Мисрда ёнилғи ташувчи машина портлаб, 31 киши ҳалок бўлди
Эл-Варрақ туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса жойига жароҳатланганларни шифохоналарга ташиш учун тахминан 40 та тез тиббий ёрдам машинаси юборилди. Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги аҳоли зич жойлашган ҳудудда ёнилғи ташувчи машина ағдарилиб, портлаши оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди ва яна 15 киши жароҳат олди.
TodayPress TV телеканалининг хабар беришича, бу ҳақда Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди.
Эл-Варрақ туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса жойига жароҳатланганларни шифохоналарга ташиш учун тахминан 40 та тез тиббий ёрдам машинаси юборилди.
Миср ҳукуматига қарашли Al-Ahram газетаси манбаларига таяниб хабар беришича, юк машинасининг олдига юқори кучланишли электр узатиш тармоғининг сими тушиб кетгани сабабли ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва машина ҳаракат йўналишини кескин ўзгартира бошлаган.
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва унинг рафиқаси Интисор ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари, шунингдек, жабрланувчилар ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишни топширди.
Мамлакат Бош прокуратураси йўл-транспорт ҳодисаси сабаблари юзасидан тергов олиб борилаётганини маълум қилди. Шунингдек, барча ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ДНК намуналари олинди.
Эл-Варрақ — Миср пойтахтидаги Нил дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган туман. Бу ерда асосан ишчи ва ўрта синф аҳолиси яшайди.





