platina.uz

Айрим хусусий мактаблардан истеъмолчилар фойдасига 1,2 млрд сўмдан ошиқ пул қайта ҳисоб-китоб қилинди

Лицензия талаблари ва солиқ қонунчилигини бузган, санитария қоидаларига мос ўқув шароитларини яратмаган муассасалар бўйича 50 га яқин ҳужжатлар тегишли ваколатли органларга юборилган. 

Жамият
4 кун аввал, 10:40
Айрим хусусий мактаблардан истеъмолчилар фойдасига 1,2 млрд сўмдан ошиқ пул қайта ҳисоб-китоб қилинди

Рақобат қўмитаси томонидан айрим нодавлат таълим муассасаларига қарши чора кўрилди. Мактаблар бўйича истеъмолчиларидан кўплаб шикоятлар келиб тушган.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида нодавлат таълим хизматлари бўйича 500 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти Тошкент шаҳридаги субъектлар хиссасига тўғри келади.

Бунда, энг кўп мурожаатлар “NEWTON ACADEMY KZ”, “MERIT SCHOOL”, “MyTeacher” (“MYTEACHER GROUP”) платформаси, “MY MED ACADEMY” ва бошқа ташкилотлар фаолиятига тегишлидир.

Шикоятларда таълим сифатининг қониқарсизлиги, ўқитувчилар малакасизлиги, ўқув хоналарининг шарт-шароитлари жавоб бермаслиги, ўқув графигига риоя қилинмаслиги, хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилмаганлиги таълим беришда интизом йўқлиги ҳамда юзага келган бошқа муаммолар баён этилмоқда.

Баъзи таълим муассасалари томонидан истеъмолчиларни турли йўллар билан жалб қилиш ниятида рекламаларда “Жойлар сони чекланган”, “3 ойда тил ўрганинг”, “Кафолатланган таълим” каби бўрттирилган иборалардан фойдаланилмоқда.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгиланган.

Шунингдек, истеъмолчи сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда қонунчиликда назарда тутилган ўз талаблари қаноатлантирилиши учун устувор ҳуқуққа эга ҳисобланади.

“Реклама тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ноаниқ, фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга зарар етказиши мумкин бўлган рекламага йўл қўйилмайди.

Қўмита томонидан мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 1,2 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Шунингдек, лицензия талаблари ва солиқ қонунчилигини бузган, санитария қоидаларига мос ўқув шароитларини яратмаган ҳолатлар бўйича 50 га яқин ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.

Жумладан, “NEWTON ACADEMY KZ” ўқув маркази фаолияти юзасидан кўплаб шикоятлар тушаётганлиги ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун Бош прокуратура ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига юборилган.

Натижада, вазирлик томонидан ўқув маркази фаолияти текширилганда, лицензиясиз нодавлат мактабдан ташқари таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланганлиги ва ўқитувчиларнинг белгиланган сертификати мавжуд эмаслиги аниқланиб молиявий жарима қўлланилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, лицензия талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориши юзасидан огоҳлантирди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+