platina.uz

Қизил, қора ва яшил “зона”лар. 1-мақола

Жазони ижро этиш муассасаларининг маҳбуслар назаридаги таснифи

Таҳлил
16 декабрь 2023 йил
Қизил, қора ва яшил “зона”лар. 1-мақола

2023 йил декабр ойида Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик вакиллари, зўравонларга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари ўтказилгани боис халқда жиноятчилик олами ва уларнинг вакилларига нисбатан қизиқиш уйғотди. Мана шу қизиқишни қондириш мақсадида “Нур борки, соя бор” рукни остида туркум мақолалар бериб боришга қарор қилдик.

Бугун жазони ижро этиш жойларининг таснифи ва тавсифи ҳақида гаплашамиз. Бу туркумдаги бошқа мақолаларни қуйидаги ҳаволалар орқали ўқишингиз мумкин:

“Қонундаги ўғрилар”: халқ орасида идеаллашиб кетган жиноятчилар


Ижтимоий тартиб-қонунларни бузган, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилган инсон тарбиялаш, қолаверса, бошқаларга ҳам ибрат бўлиши учун жазога тортилади. Одамзот тарихида бундай жазолар кўп бўлган: моддий жарима, мажбурий ижтимоий фойдали меҳнат, айрим ҳуқуқлардан маҳрум этиш, озодликдан маҳрум этиш ва ўлим жазоси шулар жумласидандир. Жарималарга “чидаш” мумкин, ўлим жазоси эса кўпчилик демократик давлатларда бекор қилинган ёки унга мораторий эълон қилинган. Озодликдан маҳрум этиш, яъни қамоқ жазоси эса ҳамон социумдаги деярли ҳар бир одам психикаси учун қизил чизиқ, яширин фобия ҳисобланади.

Ҳозирги шаклдаги илк қамоқхоналар 1553 йилда Англияда, 1595 йилда Ҳолландияда пайдо бўлган. Саноат ривожланиб келаётган бу давлатларда маҳбусларга текин ишчи кучи сифатида қаралган.

Лондондаги Вормвуд-Скрабс қамоқхонаси маҳбуслари майдонни тозалаш-супуриш ишларида. 1900-йиллар. (Photo by: English Heritage / Global Look)

Ўзбекистонда эса пенитенциар тизим собиқ СССР давридан мерос бўлган шакл ва турларини деярли сақлаб қолган. Фақат 2019 йил 28 августдаги 558-сонли қонунга мувофиқ, Жиноят-ижроия кодексига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, мазкур кодекснинг 45-моддаси(Жазони ижро этиш муассасаларининг турлари)га кўра, жазони ижро этиш муассасалари жумласига қуйидагилар киради:

  • жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар;
  • тарбия колониялари;
  • турмалар;
  • маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар.

Бунгача эса жазони ижро этиш муассасаларига қуйидагилар кирган:

  • жазони ижро этиш колониялари;
  • тарбия колониялари;
  • турмалар.

Лекин маҳбуслар орасида деярли бир аср давомида шаклланган ва оғзаки (ёзилмаган) урф-одатлар ва тушунчаларга кўра, озодликдан маҳрум этиш жазоси ижро этиладиган муассасалар бошқача таснифланади.

Маҳбуслар ва жиноятчилик олами тушунчаларига кўра, ЖИЭМ асосан икки турли – “қизил” ва “қора” зоналар бўлади.

“Қизил зона” деб аталишига бир неча сабаблар бор. Бунинг тарихи ўтган асрнинг 20-30-йилларига бориб тақалади. Ҳамма даврларда жиноятчилик олами ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз асосий вакиллари бўлса-да, Россияда инқилоб рўй бериб, коммунист болшевиклар ҳокимиятни қўлга олишгач, жиноятчилар коммунистларни ўзларига душман ҳисоблашган. Айниқса, уларнинг дин ва эски урф-одатларга қарши курашидан жиноятчилар ҳам норози бўлишган.

Инқилоб рўй бергач, императордан тортиб, унинг оиласи ва барча амалдорлар ҳам отиб ўлдирилди ёки қамоққа ташланди. Полиция ўрнига ишчилар милицияси, яъни қуролли гуруҳлар ташкил этилди. Эски ва тажрибали кадрлар йўқ қилингани боис, янги ходимларнинг жиноятчиликка қарши кураши ўта самарасиз эди. Натижада очлик, қашшоқлик ва сиёсий-ижтимоий тартибсизликлар фонида жиноятчилик авж ола бошлади.

Қуроли бор одамга адолатдан гапириш фойдасиз.

