“Қонундаги ўғрилар”: халқ орасида идеаллашиб кетган жиноятчилар
Нега уюшган жиноятчиликка қарши кураш авж олаётганига қарамасдан, ҳамон “қонундаги ўғри”лар мавжуд ва айримлари очиқчасига фаолият юритишса-да, уларга ҳеч ким тегмайди?
“Қонундаги ўғри” атамаси кўпчиликка таниш бўлса-да, ҳамма ҳам унинг маъно-моҳиятини тўла тушуниб етмаса керак. Чунки бу тушунча ва у билан боғлиқ маълумотлар ҳозирги ўзбек ОАВ учун ўзига хос табу ҳисобланади. Уюшган жиноятчилик бор, аммо у ҳақда гапириш расман тақиқланмаган бўлса-да, исталмаган мавзу. Ҳар ҳолда ОАВ сифатида расман рўйхатдан ўтган тузилмалар бу мавзуни айланиб ўтишга ҳаракат қилишади.
Мустақилликнинг илк йилларида, Михаил Горбачев бошлаган “ошкоралик, қайта қуриш ва ҳурфикрлилик” шамолининг таъсири ҳали кетмаган даврда бу мавзу ҳақида очиқ маълумотлар берилган. Бироқ Ўзбекистоннинг эски президенти ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, бунга чек қўйилди.
Ҳатто эски президентнинг “оғзидан чиқиб кетган” мавзу ва фактлар ҳам ОАВда акс-садо бермас эди. Чунки президентдан пастда турган, ОАВ назоратини қўлга олган корчалонлар бу жараённи қаттиқ назорат қилишган.
Масалан, Ўзбекистонда DAEWOO автомобил заводи қурилганида, миш-мишларга кўра, Андижондаги Сталлоне лақабли бир “обрўли” жиноятчи гўёки заводдан ўлпон талаб қилган. Ўлпонни машиналар билан тўлашлари мумкинлигини айтган.
Бу эски президентнинг ҳамиятига қанчалик оғир текканини билмаймиз. Бироқ у очиқ, телевидение орқали намойиш этилган йиғилишлардан бирида “Сталлоне дегани чиққан эмиш. Оёғидан осиш керак бундайлар”ни деган эди. Албатта, ОАВ эркин мамлакатда бу мавзу дарров акс-садо бериб, таҳлил қилиниши, бу баёнотнинг сабаб-оқибатлари ўрганилиши табиий. Аммо Ўзбекистонинг назорат остидаги ОАВси бунга эътибор бермасликни маъқул кўрган.
Шунингдек, Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан бирга Самарқандда янги иш бошлаган хусусий тадбиркорлар билан суҳбатлашгани борганида, бир тадбиркордан “Сизда қўриқчи борми? Ким сизни қўриқлайди унда? Самарқандда рэкетлар йўқми?” деб сўрагани видеокадрларда муҳрланган. Энг қизиғи, Каримов тадбиркорга ёки қўриқчи олиши, ёки товар ва бизнесини суғурта қилиши лозимлигини маслаҳат берган. Демакки, ўша даврда Каримовнинг ўзи ҳам тадбиркорни милиция қўриқлай олишига кўзи етмаган. Жиноятчиларнинг тадбиркорларга бемалол тажовуз қилиши мумкинлигини шу тарзда эътироф этган.
Сталин яратган “қонун ўғри”лари
Уюшган жиноятчилик оламида энг юқори “маст” (даража) бўлмиш “қонундаги ўғри” тушунчаси собиқ СССР ва ундан кейинги постсовет давлатларида яшовчиларга хос феномен. Хорижда айни шундай тушунча ва мақом йўқ. Тўғри, хорижда ҳам уюшган жиноятчилик ва уларнинг раҳбарлари мавжуд. Бундай криминал авторитетларни жиноий босс (crime boss), дон (don), гуруҳ етакчиси, чўқинтирган ота (godfather), жиноий ёки криминал барон (наркобарон), мафия босси, пахан, оябун ёки кумитё деб аташади. Аммо улардаги тартиб ва тушунчалар постсовет ҳудудидаги аналогларидан тубдан фарқ қилади.
Аслини олганда, уюшган жиноятчиликнинг қудратли кучга айланиши собиқ СССР ҳудудида 80-йиллар охирида бошланган. 90-йилларда эса реал таҳдидга айланган. Бироқ бу жараённинг илдизлари 30-йилларга бориб тақалади.
