platina.uz

Жиноят оламидаги табақалар. 3-мақола

Озодликда баччабозлик ва вояга етмаганларни зўрлаш билан судланиб, озодликдан маҳрум қилинганларга автоматик равишда мазкур мақом берилади.

Қамоқхонадаги табақалар ҳақидаги мақоланинг иккинчи қисмини қуйида ўқинг.

Таҳлил
29 декабрь 2023 йил
Жиноят оламидаги табақалар. 3-мақола

Жиноят олами, қамоқхонадаги табақалар ҳақидаги мақоламизни давом эттирамиз.

“Активист”лар

“Активист”лар (фаоллар) ҳам зоналарда алоҳида каста ҳисобланади. Уларни “сука” ёки “козёл” (эчки), “қизил” деб ҳам аташади.

“Активист”лар – маъмурият билан очиқ ҳамкорлик қиладиган, ҳар қандай маъмурий лавозимни эгаллаган (таъминот бўлими бошлиғи, комендант ва бошқалар), шунингдек, маҳбусларнинг ҳаваскорлик бўлимлари – турли секцияларнинг аъзолари бўлган маҳбуслардир. Россиядаги зоналарда бундай секциялар тузиш 2013 йилдан бошлаб қонун билан тақиқланган. Бироқ де-факто улар бошқа номлар остида ҳамон фаолият кўрсатади.

“Зона”даги “қизил активист”.

“Активист”лар "қора" зоналарда “обшакка” қабул қилинмайди. Баъзан уларнинг ўзлари “обшак”лар ташкил этишади.

“Қизил” зоналарда баъзан маъмурият томонидан “блатной”ларни мажбурлаб (“синдириб”) бундай каста вакиллари пайдо қилинади. Улар қамоқхона маъмурияти билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлиб, зонада муҳим маҳбуслик лавозимлари – комендант, карантин катта ходими, узоқ муддатли учрашув хоналари, ошхона, ҳаммом ва бошқаларнинг назоратчилари лавозимларида ишлашади.

Гарчи “активист”ларни “козёл” деб аташса-да, бу сўз зонада оғир ҳақорат ҳисобланади. Умуман, зоналарда турли паст каста номи билан ҳақорат қилиш жуда хавфли. Бундай айбловни билдирган маҳбус буни асослаб (келтириб) бериши керак. Акс ҳолда у шунга рози бўлган ҳисобланиб, ўзи паст кастага, айтайлик “опушенний”ларга тушиб қолиши мумкин.

Масалан, ҳозирги кунда ўзини “кучинский” деб атайдиган айрим популист блогерларнинг “фалончи учун туриб бераман, жавоб бераман”, деб кейин вазият ўзгарганида, уларни қоралаб чиқиши, ўғри қонунлари бўйича гапида турмаслик, яъни “мужиклик”дан чиқиш ҳисобланади ва улар зонада энг ҳақир ҳамда паст табақага тушириб қўйилиши мумкин. Бу каби популистларни, шунингдек, қиморда ютқазиб, қарзини тўлай олмаганларни “фуфлогон” ва “фуфлижник” деб аташади ва паст табақага – “обиженний”ларга тушириб қўйишади.


Мавзуга доир: “Қонундаги ўғрилар”: халқ орасида идеаллашиб кетган жиноятчилар


Юқори каста вакиллари – “қонундаги ўғри” ва “блатной”лар ҳам, шунингдек, “мужиклар” ҳам ўғри қонунларини бузгани ёки маъмурият билан ҳамкорлик қилгани учун шу касталарга тушиб қолиши мумкин.

Хуллас, турли минтақа ва зоналарда “активист” таърифи уларда амалда бўлган “ўғри қонун”ларига кўра белгиланади ва шунга мос равишда муносабатда бўлинади. Бу каста ҳақида батафсилроқ аввалги мақолада танишиш мумкин.

Паст ва манфур касталар

Бундайларга асосан “опушенний”, “обиженний”, “чёрт”, “чушка”, “петух”, “шестёрка”, “шнир”, “гладиатор”, “аскар” ва “торпеда”лар киради.

