қилиб сотиб олишган. Нима бўлганда ҳам, “блатной” сўзи ҳурматли ва имтиёзлар ҳамда ҳокимиятга эга шахсни билдириб келган.
Қамоқхоналарда эса улар маҳкумларнинг норасмий иерархиясидаги энг юқори даражали гуруҳ вакили ҳисобланади. “Блатной”лар “қора зона” тартиб-қоидалари ва ўғри қонунларини тан олиб, амал қилиши, "тўғри тушунчалар"га риоя этиши, "тоза" ўтмишга эга бўлиши ва зонада ҳеч қандай лавозимда ишламаслиги, жисмоний меҳнат қилмаслиги керак. Улар, кўпинча, ўз кирларини ҳам бошқаларга – хизматкор ва югурдак мақомидаги маҳбуслар – “шестёрка” ва “шнир”ларга ювдиришади.
Ҳокимият тузилмалари, унинг сиёсий институтлари билан ҳар қандай, ҳатто тасодифий муносабатлар (масалан, партия ёки комсомолга аъзолик), кейинчалик у қанчалик юқори жиноий малакага эга бўлишидан қатъи назар, жиноятчи учун "ўғрилар дунёси"га йўлни абадий ёпиб қўяди. 1930-1950 йилларда армияда хизмат қилган ва ҳеч бўлмаганда бир марта зонага ишлаш учун кетган ўғрилар “блатной” ҳисобланмаган. Ҳозирга келиб, улар учун қўйиладиган талаблар анча юмшаган.
Шу билан бирга, озодлик пайтида хизмат кўрсатиш – сервис ишларида меҳнат қилганлар – официант, такси ҳайдовчиси бўлганлар ҳам “блатной” ўғри бўла олмайди. Уларни “халдей”, яъни хизматкор, деб аташади. Жиноятчи мақомига даъвогарлар учун яна бошқа кўплаб талаблар мавжуд. Ҳар бир зонанинг ўзига хос талаблари бўлиши ҳам мумкин.
“Блатной”лар қамоқхона маъмурияти билан ҳамкорлик қилмаслиги, расмий лавозимларда ишламаслиги керак. Акс ҳолда улар “козёл” (эчки) ёки “қизил” (активист)га айланиб қолишади.
“Блатной”лар ахлоқ тузатиш муассасаларидаги ҳақиқий ҳокимият расмий ҳокимият билан, яъни зона маъмурияти билан кураша оладиган кучдир. Ҳокимиятдан ташқари, ўғрилар имтиёзларга – ишламаслик ҳуқуқига ҳамда умумий жамғарма – “обшак”дан зарур деб билган нарсаларни олиш ва сақлаш ҳуқуқига эга.
“Блатной”ларнинг масъулиятлари ҳам бор. Улар “қора зона”ни “грит” қилиш (яъни “иситиш”, “мойлаш”) учун озиқ-овқат, чой, тамаки, арақ, гиёҳванд моддалар ва кийим-кечаклар ноқонуний йўллар билан етказиб турилишини таъминлаши шарт. Айрим муаммоларни ҳал қилиш учун маъмуриятга бериладиган пора пуллари ҳам “блатной”лар тарафидан “обшак”(умумий жамғарма)дан олиб ишлатилади. Шунингдек, у бошқа маҳкумлар ўртасида юзага келадиган низоларни ҳал қилишга ва умуман улар ўртасида ҳеч қандай тўқнашувларга йўл қўймасликка, маҳбусларнинг ноҳақ жазоланиши, “обиженний” ва “опушенний” даражасига тушириб қўйилишининг олдини олишга мажбур.
Буларнинг барчаси, албатта, “блатной” учун зонада тартиб ўрнатиш билан шуғулланиши унинг шахсий манфаатларидан муҳимроқ эканини англатмайди. Кўпинча улар зонадаги яшаш шароитларини яхшилаб олиш ва маҳбусларни ўз фойдасига ишлатиш учун ўз мавқесидан фойдаланишади.
“Блатной” бўлиш учун алоҳида маросим ўтказилмайди. Маҳбуснинг феъл-атвори ва ҳаёти ҳамда мафкураси, ўғри қонунларига садоқати ва унга мос ҳаёт кечириши, маҳбуслар орасидаги ҳурмат-эътибори инобатга олинади холос. Бироқ у ўғри қонунларини бузса, паст табақага туширилиши ҳам мумкин.