Бунинг устига, ишчи милиция ўша даврдаги собиқ империя тарафдорлари ва контрреволюционерларни асосий рақиблари сифатида кўрган ва уларга қарши кураш устувор вазифа ҳисобланган. Янги тузилган ВЧК (Всероссийская чрезвычайная комиссия по борьбе с контрреволюцией и саботажем – Контрреволюцияга ва саботажга ва қарши Бутунроссия фавқулодда комиссияси) эски дунё тарафдорлари билан курашга асосий урғу берди. ВЧК ходимлари, яъни ЧКчилар (“чекистлар”) жиноятчи гуруҳларга қарши курашдан вақтинча чалғиб қолишди. Ҳатто жиноят оламининг26 ёшли “қироли” Яков Кошельков бундан фойдаланиб, Москва кўчалари бўйлаб автомобилда кетаётган инқилоб доҳийси Владимир Лениннинг йўлини тўсиб, унинг автомобилини ўғирлаб кетишга ҳам журъат қилди.

Владимир Ленин фойдаланган Delaunay-Belleville русумли автомобил.

Натижада “чекист”лар жиноятчилик оламига қарши ҳақиқий фронт очишди. Туну кун рейдлар ўтказилиб, кўплаб жиноятчилар қамоққа олинди. Қаршилик кўрсатганлари эса ҳодиса жойида шафқатсизларча отиб ташланди. 1919 йил 21 июнда Яков Кошельков ҳам отиб ўлдирилди.

Бундай кураш оқибатида жиноятчилар коммунистларни баттар ёмон кўриб қолишди. Айниқса, коммунистларнинг байроғи ва тимсоллари қизил рангда бўлгани боис, табиийки, қизил ранг ҳам манфур атрибутлар сирасига кирди. “Қонундаги ўғрилар”нинг давлат берган қурол билан ҳарбий хизмат қилмаслик, давлат хизматида ишламаслик каби қонунлари ўша пайтда пайдо бўлган.

Алал-оқибат, жиноятчиларга ёт барча нарсалар қизил сўзи билан атала бошланди. Табиийки, фақат қамоқхона маъмуриятининг тартиб-қоидалари устувор бўлган зоналарни “қизил зона” деб аташ урф бўлди. Қамоқхона маъмурияти билан ҳамкорлик қилувчилар – секцияга аъзо маҳбуслар – бригадир, “завхоз” (хўжалик ишлари бўйича маъмур), навбатчилар ва бошқалар ҳам “қизиллар” деб номланди. Қолаверса, уларнинг ўзларига қизил тасма тақиб қўйилган эди.

“Қизил-активист”.

Қизил рангдан жирканиш шу даражада эдики, ҳатто айрим ЖИЭМларда вояга етмаган ва болалар колонияларида қизил кийим кийиш номақбул иш ҳисобланарди. Ҳатто ёш маҳбуслар қисқа муддатли учрашувга қизил кўйлакда келган онаси олдига чиқмайди.

Бир қарашда “қизил зоналарда” қамоқхона маъмурияти ўрнатган тартиб ҳукмрон бўлади, дейиш мантиққа зиддек туюлади. Қамоқхона бўлганидан кейин нозирлар бошқаради-да! Лекин гап шундаки, қизил зоналарнинг акси бўлган қора зоналарда жиноятчилик оламининг етакчилари (пахан) ҳамда унинг шотирлари – “смотряший” ва “положенец”лар, “блатной” ва “жиган”лар зонада маъмурият билан параллел тартиб ўрнатади. Бу нозирларга ҳам маъқул. Чунки маҳбуслар оломонини бошқариш осонлашади. Шунингдек, паханлар нозирларнинг барча ташмачилик ва ўғирликларига кўз юмишади, нозирлар эса жиноятчиларнинг қамоқхонага турли тақиқланган буюмлар – арақ, телефон ва бошқаларни олиб киришларини кўриб, кўрмаганга олишади.

Қизил зонада нозирлардан ташқари маҳбуслардан тайинланган “қизил-активист”ларга (суратда ўнг чеккада) ҳам катта ваколатлар берилади.

Албатта, қизил зоналарнинг дарвозасига “қизил зона” деб ёзилган лавҳа осиб қўйилмаган. Бу ҳолатда маҳбус қизил зонага тушиб қолганини қаердан билади?