“Опушенний” (паст қилинган), “обиженний” (хафа қилинган) “маст”и

Озодликдаги ҳаётда баччабозлик ҳамда вояга етмаганларни зўрлаш билан судланиб, озодликдан маҳрум қилинганларга автоматик равишда мазкур мақом берилади.

Зонада эса ўғри қонунларига зид иш қилганлар, маҳбусларнинг нарсаларини ўғирлаган “каламушлар” пастлатилиши мумкин. (Маҳбус ва блатнойлардан ташқари оддий одамларнинг мулк ва пулини ўғирлаш эса обрўли ши ҳисобланади.) Бундайларнинг баданига каламуш сурати чизилади.

Зонада бошқа маҳбусларни ноҳақ ҳақорат қилган, калтаклаган ва ўлдирганлар ҳам “опушенний” мақомига туширилади.

Шунингдек, ўғри қонунларини бузган ва бошқа “блатной” ҳамда “қонундаги ўғри”ларни ноҳақ ўлдирган “блатной” ва “мужиклар”ларга ҳам ушбу паст мавқе берилади.

“Опушенний”ларни “петух” (хўроз) деб ҳам аташади. Бундай мақомга тушириш учун алоҳида маросим ўтказилади. Бундай маросимда маҳбусни бир киши ёки бутун камерада ўтирганлар зўрлашади. Ёки шунчаки зўрлашга ишора қиладиган қилиқлар қилишади. Кейин унинг лаби тепасига ёки кўзи остига катта нуқта – хол қўйиб қўйишади. (Бу ўтган асрда Европадаги фоҳишалар лаби устига ясама хол тату суратини чиздиришганига ишора.) Ёки унинг бели ёки думбаси устига капалак ёки арини чизиб қўйишлари ҳам мумкин. Шунингдек, нуқта ва чизиқлардан иборат узук суратини ёки орқасига илон ўралиб турган яланғоч аёл суратини чизиб қўйишади. Ёки пешонасига “пидор” (баччабоз) деб ёзишади.

Бу маҳбуснинг паст қилингани, яъни “опушенний”лар мастига ўтказилгани ҳақида қолганлар хабардор этилади. Бундай “петух” то ўлгунича бу тамғадан қутула олмайди. Чунки зонада табақалардан пастга тушиш бор, лекин кўтарилиш йўқ.


Мавзуга доир: Қизил, қора ва яшил “зона”лар. Биринчи мақола


Лекин яшил зоналарда ислом динига ўтган паст табақадаги маҳбусларни авф қилиб, уларнинг мақомини кўтариш кенг тарқалмоқда.

“Опушенний”дан кимдир “маст”ини сўраса, тўғрисини айтишга мажбур. Ёки бошқа камерага ўтказишса ҳам ўзидан билиб, ўз жойини эгаллайди. “Петух”лар камерадаги энг ифлос, ноқулай, елвизакли жойларда ётишади. Уларнинг коса-товоғи, кружкаси ва қошиқлари тешиб қўйилади. “Петух” овқат еса ёки сув ичса, шу тешикни бармоғи билан ёпган ҳолда овқатланади.

“Опушенний”лар билан саломлашиш, қўл бериб сўрашиш, уларга қўл теккизиш, уларнинг нарсаларидан фойдаланиш “западло”. Ҳаттоки уларни урганда ҳам қўл теккизмасдан оёқ билан тепкилашади. Опушеннийларга нарса бериб бўлмайди. Берса ҳам, қайтиб олиш – “западло”. Бу каби қоидаларни бузган “тўғри” маҳбуслар ҳам автоматик равишда “опушенний”га айланади.

“Опушенний”лар мунтазам равишда энг паст ва ифлос ишларни бажаришади. Бошқа маҳбусларнинг жинсий эҳтиёжларини қондиришади. Бироқ, бу жараёнда ҳам маҳбуслар “опушенний”дан текин фойдаланиши мумкин эмас. Унга пул, кўпинча сигарет ёки бирор овқат бериши лозим. Шунда гўё фоҳиша хизматидан пуллик фойдалангандек бўлади. Агар текин фойдаланса, гўё “муҳаббат” билан фойдаланган ҳисобланади ва ўзи ҳам “опушенний”га айланади.