“Блатной”ларнинг ўзлари "блатной" сўзини ишлатишдан қочишади. Унинг ўрнига “авторитет”, “арестант” (маҳбус), “босяк” (ялангоёқ), “бродяга” (дайди), “жулик” (фирибгар ўғри), “положенец” (вазият-тартибга қараб турувчи) каби турли эвфемизм ва синонимларни қўллашни афзал кўришади.
ГУЛАГ давридан қолган “жиган” (сиёсий маҳбус), “люди” (одамлар), “пахан” (отахон) каби атамалар борган сари йўқолиб бормоқда. Лекин ҳозир ҳам жиноятчилар зонадаги энг юқори “блатной”ни “пахан” дейишади. Шунингдек, “одамлар” деб, жиноятчилар ўзларини назарда тутишади. Қолганлар эса гўёки бу номга номуносиб. “Одамдек ўтириб, одамлар билан арақ ич” дейиш, “жиноятчилар қонун-қоидасига мувофиқ ўтириб, жиноятчилар билан арақ ич”, деган маънони англатади, масалан. (Ўғри жаргонлари ҳақида кейинги мақолаларда батафсил ўқинг – таҳр.)
“Мужик”лар
“Мужик” (эркак) деб XIX асрдан бошлаб, Россияда крепостной қуллигидан қутулган озод деҳқонлар назарда тутилган. Баъзан кўча-кўйда ҳам “мужикмисан” ёки “мужик бўл” деган иддаолар қулоққа чалиниб қолади. Албатта, бунда “эркак” бўлиш назарда тутилгандир. Бироқ “кўча” – жиноятчилик олами жаргонида бу атама бошқа кенгроқ маънога эга.
“Мужик”лар – ("кулранг"лар) маҳбуслар қатламидаги сон жиҳатдан энг катта гуруҳдир. Айримлар ўйлаганидек, "мужиклар" "зоналарда" фақат тасодифий меҳмонлар эмас.
Кўпинча “мужик” деб ўғри ва талончиликда айбланган ҳамда одатда бир неча марта судланган, лекин профессионал жиноятчи бўлмаган маҳбусларга айтилади.
Маълумот:
Профессионал жиноятчи – криминал касб-ҳунарга эга, жиноятчиликни ягона даромад манбаи сифатида танлаган шахслардир. Улар бирор жиноят бўйича ҳунар ва тажрибага эга мутахассис бўлишади. Масалан, қулфбузар ва сейфбузар, машина ўғриси, хонадон ўғриси, чўнтаккесар, “майдончи” – одамлар кўп йиғиладиган майдон ва бозорларда турли қимор ўйинлари ўтказиб, фирибгарлик йўли билан содда одамларнинг пулини олиб қўювчилар ва ҳоказо.
"Мужиклар" – жиноят оламининг аскарлари ва асосий ишчи кучи. Профессионал жиноятчи билан солиштирганда, улар камроқ тажриба ва малакага эга бўлишади. Аксарият "мужиклар" армияда хизмат қилишган, оилали, бола-чақали одамлар. Озодликда ва зонада турли касбларда меҳнат қилишади. Ўғриларнинг ҳокимиятини тан олишади, уларга бўйсунишади. Лекин “мужиклар” ҳам ҳокимиятга эга бўлишади баъзан. Улар бригадир (“бугор”) ва “мастер”(устабоши) сифатида бошқа маҳбусларни бошқариши ҳам мумкин.
Авваллари "мужиклар"нинг мавқеси зонада анча паст эди. Аммо “сукалар” урушидан сўнг блатнойларнинг таъсири анча пасайган.
Ўғриларнинг маслаҳат ва маҳкама йиғилишлари – “разборка”ларда "мужиклар" овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Лекин “блатнойлар” ҳурмати баланд “мужик”ларнинг фикрига қулоқ солиши мумкин.
“Мужик” табақасига мансуб бўлиш учун алоҳида маросим ўтказилмайди. Аммо ўғри қонунларини бузиш орқали бу мақомдан пастроққа тушиб кетиш мумкин.
“Мужиклар”нинг “зона”да меҳнат қилиши “западло” (номақбул) ҳисобланмайди. "Зона"да ишлашдан бош тортган “мужик”лар одатда қотиллик, бахтсиз тасодиф, ўз жонига қасд қилиш оқибатида тез ўлиб кетишади.
Айримлар ҳисоблаганидек, озодликда раҳбарлик лавозимларини эгаллаган ва давлат мулкини талон тарож қилишда айбланиб, судланган шахслар "мужик" ҳисобланмайди.
Давоми бор...
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.