Журналистларнинг ахлоқ-одоб кодекси муҳокама қилинди
Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан "Этика, хавфсизлик ва ОАВ эркинлиги: сифатли журналистика асослари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур сессияда журналистнинг нафақат тезкор, балки холис, ишончли ва масъулиятли ахборот етказиши, касбий этика талабларига риоя қилиши ҳамда жамоатчилик олдидаги масъулиятини ҳис этиши муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ННТ ҳамкорлигида "Этика, хавфсизлик ва ОАВ эркинлиги: сифатли журналистика асослари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда журналистика соҳаси вакиллари, экспертлар, ҳуқуқшунослар ва мутахассислар иштирок этиб, замонавий журналистика олдида турган долзарб вазифалар, касбий масъулият, ахборот ишончлилиги ҳамда журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Давра суҳбатининг кириш қисмида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен ҳамда "Минтақавий мулоқот" ННТ Ўзбекистон филиали директори Петра Горюп сўзга чиқиб, мавзунинг долзарблиги ва журналистика ривожида касбий стандартларнинг аҳамиятига эътибор қаратдилар.
.jpg)
Давра суҳбатининг "Ишонч асоси сифатида этика" сессиясида журналистика сифатини белгиловчи омиллар, ахборот истеъмоли тенденциялари ва аудитория ишончини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Миллий университети журналистика профессори, филология фанлари доктори Ёқутхон Маматова "Хайп қаерда тугаб, этика қаерда бошланади? Журналистика сифати масалалари" мавзусида маъруза қилди.
Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Жаҳонгир Азимов медиа истеъмоли тенденциялари ва журналистика стандартларининг аудитория ишончига таъсири ҳақида фикр билдирди.
Ҳуқуқшунос журналист, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси бошқаруви аъзоси Олимжон Ўсаров эса журналистларни ҳимоя қилиш профессионал муҳитни шакллантиришнинг муҳим шарти эканига эътибор қаратди.

Мазкур сессияда журналистнинг нафақат тезкор, балки холис, ишончли ва масъулиятли ахборот етказиши, касбий этика талабларига риоя қилиши ҳамда жамоатчилик олдидаги масъулиятини ҳис этиши муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирнинг навбатдаги қисми Журналистлар ахлоқ-одоб кодекси ва Этика комиссияси тўғрисидаги низом лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Медиа ҳуқуқшунос Мадина Турсунова томонидан Кодекс ва Этика комиссияси тўғрисидаги низом лойиҳаси тақдим этилди. Унда журналистларнинг касбий фаолиятида амал қилиши лозим бўлган ахлоқий мезонлар, профессионал масъулият ва этика тамойиллари юзасидан маълумот берилди.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Инсон ҳуқуқлари ва медиа кафедраси доценти Эътиқод Атакулова Кодекс лойиҳаси бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Муҳокамалар давомида журналистик фаолиятда холислик, ҳаққонийлик, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ахборот манбалари билан ишлаш маданияти каби масалаларнинг аҳамияти қайд этилди.
Иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар лойиҳаларни янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг янги аъзоларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.