Маҳбуслар босқичма-босқич юриб, ниҳоят муқим манзилга етиб тушганида 2 ҳафталик карантинга жойлаштирилади. Шу ерда қизил ёки қора зонанинг илк белгилари кузатилади. Агар бу ер“қора зона” бўлса, нозирлар билан бирга, карантиндагилар олдига блатнойлар киришади. Ҳар бир маҳбусга ёки ҳамма учун битта халтада сигарет ва овқатлар киритишади. Бу албатта жиноятчилар улуш тўлайдиган жамғарма “обшак” ҳисобидан ташкил этилади. Янги келган маҳбусларга, айниқса, биринчи марта қамалган маҳбусларга ўғри “понятка”лари берилади. Қандай “тўғри” гапириш, нималар мумкину, нималар мумкин эмаслиги “ўргатилади”.

Россиядаги маҳбусларнинг ижтимоий тармоқларда ёзишича, қизил зоналарда янги келган маҳбуслар олдига нозирлардан ташқари “қизил боғичлилар” – активистлар киришади. Улар қамоқхона тартибини тушунтиришади. Ўзларига ёқамаганларни калтаклашади. Қимматли буюмларни тортиб олишлари ҳам мумкин. Қизил зоналарда қонун устувор дейилса-да, аслида нозирлар ва улар берган арзимас ваколатдан ҳаволанган “қизил активист”ларнинг ўзбошимчалиги ва қонунсизлиги ҳукмрон бўлади. Агар бирор садист – бошқаларни қийнашдан роҳатланадиган нозир ёки активистга ҳокимият тегиб қолса, маҳбусларни ҳеч бир сабабсиз калтаклаш ва ҳақоратлаш ҳолатлари одатга айланади.

Кези келганда айтиш керак, маҳбуслар бу активист – фаолларни “козёл”, яъни эчки деб аташади. (Айрим қамоқхоналарда активистларни “шерстяний”, яъни жунли дейишади. Шу боис ҳатто “тўғри” маҳбуслар жун кийимни ўз номи билан аташмайди.) Уларни эчки дейишларига сабаб, айрим изоҳларга қараганда, қўйларни сўйиш учун кушхонага олиб бормоқчи бўлсангиз, улар қон ҳиди ёки қандайдир сезги туфайли саркашлик қилишар экан. Бироқ ўргатилган эчки бўлса, қўрқмасдан кушхонага киради ва ортидан қўйлар тўдасини ҳам эргаштириб боради. Чунки қўйлар эчкига ишонади, “бу ўзимиздан-ку, бизни ёмон йўлга бошламас”, деб “ўйласа” ҳам эҳтимол. Эчки нарги эшикдан соғ-омон чиқиб кетади. Қўйлар бўғзига эса пичоқ тортилади.

Қора зоналарда гарчи ўғрилар тартиб ўрнатган бўлса-да, “понятия” ва ўғри қонунларига зид ишларга йўл қўйилмайди. Бошқа маҳбусни ноҳақ урган ва ҳақорат қилган маҳбуслардан албатта “сўраб олинади”. Шу боис, маҳбусларнинг ўзаро жанжал ва пичоқбозликларининг олди олинади.

Қора зоналарда маҳбуслар нозирлар ва активистлар билан, шунингдек, энг ҳақир касталар – “чушка”, “опушенний”, “обиженний”, “помойшик” ва “черт”лар билан ҳам қўл бериб сўрашилмайди. Ҳозир маҳбуслар орасида мусулмонларга тақлид қилиб, “салам” деб саломлашиш урф бўлмоқда.

Қора зоналарда “ҳаёт” нисбатан эркин.

Қизил зоналарда ўғри тушунчалари ва қонун-қоидаларига қарши ҳар хил услубларда уруш олиб борилади. Уларни “синдириш”га, активист бўлишга, меҳнат қилишга мажбурлашади. Ўғри “қонун”лари бўйича блатнойлар учун меҳнат қилиш номақбул иш. Улар иш қилмасдан, ШИЗО – жарима изоляторида ўтиришга ҳам рози бўлади. Бироқ уларни ўласи қилиб калтаклашади, шароити оғир жазо камералари – карцерларга ташлашади. Ёки жазо муддатига муддат қўшиб беришади, амнистия ва муддатидан илгари шартли озод қилишдан маҳрум қилишади. Дўст-қариндош ва оиласи билан учрашиш ҳуқуқлари бузилади.

Карцер – шароити оғир махсус жазо камераси.

Охирги 20 йил ичида Россия қамоқхоналарида бошқа рангдаги “яшил зона”лар ҳам пайдо бўлаётгани айтилади. Яъни бу ерда мусулмонлар кўпчилик бўлади, тартиб мусулмонлар ҳаёти ва ибодати учун бироз мослаштирилади. Бу феномен охирги пайтларда Россиянинг мусулмон фуқаролари билан бирга, мусулмон мигрант маҳбусларнинг кўпайгани билан боғлиқ.

