Тошкент вилоятида одамларни ўзбошимчалик билан жазолаб келган жиноий гуруҳ аниқланди
Гуруҳга 2004 йилда туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган, таэквондо билан шуғулланган ва "Ўғри" лақаби билан танилган шахс раҳбарлик қилган. Тезкор тадбир давомида гуруҳ раҳбари ҳамда унинг "Бўри", "Саман", "Абу", "Тош" ва "Баклан" лақаблари билан танилган беш нафар шериги қўлга олинди.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИББ ҳамкорлигида республика бўйлаб ўтказилаётган профилактик тадбирларининг учинчи босқичи доирасида Чирчиқ шаҳрида уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, гуруҳга 2004 йилда туғилган, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган, таэквондо билан шуғулланган ва "Ўғри" лақаби билан танилган шахс раҳбарлик қилган.
Тезкор тадбир давомида гуруҳ раҳбари ҳамда унинг "Бўри", "Саман", "Абу", "Тош" ва "Баклан" лақаблари билан танилган беш нафар шериги қўлга олинди. Уларнинг айримлари муқаддам ҳам турли жиноятлар учун судланган.
Қўлга олиш жараёнида "Ўғри"нинг ёнидан 1,8 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Шунингдек, гумонланувчиларнинг уяли телефонлари кўздан кечирилганда, фуқароларга нисбатан зўравонлик ишлатиш ва уларни ўзбошимчалик билан жазолаш — "самосуд" ҳолатлари акс этган видеолавҳалар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 112- ва 277-моддалари, гуруҳ раҳбарига эса қўшимча равишда 276-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Аввалроқ Навоийда 6 та жиноий гуруҳ ушланганди.