“Опушенний”лар билан битта камерада қолиш ҳам хавфли. Ҳатто улар билан гаплашмаса ва уларнинг нарсаларидан фойдаланмаса ҳам. (Ҳозирги “ўғри қонунлари”га кўра бу қоида айрим зоналарда бекор қилинган.) Шу боис янги келган маҳбус камерадагилардан “бу қандай хата”, деб сўрайди аввало. Агар бу “опушенний”лар “хата”си бўлса, дарров ортига қайтиб, эшикни тепкилаши ва нозирни чақириб, “ёки мени “тўғри” камерага ўтказ, ёки бугун кимдир ўлади” дейиши лозим. Агар уни кўчиришмаса, у “опушенний”ларни уриши ва ҳатто ўлдиришга мажбур. Акс ҳолда ўзи ҳам улардан бирига айланади.

Бъазан қамоқхонага насроний поплари келиб, маҳбусларни ибодат қилдиради ва уларга иконаларни ўптиради. Ёки бошини сувга чўмиб, “причастик” маросимини ўтказишади. Ҳатто диний маросимда ҳам “опушенний”лар алоҳида киради. Улар ушлаган ва ўпган “муқаддас” нарсалар ҳам “зашквар”, яъни ифлос ҳисобланади ва уларга теккан маҳбуслар ҳам “опушенний”га айланади.

Одатда “опушенний”лар бундай ҳақоратли ва қийин ҳаётдан тўйиб кетади ва ўзини ўлдиради. Баъзилари эса уни “петух”га айлантирган маҳбусдан ўч олиш учун уни тўсатдан бўйнидан қучоқлаб олиб, ўпади. Тамом, энди бу одам ҳам, хоҳ “қонундаги ўғри”, хоҳ “мужик” бўлсин, “петух”га айланади ва натижада аламидан “петух”ни калтаклаб ўлдиради.

“Опушенний”.

Ҳозирги пайтларда жинсий зўрлаб, “опушенний”га айлантириш маросими камайиб бормоқда. Чунки қамоқхонада ҳам бундай жиноят жазоланади. Агар бутун камера бўлиб зўрлашган бўлса, уларни гуруҳ бўлиб зўрлашда айблаб судлашади ва муддатига яна 6-10 йил қўшиб беришади.

Зона қонунлари бўйича “беспредел”га йўл қўйиб, ноҳақ “Опушенний”га айлантириш жазоланади ва уларни ҳам “Опушенний”га айлантиришади. Бироқ вояга етмаганлар ўтирадиган зоналарда “беспредел” кўп. Бу ерда ҳатто сал чиройлироқ ёки ҳатто оёғида жуни йўқ болаларни ҳам зўрлаб, “Опушенний”га айлантиришлари мумкин.

“Опушенний”лар кўпинча алоҳида камерада бирга ўтиришади. Уларга Маша, Дунё, Таня каби аёл исмлари берилади. “Опушенний”лардан маъмурият унумли фойдаланади. Бирор зўравон ёки қайсар “блатной”ни синдирмоқчи бўлишса, “ҳозир петухлар камерасига қаматаман”, ёки “петухларга айтсам, сениям петухга айлантиришади” деб қўрқитади. Ёки маъмурият аламзада петухлардан блатнойларни “пресс хата”ларда калтаклаб синдириш ёки блатнойларни ўлдириб юбориш учун фойдаланишади.

Ҳамма “петух”лар ҳам ҳақорат ва калтак остида яшамайди. Чиройлироқ петух йигитларни элита блатнойлари ўзларига шахсий “петух”, яъни “хотин” қилиб олишади. Бошқа маҳбуслар бундай “петух”ларни уриш ва ҳақоратлашдан, жинсий зўрлашдан ҳайиқишади. Чунки унинг “эри”дан қўрқишади. Бироқ ҳомий блатнойдан ҳокимият кетса, бундай петухлар яна ўз жойига – “параша”(ҳожатхона)га қайтади.

“Опушенний”лар табақасига тушиб қолганларнинг айримлари “каламушлик” қилишади, яъни бошқа маҳкумларнинг нарсаларини ўғирлаб олишади. Бундайларга хўроз билан бирга каламуш тумшуғи сурати ҳам туширилиши мумкин.