Маълумки, қонхўр диктатор Иосиф Сталин бошлаган репрессия мамлакат қамоқхоналарини тўлдириб юборди. Сталин ҳақида латифа айтдингми – халқ хоинисан, 12 йилга Сибирга дарахт кесгани кетасан. Билимли одаммисан – демак жосуссан, 20 йилга қамаласан... Ҳатто буюк олим ва генераллар ҳам биргина чақув, ҳасад боис ушбу музхоналарда ўлиб кетган. Масалан, машҳур ракетасоз ихтирочи олим Сергей Королев 1938 йилда қамоққа олинган. Тажрибалардан бирида қувур портлаб кетгани боис, Королевни Ғарб давлатлари фойдасига жосусликда, атайлаб совет мулкига зарар етказиш ва совет илм-фанининг обрўсини туширишда айблашган. Уни отишга – ўлим жазосига ҳукм қилмоқчи бўлишган, бироқ 10 йилга қаматиб, Узоқ шарққа жўнатишган. Қамоқда олим бошқа жиноятчилар томонидан ўлдирилиши ёки ноинсоний оғир меҳнат ҳамда совуқдан ўлиб кетиши мумкин эди. Лекин яна бир сиёсий маҳбус – Москва авиация заводининг собиқ директори Михаил Усачев бақувват ва ўткир одамлиги боис, уни бошқалардан ҳимоя қилиб юрган.
Мамлакатдаги қамоқхоналар тўлиб кетганидан, ўта совуқ минтақаларда ўнлаб янги қамоқхоналар қурилди. НКВД (ҳозирги ИИВ) қошида бутун бир бошқарма – Жазони ижро этиш – меҳнат лагерлари бош бошқармаси (Главное управление исправительно-трудовых лагерей – ГУЛАГ) тузилди. КГБнинг расмий маълумотларига қараганда, биргина 1937-38 йилларда сиёсий айбловлар билан 1 миллион 344 минг 923 киши қамоққа ҳукм қилинган. Уларда 20-25 йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилган 10 миллиондан зиёд одам жазони ўтаган. Улар аслида текин қул бўлишган. Радиация уфуриб турган уран ва олтин конлари, заҳарли газ ва нефт қазиб олиш, машаққатли ишларни бажаришган. Беломор канали, Байкал-Амур магистрали, миллионлаб гектар кесилган ўрмонлар айни шу маҳбуслар текин меҳнатининг шарофатидандир.
Бу қамоқхона ва лагерларда, қолаверса, сиёсий маҳбуслардан ташқари ҳақиқий жиноятчилар ҳам бўлган Албатта, миллионлаб маҳбусларни ушлаб туриш мушкул иш. Кунора исён кўтарилган, маҳбуслар ишга чиқишдан бош тортишган, лагер мулкига зарар етказишган, “вертухай”ларга – қоровул ва нозирларга ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайган.
Сталин режими 10 миллиондан зиёд одамни бошқариб, бўйсундириб туриш учун самаралироқ чора излаган. 10 миллион маҳбус учун 3 миллион қоровул қўйиш самарасиз, унда маҳбусларнинг текин қул бўлиш моҳияти йўқолади.
Ўша пайтларда жиганлар (сиёсий маҳбуслар – коммунист ва жиноят оламининг рақиблари) ҳамда бошқа “профессионал” жиноятчилар – “урка” (ўғри ва талончи), “блатар” ёки “блатной” (жиноятчи, жиноят олами қонунларига риоя этувчи)лардан алоҳида бир “маст”, яъни мақом ажралиб чиқди.
Бу “маст”га фақат дўкон ва уйларни туновчи ўғрилар, “майдончи”лар (шаҳардаги марказий майдонлар ёки одам кўп тўпланадиган жойларда қиморга ўхшаган ўйинлар ўтказиб, одамларнинг пулини алдаб шиладиганлар), “медвежатник”лар (сейфбузар ва қулфбузарлар) кирган. Бошқа майда жиноятчиларнинг обрўси бу доирага кириш учун муносиб кўрилмаган.
Қамоқхонадаги маҳбусларни назоратда ушлаб туриш учун эски, тарихий, аммо самарали усул қўлланилди: “сопи ўзидан чиқарилди”. Бу усулда душманнинг ичидан хайрихоҳ ёки сотқин топилади ва унинг қўли билан душман тизим бошқарилади ёки маҳв этилади.
Георгий Подлесских ва Андрей Терешонокнинг “Қонундаги ўғрилар: ҳокимиятга иддао” (Воры в законе: бросок к власте. “Художественная литература” нашриёти, Москва, 1994) китобида ёзилишича, миллионлаб маҳбуслар армиясини бошқариш учун уларнинг ичида ҳурматга сазовор маҳбуслар танлаб олинган ва ҳамкорликка мажбурланган.