Маълумки, ўтган асрнинг 90-йилларида Чеченистондаги мустақиллик учун уруш натижасида пайдо бўлган қуролланган жиноятчи ва жангарилар Россиядаги “бизнес”ларни бирин-кетин қўлга ола бошлади.

Улар ҳеч қандай ўғри тушунчаларини тан олмасди. Гарчи ўғри ва қотил бўлса ҳам, ўзаро мунозара ёки ҳал қилувчи учрашувлар – “разборка”ларда шариат қоидалари бўйича гаплашар эди. Бундай “разборка”ларда славян “ўғри”ларнинг қандайдир “ўғри понятка”лари, қистирма гап ва сўз ўйинларига қараб ўтиришмасди. Гапини ўтказа олса яхши, агар айтганига кўндира олмаса, ўша ернинг ўзида “ворзаконлар”ни итдек отиб ташларди. (Шу боис чеченлардан деярли “ворзакон”лар чиқмаган. Ўғри деган ном билан фахрланиш мусулмончиликка тўғри келмайди, дейишган.) Бу феномен ҳақида кейинги мақолаларда алоҳида сўз юритилади.

Бу каби ҳодисалар, шунингдек, Кавказ ҳамда Марказий Осиёдан келган мигрант маҳбуслар ҳисобига Россия қамоқхоналарида уларнинг сони кўпаймоқда. Шунинг учун қамоқхона нозирлари халқаро конвенция ва умуман Россия қонунчилигига бўйсунишга мажбур бўлиб, улар учун ибодат хоналари очиб беришмоқда.

Россиянинг Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳридаги 9-қаттиқ тартибдаги ахлоқ тузатиш колониясида маҳбусларнинг маблағи ва меҳнати билан қурилган кичик намозхона. Бу ерда руслар ҳам ислом динини қабул қилишмоқда.

Бу ибодат хоналари “жамоатлар” деб номланади. Бу намозхоналар кўплаб номусулмон маҳбусларнинг ислом динини қабул қилишига сабаб бўляпти ҳатто. Айримлар бу ҳаётнинг маъно ва мазмунини, ўз ҳаётидан мақсадларини ўйлаб, фалсафий-руҳий изланишлардан сўнг ислом динига ўтишади. Айримлар эса ўз ижтимоий аҳволини яхшилаш учун исломни қабул қилишади.

Гап шундаки, ўғри тушунчалари бўйича маҳбуслар “маст” – даражаларга ажратилади. Энг паст ва ҳақир ва манфур қатлам – “опушенний” ва “обиженний”лар ҳеч қачон бу тамғадан қутула олишмайди. Улар энг жирканч ишлар – ҳожатхона ва ахлат ўраларини тозалаш, бошқа “блатной”ларнинг жинсий эҳтиёжларини қондиришга мажбур қилинади. Улар билан гаплашиш ва саломлашиш, улардан кейин чекиш, овқат ейиш ва чўмилиш ва ҳаттоки қўл теккизиш ҳам “западло” (номақбул). Улар тинимсиз хўрланиб, калтакланади. (Бу каста – мастлар ва уларнинг пайдо бўлиши ва вазияти ҳақида кейинги мақолаларда ўқишингиз мумкин). Ҳатто қамоқхона ичидаги мини черковларда ҳам бу паст табақа алоҳида ибодат қилади. Улар теккан иконаларга бошқалар асло қўл теккизмайди.

Бироқ ислом қоидалари бўйича, ислом динига ўтган одамнинг шу пайтгача бўлган барча гуноҳлари кечирилади. Исломда барча мусулмон ўзаро биродар ва тенг ҳисобланади. Натижада энг паст кастага мансуб, бошқа миллат ва диндаги маҳбусларнинг бу тамға ва тавқи лаънатдан қутулиш имконияти пайдо бўлди. Шу боис паст каста вакиллари оммавий равишда исломни қабул қилиб, жангари мусулмонлар – чечен, доғистонлик, ўзбек ва бошқа миллатга мансуб жиноий авторитетларнинг ҳимоясига ўта бошлади.

“Яшил зоналар” аста-секинлик билан кўпая бошлаган бир шароитда, Белоруссия ва бошқа постсовет республикаларида “қора зона”лар деярли йўқолиб бормоқда. Улар маҳбусларнинг тили билан айтганда, “қизил зоналарга” айланиб кетяпти. Бироқ ўғриларнинг қонун ва “поняткалари” бор экан, “вор в законе”лар ҳаёт экан, “қора зона”ларнинг яна пайдо бўлмаслигига кафолат йўқ.

Кейинги мақоламизда жиноятчилик оламидаги даражалар – маст ва касталар ҳақида сўз боради.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+