Яна бир ҳолатда эса маҳбусларни сотган, яъни “қулоқ”лик қилган маҳбуслар ҳам паст табақага туширилади.

“Опушенний” баданига туширилган тату.

Паст табақа вакилларига ювинишга рухсат беришмайди. Доимий калтакланиш ва ювинмаслик оқибатида улар жуда иркит ва бадбашара ҳолатга келиб қолишади.

“Чушка”лар – ақли пастлиги ва руҳий носоғломлиги ёки шунчаки бефаросат ва покиза эмаслиги боис ювинмасдан, шунингдек, кир ва йиртиқ кийимларда юрадиган маҳбуслар табақаси. Бундайларни “чёрт”, яъни шайтон деб ҳам аташади.

“Чёрт”лар ва “шестёрка”лар – маҳбусларнинг барча ифлос ишларини бажарувчи маҳкум. Улар одатда бироз пул эвазига блатнойларнинг хизматини қилишади. Улар мавқе бўйича “шнир”, “чушка” ва “шестёрка”лар билан тенг бўлади. Умуман, хизматкор бўлиб қоладиган табақа вакиллари зонага келган куниданоқ сирини олдириб қўйган маҳбуслардир. Улар жисмонан ёки руҳан кучсизлиги боис бошқа маҳбуслар иш буюрса йўқ, дея олмайди ва то озодликка чиққунича хизматкорлик қилишга маҳкум. Улар учун алоҳида маросим ўтказилмайди. Улар ишдан бўйин товласа, калтакланади.

Кимдир қора ишларни қилиши керак-ку!

Айрим ҳолларда обрўли блатнойларнинг ўз “шестёрка”си, яъни шахсий югурдаги бўлади. Уларни “шнир” ёки “гладиатор”, деб аташади. у фақат мазкур блатнойнинг топшириғини бажаради. Шу боис бошқа маҳбусларнинг айтганини қилмайди, калтакланмайди. Бироқ ҳомийси ҳокимиятини йўқотса, у ҳам яна аввалги мақомига тушириб қўйилади.

“Солдат”лар – аскарлар.

Улар СССР ИИВнинг Ички қўшинлари собиқ ходимлари. 90-йилларда улар кўпинча қотиллик бўйича буюртмаларни бажаришган. Умуман, пул эвазига киллерлик қилганлар зонада ҳурмат қозонмайди. Бундайлар мажбуран, “опушенний”га тушириш таҳдиди билан “торпедо” табақасига туширилган.

“Торпедо”лар

Буям уятли маст. Ҳар қандай каста вакили, ҳаттоки блатнойлар ҳам торпедога айланиб қолиши мумкин. Масалан, қиморда ютқазиб қўйиб қарзини тўлай олмаса шу аҳволга тушади. “Торпедо”лар пул эвазига жазолаш билан шуғулланади. Бироқ бу ошкор бўлиб қолса, “опушенний” бўлишга ёки ўлимга маҳкум этилади.

“Мусор”лар ёки “мент”лар

Собиқ полиция (милиция) ходимлари. Одатда жиноят содир этган милиция ходимлари алоҳида жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтайди. Бироқ ишдан кетганидан кейин жиноят содир этса, “эл қатори” ҳамма билан бирга “ўтиради”. “Мусор”ни уриш “западло” эмас. Уни ўлдириш эса каста ичида обрўни оширади.

Ғалати жойи шундаки, айтайлик, АҚШда полициячини ўлдирган жиноятчи қамоқда ҳам хор бўлади. СССР ва постсовет давлатларида эса бундай жиноятчининг обрўси ошади.


Мавзуга доир: Жиноят оламидаги табақалар. 2-мақола


“Мусорлар” “қизил” кастага киради. Бироқ улар билан мулоқот қилган ёки муносабатга киришган маҳбуслар паст табақага ўтказилмайди, бироқ обрўси пасайиши мумкин.

Энг қизиғи, “қизил зона”ларда ҳам “мусор” кастаси мавжуд. Уларга ИИВдаги “ички хавфсизлик” бошқармаси ходимлари киради. Чунки бу соҳа ходимлари бошқа милиция ходимлари орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, аниқлаш ва жазога тортиш билан шуғуллангани боис, бошқа бўлинмадаги милиционерлар уларни ёмон кўришади.