Бундай махфий ёрдамчиларга турли жиноий гуруҳларни бирлаштириб, уларга раҳбарлик қилиш, ҳукумат топшириқларини бажартириш, сиёсатдан узоқ тутиш, керак пайтда керакли муҳим жиноятчиларни тез аниқлаб бериш ва қурбон қилиш топшириқлари берилган. Эвазига эса уларга мунтазам ёрдам, нисбатан яхши ҳаёт шароитлари таъминланган. Улар турли баракларга бемалол бориб, ўз вазифаларини бажаришлари учун эркинлик берилган. Бошқа оддий “қулоқлар”, яъни маъмурият билан ҳамкорлик қилувчи хуфёна ёрдамчилар воситасида бундай танланган етакчиларнинг обрўсини кўтарувчи махсус оператив тадбирлар уюштирилган, турли миш-мишлар тарқатилган. Эмишки, фалон “ворзакон” ҳокимиятдан ҳам қўрқмас экан, фалончи командирга фалон деб қўрқмай жавоб қайтариб, синдирибди ва ҳоказо.
Бундай “вор в законе”ларнинг ҳокимият билан яқин муносабатлари қатъиян рад этилган. Улар ҳокимиятдан ҳам қўрқмайдиган, жиноятчиларга ёрдам бера оладиган шахслар, деган ясама ва қалбаки образ шакллантирилган.
Натижада “қонундаги ўғри” тушунчаси пайдо бўлган. Гарчи жиноятчиларнинг ўзлари бу қонуний ўғрини, қонун чиқарувчи ўғрини англатади деб изоҳлашса-да, аслида унинг бошқа турли талқинлари ҳам мавжуд.
Қиёслаш учун: жиноятчилар жаргонида “блат в городе” (шаҳардаги жиноятчи) – пора олувчи амалдорни англатади.
“Қонундаги ўғри”ларнинг “қонун”лари
Қонундаги ўғриларга тегишли мажбуриятлар, ваколатлар, қонунлар ва тушунчалар (понятия) ҳам бор. Масалан, ижтимоий меъёр ва тартибларга амал қилмаслик, жиноятларни текшириш жараёнида гувоҳ ёки жабрланувчи сифатида иштирок этмаслик (фақат ўзининг жинояти бўйича жараёнлар бундан мустасно), ўғриларнинг барча қонунларига амал қилиш (ҳатто мажбурланган ва қийноққа солинган шароитда ҳам), ижтимоий фойдали меҳнат қилмаслик, давлат ишида ишламаслик, жазони ижро этиш муассасаларида (ЖИЭМ) маъмурий-хўжалик лавозимларида (бригадир, мастер ва ҳоказо) ишламаслик, аёллар билан узоқ муддатли мулоқот ўрнатмаслик, оила қурмаслик, қариндош-уруғлар билан доимий мулоқотни сақламаслик, ўғрилар жамиятининг барча олий тоифали аъзоларини ҳурмат қилиш, ЖИЭМда ўғрилар тартиб-қоидаларини ўрнатиш, маҳбуслар ўртасидаги низоларда қозилик қилиб, адолатли ҳал этиш, жиноятчилик оламига ёшларни, янги аъзоларни мунтазам чақириш, бошқа элита ўғриларини “қонундаги ўғри” деб эълон қилиш (коронация – тож кийдириш), сиёсатдан батамом узоқ бўлиш, ҳарбий хизмат қилмаслик, ҳукумат берган қуролни ушламаслик, қимор ўйинларини яхши билиш ва қарзларини вақтида тўлаш ва ҳоказо.
Бундай қонунларга амал қилмаслик тегишли жазога олиб келади. Махсус “сходка” (мажлисларда) унинг мақомини тушириш ва ҳатто тожини олиб қўйишлари ҳам мумкин бўлган.
1940-йилларда бу анъаналар охир-оқибат ушбу жиноий жамоанинг тарихий шаклда деярли бутунлай йўқ қилинишига олиб келди: иккинчи жаҳон уруши даврида кўплаб "қонун ўғрилари" ҳукуматнинг қизил армия сафига қўшилиш таклифига рози бўлишди. Улар Германия устидан қозонилган ғалабадан сўнг, яна жазони давом эттиришлари учун лагерларга қайтарилди. Бу ерда улар ва жиноий муҳит анъаналаридан четга чиқмаган "ўғрилар" ўртасида "сукалар уруши" бошланган, бунинг натижасида иккала томон ҳам катта талофотлар кўрган.
