Навоийда ижтимоий харажатлар учун 30 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилди
Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги лифтларни янгилаш учун 2,1 млрд сўм, Хатирчи туманида хотира хиёбонини қуриш учун 500 млн сўм, Нурота туғруқхона бўлими учун 100 млн сўм берилади.
Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши маблағ ажратиш бўйича икки қарорни эълон қилди. Улар турли харажатлар, жумладан, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалаларни кўзда тутади.
Жумладан, биринчи ҳужжатга кўра ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилма объектларини қуриш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида амалга ошириладиган тадбирлар учун вилоят маҳаллий бюджетини 2024 йил 1-2 ва 3-чораклар даромадларни режадан орттирилиб бажарилган қисми ҳисобидан 13 430,0 млн.сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Бунда "Ёшлар жамғармаси" ва "Аёллар дафтари" жамғармасига 1 млрд сўмдан, вилоят ҳокимлигига 2,6 млрд сўм, вилоят кураш федерациясига 342 млн сўм, кечиктириб бўлмайдиган ва фавқулодда харажатлар учун 7 млрд 437 млн сўм ажратилади.
Иккинчи ҳужжатда эса вилоят маҳаллий бюджетини 2024 йил 3-чорак даромадларни режадан орттирилиб бажарилган қисми ҳисобидан 17 438,0 млн.сўм маблағ ажратилиши маълум қилинган.
Масалан, Навбаҳор туманидаги касб-ҳунар мактабини реконструкция қилиш учун 1 млрд сўм, Навоий шаҳрида замонавий кутубхона қуриш учун ҳам 1 млрд сўм, Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги лифтларни янгилаш учун 2,1 млрд сўм, Хатирчи туманида хотира хиёбонини қуриш учун 500 млн сўм, Нурота туғруқхона бўлими учун 100 млн сўм, Конимехдаги боғчани таъмирлаш учун 100 млн сўм, фавқулодда ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа масалалар учун эса 8 млрд 20 млн сўм ажратилади.