“Мусор”лар кастаси “опушениий” ва “шестерка”лардан баланд туради. Улар баданига мажбуран “наколка”, яъни тату чизилмайди, жинсий зўравонликка учрамайди.

Шу билан бирга, жиноятчилик оламида давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари "мусор" ҳисобланмайди. Уларни озодликда ҳам, зонада ҳам “контора”чи (айрим ҳолларда – “катта ака”, “база”, “фирмач”), деб ҳурмат қилишади.

“Барига”лар

Аслида жиноятчилар жаргонида деярли барча савдо ходимлари “барига” деб аталади. Бироқ зоналарда фақат ўғирланган молларни олиб-сотувчилар ва наркотик моддаларни сотувчиларни “барига” деб чақиришади.

Айрим маълумотларга қараганда, ҳозирда қамоқдагиларнинг деярли учдан бири наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғуллангани учун судланган ва озодликдан маҳрум этилган.

“Барига”ларга муносабат ҳар хил. Айрим зоналарда шундай қоида бор: ўзинг гиёҳванд истеъмол қилиб, ўзингни заҳарлаган бўлсанг, бу сенинг ишинг, бизга фарқи йўқ. Бироқ бу моддаларни одамларга сотган бўлсанг, одамларни заҳарлагансан, демак, “гад”сан”, дейишади. (“Гад” – одамларга зарар келтирувчи маҳбус). Бироқ бу кабилар зонада кўпчиликни ташкил этса, табиийки, ўзгача муносабат шаклланади.

Лекин ўғри қонунлари бўйича наркотик моддаларни сотишдан даромад олмаслик керак. Бироқ бошқаларга бу моддани “тортиқ”қилган бўлсангу, у пул берса, сен “барига” эмассан, дейишади.

Бироқ кўп ҳолларда “барига”ларга зонада ҳам наркотик модда топиб келишни буюришади. Қандай ва қайси пулга топиши ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳаттоки бу йўлга адашиб кириб қолган ва ундан тавба қилган одамлар ҳам яна эски алоқаларни тиклашга мажбур бўлишади.

Ўзгармас нарсанинг ўзи йўқ...

Гувоҳ бўлганингиздек, жиноятчилик оламининг қонунлари ҳақида гапирганда, мантиқ ва оқилона фикр юритиш қоидалари “четга чиқиб” туради. Бироқ ҳозирги пайтда зоналарда бу қоидаларни нормал жамиятга мослаштириш, мантиққа мослаш ҳаракатлари сезилмоқда. Масалан, бир неча йиллар аввал “қонундаги ўғрилар” “шерст”ларни кўпайтирманг, деган “прогон” тарқатишган. (“Шерст”, яъни жунлилар – ўз манфаати ёки маъмурият талаби билан ўғри қонунларини бузиб, “беспредел”га йўл қўювчилар – таҳр.) Яъни ҳар ким ўз билганича иш тутмасин, ўзича қонун ва касталарни ўйлаб топмасин, деган маъно кўзда тутилган.

“Прогон”да, шунингдек, жинсий аъзо билан жазолаш, “петух”ларни калтаклаш ва маҳбусларни бўлар-бўлмасга “опушенний”га айлантириш – “беспредел” экани тушунтирилган. Чунки ҳозир ҳамма жойда интернет ва камералар бор, бундай ҳолатлар тез ташқарига чиқиб кетиши ва нафақат маъмурият, балки “блатной”ларнинг обрўсига ҳам путур етиши мумкин.

Ҳозирда муаммоларни пул билан ҳал қилиш ўғри қонунларига ҳам сингиб бормоқда. Масалан, 90-йиллардан бошлаб, пул эвазига “қонундаги ўғри” бўлиш мумкин эди. Ҳатто хатога йўл қўйган маҳбусларни дарров паст табақага туширмасдан “имкон бериш” қоидалари ҳам пайдо бўлди. Бунинг учун эса албатта катта пул керак.