Шуни таъкидлаш керакки, ўғриларнинг тушунчалари бўйича энг оғир жиноятлардан бири– ҳақорат қилиш, айниқса, онадан сўкиш бўлган. Бунинг учун “сўраб” олинган. Агар “сўраб” ололмаса, бунга розилигини билдирган ҳисобланиб, обрўсини йўқотган.
Қизиғи шундаки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари “қонундаги ўғрилар”дан керак пайтда фойдаланиб туришган. Масалан, уруш йилларида “қонундаги ўғрилар” барча жиноятчиларга “ҳарбийларга тегмаслик, уларга ва мулкларига тажовуз қилмаслик” ҳақида “прогон” (малява) жўнатишган. Шунингдек, сиёсатдан узоқ туриш каби талаблар ҳам айнан ҳукумат манфаати учун ўйлаб топилган, дейишади айрим таҳлилчилар.
30-йиллар ортда қолиб, иккинчи жаҳон уруши тугагач, “қонундаги ўғри”лар ўз мавқеини анча мустаҳкамлаб олди. “Обшак” – умумий молиявий фонд пайдо бўлди. Бу жамғарма пуллари санчаст (шифохона), қарцер (жазо камералари), “передача” (маҳбусларга ташқаридан киритиладиган озиқ-овқат, тамаки, кийим кечак ва бошқалар) ҳамда тергов ҳибсхоналарида ётганлар учун сарфланган. Барча маҳбуслар бу жамғарма учун “ўлпон” тўлашган. Айрим маҳбуслар “ўлпон”ни тамаки, спиртли маҳсулотлар ва нон билан тўлашган. Барча фавқулодда вазиятлар учун “қонундаги ўғри”лар “сходка” ёки “сходняк” – ўғрилар ҳокимиятининг энг юқори органи олдида шахсан жавобгар бўлишган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин давлат “қонундаги ўғрилар”ига қарши уруш эълон қилди. Улар, ўша пайтда, НКВДнинг оператив маълумотларига кўра, аллақачон бир неча минг кишини ташкил этарди. Жиноий элитага энди "уюшган жиноятчилик" деб ном берилди. “Қонун ўғриси” бўлишнинг ўзиёқ энди жиноят ҳисобланарди. Аксарият ўғрилар “меҳнат” ва қон тўкиш эвазига топган юксак унвонларидан воз кечишга мажбур бўлдилар.
Синдирилган ўғрилар “отказник” ёки “сука”лар деб эълон қилинди. Уларнинг кўпчилигига нисбатан “сходка” қарорига кўра, ўлим ҳукми чиқарилди. Натижада “қонундаги ўғри”лар орасида ҳам низолар келиб чиқиб, уларнинг бўлиниб кетишига олиб келди.
Айниқса, 1956 йилда ўтказилган бир ҳуқуқий тажриба диққатга молик. СССР ИИВ “қонундаги ўғри”ларни йиғиб, битта лагерга қамади. “6-сонли Соликам жазони ижро этиш-меҳнат колонияси” (халқ тилида “Оққуш” деб аталган) лагери 80-йилларгача ҳам мавжуд эди. Бу ерда қонун ўғрилари бир-бирларини том маънода ғажий бошлади.
Давлат қонунлари “қонундаги ўғрилар”га қарши
Кўпчилик давлат раҳбарлари уюшган жиноятчиликнинг кучайиб, унинг курсисига ҳамла қилиб қолишларидан чўчиган ҳолда бу “аждаҳо”нинг бошини янчиш, уюшган жиноятчиликка бутунлай барҳам беришга ҳаракат қилишган.
Бироқ уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳар бир давлатда ўзига хос тарзда кечган. Тўғри, майда-чуйда ўғри ёки қотилларни топиш ва жазолаш қийин эмас. Бироқ у қандайдир жиноятчилик жамоасига оид бўлса, улар билан таниш бўлса, жазодан қутулиб қолган. Айниқса, коррупция ривожланган давлатларда амалдорлар ҳам уюшган жиноятчилик вакилларининг ҳамтовоғига айланган.
Туркманистон
Норасмий маълумотларга кўра, Туркманистон президенти Сапармурат Ниёзов 90-йилларда барча жиноий гуруҳларнинг “катта”ларини алдаб чақиртириб, битта жойга тўплаб, ҳаммасини отиб ташлаш ҳақида буйруқ берган экан. Ҳозир ҳам уюшган жиноий гуруҳларнинг айрим вакиллари ушлангани ҳақида хабарлар чиқиб туради.
