Қонунчилик палатаси 12 йиллик таълим бўйича қонуни қабул қилди
Ҳужжат билан бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжат билан бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, болаларнинг ушбу тайёрловдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаш, машғулотларни мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида ташкил этиш назарда тутилган.
Шу мақсадда "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги ҳамда "Таълим тўғрисида"ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Қайд этилишича, янги тартиб мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистон таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг хорижда таълим олиши учун қулайлик яратиш кўзда тутилган. Қонун лойиҳаси Сенатга юборилди.