Ёки айтайлик, ном қозониб келаётган истеъдодли бир қўшиқчи қамоққа тушиб қолади. Қамоқхона бошлиғи унинг бу истеъдодидан унумли фойдаланади. Тўйларга хуфёна чиқаради. Тушган пулнинг каттагина улушини ўзида олиб қолади. Қўшиқчи ҳам бундай муносабатдан миннатдор – кунора тўй-ҳашам, маишат ва ўйин-кулги. Кўпчилик қамоқда озиб-тўзиб, соғлиғини йўқотиб қайтади. Бу қўшиқчи эса семириб, икки юзи қизариб, яна тағин таниш-билиш ва 3-4 сўм орттириб озодликка чиқади. Қўшиқчилик ҳурмати ва унинг мухлиси бўлган амалдорларнинг ёрдами билан ҳатто муддатидан олдин қамоқдан чиқарилади. Агар омади келса, номи кейинчалик оқланиб, вазир бўлиб кетиши ҳам мумкин. Ҳаёт тасодиф ва кутилмаган ҳолатларга тўла!

Авваллари, педофилия ёки жинсий зўрлаш билан қамалган одамлар зонада жазосини олади, деб ўйлашар эди ва шундай бўларди ҳам. Бироқ ҳозир деярли барча зоналар “қизил зона”. Шу боис, уларда “ўғри қонун”ларининг таъсири кучсиз. Демакки, аслида “опушенний” мастига лойиқ аблаҳлар ҳам пулнинг кучи билан қамоқда бамайлихотир яшаши мумкин.

Масалан, бир неча йиллар давомида етимхонадаги ёш қизчаларни зўрлаб келган амалдорлар қудратли “акахон”ларининг аралашуви билан атиги 1,5 йил уй қамоғига ҳукм қилиниши ва бу каби “майда-чуйда”лар ҳақида бош қотирмаслиги ҳам мумкин. Ҳатто зонага тушса-да, махсус, люкс камераларда ўтириб, ҳеч нарса кўрмагандек қайтиб келиш имкониятига ҳам эга, афсуски.

Шу боисдан, ўтган асрнинг 30-йилларида пайдо бўлган “ўғри қонунлари” ҳамда иерархиясининг эскириб қолгани ва бемаъни эканини зэкларнинг ўзи ҳам тушуниб етишмоқда.

Масалан, ўта “тўғри” “блатной” ресторанга овқатланиш учун кирса, “бу коса ёки қошиқни “петухлар ишлатмаганми?” деб сўрамайди-ку?! Агар шундай бўлган тақдирда, у “ўғри қонунлари” бўйича автоматик равишда “опушенний”га айланиши керак эди. Хуллас, бундай мантиқсизликлар кўп.

Лекин замонга мослашишга ва “ўғри “понятка”лари – тушунчалари”дан четлашиш ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Масалан, “қонундаги ўғрилар” “понятка”ларга зид равишда оила қуришмоқда, бизнес ва мол-мулкка эга бўлишмоқда. Агар “Вагнер” талаб қилса, давлат берган қуролни қўлига олиб, Украинага қариш урушмоқда, армияда хизмат қилмоқда. Ўғри “сходка”ларини Skype ёки Zoom орқали ўтказиб, “обшак” пулларини оффшор давлатларга ўтказиб, “ювиб”, легаллаштириб олишмоқда. Ҳатто “обшак” пулларини олиб, хорижга қочиб кетган “блатной”лар ҳам учраб туради.

Айрим “қонундаги ўғри”лар “қонунлар”нинг талабларини инобатга олмаган ҳолда ўз болаларига “тож кийдириб”, “қонундаги ўғри” деб эълон қилишмоқда.

Баъзилари эса ўз мавқесидан максимал даражада шахсий манфаат кўришга ҳаракат қилмоқда. Бундай салбий ва ижобий ўзгаришлар икки тарафдан бўляпти: бир тарафдан ўғри ва блатнойларнинг ўзлари “шерст”ларни кўпайтирманглар, оғир наркотиклар билан заҳарланманглар”, деб ислоҳотларни бошлаб беряпти. Иккинчи тарафдан эса жиноятчилик оламидаги коррупция ва пулга ўчлик тизимни эврилишга учратмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+