Украина
Украинада, хусусан, Қрим ярим оролида 1995 йилга келиб, жиноий етакчиларни шунчаки хуфёна йўқ қилиш кампанияси бошланган. Чунки расмий равишда ўтказилиши керак бўлган тергов ва суд жараёнлари воситасида уларнинг айбини исботлаш қийин. Қолаверса, уларнинг ҳукумат тепасидаги ялоқхўрлари орага тушиб, қутқариб қолиши мумкин.
Ўрни келганда айтиш жоиз, ҳозирги пайтда Россия-Украина уруши, Европа билан визасиз ташрифлар ўрнатилгани украиналик “қонун ўғрилари”нинг мавқеини мустаҳкамлаган. Қурол савдоси, одам савдоси ва бошқа ноқонуний бизнес кўлами кескин ошган. Украинага етказиб берилаётган Ғарб қуролларининг “қора бозор”да пайдо бўлаётгани айнан шу гуруҳлар билан боғлиқ, дейишади.
Қирғизистон
Жорий йилнинг 4 октябр куни Коля қирғиз лақабли “қонундаги ўғри” Қамчибек Колбаев Бишкекда махсус кучлар томонидан отиб ўлдирилди. Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитасининг изоҳ беришича, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш кучларига фаол қуролли қаршилик кўрсатган ва уни ўлдиришга мажбур бўлишган.
Грузия
Грузияда 2005 йил 20 декабрда президент Михаил Саакашвили ташаббуси билан қабул қилинган “Уюшган жиноятчилик ва рэкет тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Грузия Жиноят кодексининг 223-1-моддаси “Ўғрилар жамоасига аъзолик, “қонун ўғриси” тушунчалари билан тўлдирилди. Унга кўра, жиноий уюшмага аъзолик жарима билан ёки жаримасиз 5 йилдан 8, бирор шахснинг “қонундаги ўғри” мақомида бўлиши эса жарима билан ёки жаримасиз 7 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Шу билан бирга, ўғрилар олами "ўзи томонидан ўрнатилган/эътироф этилган қоидаларга мувофиқ фаолият юритадиган ва мақсади қўрқитиш, таҳдид қилиш, ўғрилар ўртасида ўзаро жанжаллашиш, вояга етмаганларни ноқонуний ҳаракатларга жалб қилишга қаратилган жиноий ҳаракатлар ёрдамида ёки бошқаларни бунга ундаш орқали ўз аъзолари ёки бошқа шахсларга фойда келтириш»дан иборат бўлган ҳар қандай жамоа" дея таърифланади. Ўғрилар оламининг аъзоси "ўғрилар оламини тан оладиган ва ўғрилар олами мақсадларига эришиш учун фаол ҳаракат қиладиган ҳар қандай одам" ҳисобланади.
Россия
2019 йил 1 апрелда Россия президенти В.Путин Россия Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади, унга “Жиноий иерархияда юқори мавқени эгаллаш” – 210.1-моддаси киритилган бўлиб, унда жазони назарда тутади. 5 миллион рублгача жарима солиш билан 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, жиноий жамоа тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, жиноий уюшмалар йиғилишларида қатнашиш 20 йилгача жазоланади.
Ушбу модда бўйича биринчи бўлиб 2019 йилнинг май ойида Томскда ҳибсга олинган "Коля Томский" номи билан танилган қонун ўғриси Николай Кузмичев жиноий жавобгарликка тортилган.
Бошқача айтганда, Грузия ва Украинада энди "қонундаги ўғриман", деб айтишнинг ўзиёқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Лекин жиноят оламининг "понятия"лари бўйича, “қонундаги ўғри” ундан ўғримисан, деб сўралса, рад жавоби бериши мумкин эмас. У дангал "ҳа ўғриман", дея жавоб бериши лозим.
Россияда эса ИИВнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмалари айни шу имкониятдан унумли фойдаланишади. “Қонундаги ўғри"дан кимлигини сўраш кифоя. Кимлигини ўзи айтишга мажбур.
Нечта “ворзакон” бор?
Кўпчилик таҳлилчиларнинг ёзишича, ҳозир ҳам бутун постсовет республикаларидаги “қонун ўғрилари”нинг раҳбарлари асосан Россияда жойлашган. Бироқ ҳозирги пайтда Россияда мавжуд "қонун ўғри"ларининг аниқ сонини айтиш қийин. Ўғрилар клани ўз сирларини қандай ҳимоя қилишни билади ва улар ҳақидаги маълумотлар фақат оператив тарзда, агентлар ва техник воситалар ёрдамида олинади. Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2007 йил ноябр ҳолатига кўра, 184 киши "қонундаги ўғри" мақомига эга бўлган. МДҲ давлатларида мавжудлари билан бирга мингдан ортиқ бўлиши мумкин. Баъзи экспертлар 1500 рақамини келтиришади. Оператив ҳужжатларда эса 400-600 ўғри ҳақида батафсил маълумотлар: исмлар, лақаблар (“кличка”, "кликуха", "погоняло"), таржимаи ҳоллар, жиноий рейтинг, ҳозирги яшаш жойи ҳақида маълумотлар йиғилган ва мунтазам янгиланиб турилади.
“Қонундаги ўғри”ларнинг аниқ сонини айтишга тўсиқ бўлган омиллардан бири – “қонундаги ўғри” атамаси ҳамда қонунларнинг ўзи ҳам ўзгариб кетган. Замонавий “қонундаги ўғрилар” амалда аввалги ўғриларнинг қоидаларига амал қилмайди: оилага ва ўз уйига эга бўлмаслик, бойлик ва ҳашаматли нарсаларга эга бўлмаслик каби талаблар бузилиб кетганига анча йиллар бўлди. Аввалги “ҳақиқий қонун ўғри”ларидан жуда кам нарса қолган.
Бугунги “ўғри”лар
Бугунги кунда кўпчилик, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам қонун ўғриларининг жиноят оламидаги куч ва таъсирини йўқотган деган фикрда. Бу баҳсли масала. Чунки МДҲдаги қамоқхона ва зоналар жиноят олами учун кадрлар омбори ва миллионлаб одамлар ўтадиган улкан қозон каби қайнайди. Ва уларнинг деярли барчаси (“қизил зона”– маъмурият қоидалари амал қиладиган ҳамда “яшил зона” – шариат қоидалари амал қиладиган қамоқхоналар бундан мустасно) қонун ўғриларининг норасмий ҳокимияти остида. Ўғрилар қамоқхоналар ва зоналарда ҳамон катта куч ва таъсирга эга, улар янги шотир ва мухлисларни ёллашлари, жамиятнинг барча қатламларини қамраб оладиган алоқа тармоқларини яратишлари мумкин. “Қонундаги ўғрилар”нинг дафн маросимини кузатсангиз, нақадар кўп одам видолашув учун келганини кўриб, бунга амин бўласиз. Бундай дафн маросимларида актёрлар, журналистлар, банкирлар, сиёсатчилар йиғилади. Ҳатто Европа, AҚШ, Исроилдан кўплаб делегациялар келади...
“Қонун ўғрилари” ва уларнинг “қонун”ларининг моҳияти ўзгариб кетган бўлса-да, асл мақсад ўзгаришсиз қолмоқда. Aнъанавий равишда қонун ўғрилари томонидан бошқариладиган ва жиноий ҳамжамиятни озиқлантирадиган таъсир доиралари ҳамон ўша-ўша: қимор ўйинлари, фоҳишабозлик, гиёҳванд моддалар савдоси, автосервис, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, импорт ва экспорт шулар жумласидан. Айрим “обшак”ларда йиғилган маблағ ҳажми эса унча-бунча йирик банк сармоясидан каттароқ.
Юқорида айтилганидек, “қонундаги ўғри” тушунчаси ва моҳияти ўзгариб кетмоқда. Барча жонли тизимлар каби жиноят олами ҳам яшаб қолиш учун атрофдаги ўзгаришларга мослашади. Бугунга келиб уларнинг аксарияти “тадбиркор”га айланган ва нисбатан очиқ фаолият юритади.
Аввалги “ворзакон”ларнинг ўз бизнеси бўлмаган. Ҳатто маошли оддий ишда меҳнат қилиш ҳам “западло” – номақбул ҳисобланган. “Қонундаги ўғри”ни ҳеч нарса боғлаб турмаган. У исталган пайтда бемалол қамоқхона ёки лагерга жўнаб кета олган. Панжара ортида унинг асл ҳаёти бошланган. Маҳбусларга “ўғрилар”нинг “қонун” ва “понятка”ларини сингдирган. Маҳбусларни назорат қилиб, улар ўртасидаги низоларда қозилик қилган.
Аслини олганда, “ўғри” ким ўзи? У “бродяга” – дайди. Унинг уйи – қамоқхона. Озодликда бироз юради ва яна ўз “уйи”га - қамоққа қайтади. Ўғриларнинг ўзи айтганидек, улар “движуха” – ҳаракатни таъминлаб туриши кифоя. Бу маскан эса, ўғриларнинг ўзи айтганидек, “кому тюрьма, а кому дом родной” – ким учундир қамоқхона, ким учундир қадрдон уй. Ўғри бошқа маҳбусларга (“опушенний” ва “обиженний”лар бундан мустасно) ёрдам бериши, панжара ортида тартиб ўрнатиши ва “беспредел”га – “ўғрилар қонун”лари қўпол бузилишига йўл қўймаслиги зарур бўлган.
Ҳозирда “қонундаги ўғри”лар замонга ва қонунларга мослашишга мажбур. Тўғри, улар орасида ҳам қамоқда ўтирмаган ҳолда пулга ёки таниш-билишлар ёрдамида “тож кийдирилган”– “қонундаги ўғри” деб тан олинганлар ҳам бор. Бироқ уларни “апелсин” деб аташади ва сир фош бўлса, жазо чоралари кўрилади.
Ҳозирги “қонундаги ўғри”лар ўзини “ўғри” деб тан олмаслиги ёки жавобдан қочиши ҳам мумкин, дейишмоқда.
Гап шундаки, 2019 йилда Россия Жиноят кодексида 210.1-модда пайдо бўлганидан сўнг буни тан олиш автоматик жиноий жавобгарликни англатадиган бўлиб қолди. Шу йили Москва вилоятилик “қонундаги ўғри” Олег Мухаметшин (лақаби – Муха Люберецкий)ни видеокамера рўпарасида сўроқ қилишганида “ўғримисан” деган саволга “сиз учун ўғри эмасман, бошқалар эса кимлигимни шундоқ ҳам билишади” дея жавоб берган. Аввалги тартиб бўйича, “сходка” ўз статусидан оммавий равишда бош тортган «қонундаги ўғри»ларга нисбатан жазо чоралари қўллаши керак эди. Бироқ жиноят олами унга ҳеч қандай санкция қўлламади. Демак, ўғрилар олами полицияга шу тарзда жавоб беришга, “йўқ” дейиш қонунга зид келмаслигига ўзаро келишиб олишган.
“Қонундаги ўғри”лар керакми?
Шу ўринда савол туғилади: нега уюшган жиноятчиликка қарши кураш авж олаётганига қарамасдан, ҳамон «қонундаги ўғри»лар мавжуд ва уларнинг айримлари очиқчасига фаолият юритишса-да, уларга ҳеч ким тегмайди?
Бу саволга жавоб бериш учун айрим эффектлар таъсиридаги сценарийларни моделлаштириб кўрсак.
1. “Статус-кво” эффекти. Айтайлик, бирор давлат тепасидаги шахслар хориж билан импорт-экспорт алоқаларини кучайтирмоқчи. Бу ишни қўлга олган “авторитет”ларни олиб ташлаб, ўз вакиллари орқали қонуний фаолиятга ўтмоқчи бўлди, дейлик. Лекин бошқа давлатлардаги “криминал авторитет”лар мазкур янги одамларни тан олмайди. Улар билан муносабатга киришмайди. Шу тариқа шаклланиб келган муносабат ва тармоқларни норасмий равишда тан олиш ва уларнинг қоидаларига мос равишда “ўйнаш”га мажбур бўлинади.
2. “Сиздан угина, биздан бугина” эффекти. Айтайлик, бир камбағал давлат спорт ёки халқаро тадбирлар, бирор табиий фалокатнинг оқибатларини бартараф этиш учун ортиқча пул топиши лозим. Қонуний йўллар билан катта пул топиш ёки тадбиркорларни бунга мажбурлаш мушкул. Яна ўша «қонундаги ўғри»ларга мурожаат этишга мажбур бўлишади. Эвазига уларнинг айрим ишларига кўз юмиш ва керак жойда ҳатто ёрдам беришга мажбур бўлишади.
3. “Бошқариладиган хаос” эффекти. Айтайлик, жиноят оламининг барча “катта”лари йўқ қилиниб, фаолияти тўхтатилди. Аммо, худди аждаҳонинг битта боши кесилса, яна учта майда бошча пайдо бўлганидек, майда жиноий гуруҳчалар кўпайиб кетади. Уларни кузатиш ва фаолиятидан хабардор бўлиб туриш қийинлашади. Шу боис, уларни норасмий равишда уюштириш – бошини қовуштириш, мингта одамдан эмас, битта «қонундаги ўғри»дан "сўраб олиш" – тегишли идоралар учун катта имкониятлар беради. Эвазига эса “сих ҳам куймайди, кабоб ҳам”. (“Уюшмаган ёшлар” атамасининг маъноси шу ердан англашилса керак). Катта акулаларга тегмасангиз, улар вақти-вақти билан майда балиқчаларни ўзлари бериб туришади. Жиноятларни аниқлаш ва очиш статистикаси яхшиланади.
4. “Юмшоқ куч” эффекти. Айрим давлатлар мамлакат ичида ўзига маъқул келмайдиган ҳаракатларни ёки хориждаги баъзи нозик масалаларни ҳал қилишда, зарур сиёсатчиларга таъсир қилишда «қонундаги ўғри»ларга мурожаат қилишади ёки уларнинг воситачилигидан фойдаланишади. Масалан, баъзи спорт мусобақаларида биринчи ўрин олиш ёки бирор давлатни қандайдир мусобақа ўтказиш жойи сифатида танлашлари учун «қонундаги ўғри»лар спортчилар билан баб-баравар “кураш” олиб боришади. Ёки қандайдир фойдали сиёсий-иқтисодий келишувларга эришишда норасмий “авторитет”лар ўз танишлари ва имкониятларидан фойдаланиб, ижобий натижага катта ҳисса қўшиши мумкин.
Нега айнан Асадбекка ҳавас қилишади?
2021 йил июл ойи охирида Ростов-Дондаги халқаро аэропортда икки нафар ўзбекистонлик қўлга олинади. Уларнинг кўйлакларида АУЕ ("Арестантское уголовное единство" – “Маҳбусларнинг жиноий бирдамлиги” халқаро ҳаракатининг белгиси) туширилган бўлган. Бу ҳаракат Россияда тақиқланган. Гарчи йигитларнинг бундан хабари бўлмаса-да, ёшлар орасида яна жиноят олами “романтикаси” авж ола бошлаганини тан олиш керак.
90-йилларда "жиноятчилик романтика"сига ҳавас кучли бўлган. Кўпчилик ёшлар бандит ва ўғри бўлишни, ҳамма ундан қўрқиши ва текин пул топишни исташган. Бироқ ҳозир бундай эмас. Ҳавас қиладиган ўсмирлар ҳам ҳали қамоқ нималигини тушунишмайди. Бундай романтиклар кўп эмас, бир соатгина қамоқда бўлишса, АУЕни узоқдан айланиб ўтадиган бўлишади.
“Шайтанат” асари билан машҳур бўлган марҳум ёзувчи Тоҳир Малик бир нарсадан афсусланган. Унинг айтишича, ўқувчиларнинг аксарияти бу асар моҳиятини, ёзувчи қандай мужда йўллаётганини нотўғри тушунган. “Шайтанат” – жиноятчилик оламини олқишлайдиган эмас, унинг чиркин жиҳатлари кўрсатилган асар аслида. Бироқ халқ уюшган жиноятчилик оламининг “катта”си Асадбек образига мухлислик қилди, ҳавас қилди, уни ижобий қаҳрамон сифатида қабул қилди.
Марио Пюзонинг “Чўқинтирган ота” асари ва унга асосланиб суратга олинган шу номли филмдаги Дон Корлеоне образи хусусида ҳам айни ҳолатни кузатамиз.
Халқ орасидаги айрим одамлар “кўча боллари”дан зарар кўрса ҳам, уларни ҳурмат қилади. Чунки қул ўзидаги занжирдан озод бўлишни эмас, қулдор бўлиб, бошқа қулларни эзиб ишлатишни орзу қилади. Шу боис, жиноятчиларга ҳурматни одамлардаги ички қўрқув билан баҳолаш керак. Давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар кучсизланса, оператив вазиятда (куч ва воситалар нисбатида) жиноятчиларнинг “тоши оғир” келса, ёки ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда давлат амалдорлари жиноятчилар билан қариндошлик ва бизнес ришталарини боғлаб, чатишиб кетса, табиийки, халқ жиноятчилардан қўрқа бошлайди. Уларнинг устидан шикоят қилиш ва қарши курашишга эмас, келишишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон
Ҳозир Ўзбекистонда “қонундаги ўғрилар”га қарши рейдлар бошланди. Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, пойтахт ҳудудида жиноятларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, “Сайидазиз медгородок” лақаби билан танилган 1987 йилда туғилган Саидалиев Саидазиз спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват бўлган бир нечта шахсларни ўз атрофига жалб қилиб бир нечта жиноятларни содир этган. У ва шериклари қамоққа олинган.