Жанубий Корея таълим вазири кўчирмакашлик можароси фонида истеъфога чиқди
Кириш имтиҳонида (CSAT) сунъий интеллектдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган янги қоидалар сўнгги дақиқада эълон қилингани сабабли имтиҳон топширувчилар ва ўқитувчилар орасида тушунмовчиликлар келиб чиққан.

Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён кириш имтиҳонлари қоидалари атрофидаги баҳс-мунозаралар фонида таълим вазири Чой Кё-Жиннинг истеъфосини қабул қилди.
Бу ҳақда президент маъмуриятига таяниб Yonhap ахборот агентлиги хабар берди.
Кириш имтиҳонида (CSAT) сунъий интеллектдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган янги қоидалар сўнгги дақиқада эълон қилингани сабабли имтиҳон топширувчилар ва ўқитувчилар орасида тушунмовчиликлар келиб чиққан.
Нашрнинг ёзишича, янги чоралар 19 ноябрь куни бўлиб ўтган имтиҳон арафасида жорий этилган. Унга кўра, имтиҳон хоналарига фақат қалам олиб киришга рухсат берилган, миниатюра камераларни яшириш эҳтимолини бартараф этиш мақсадида эса кийим тугмалари стикерлар билан ёпиб чиқилган.
Бундан ташқари, имтиҳон вақтида телефонларини топширмаганларни аниқлаш учун мамлакат бўйлаб мобил қурилмаларга уч маротаба фавқулодда огоҳлантириш хабари юборилган.
Чой ўз баёнотида олдиндан етарли тайёргарлик кўрилмагани борасидаги танқидларни тан олди. Президент унинг истеъфосини баёнот эълон қилинганидан тахминан бир соат ўтиб қабул қилди. Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, имтиҳон давомида электрон қурилмалардан фойдаланиш билан боғлиқ 111 та шубҳали ҳолат аниқланган.
Абитуриентлар ва ўқитувчилар сўнгги дақиқада киритилган ўзгаришлар шундоқ ҳам масъулиятли имтиҳон олдидаги ҳаяжон ва хавотирни янада кучайтирганидан норози бўлишди.
Чой имтиҳондан аввал парламентда айтган гаплари учун ҳам танқид остида қолган эди. Депутатлардан бири сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳолатларини 100 фоиз аниқлай олишига ишончи комиллигини сўраганида, 72 ёшли вазир: "Ёшим туфайли бунинг уддасидан чиқа олмасам керак", — дея жавоб берган.
Қоидаларнинг кескин ўзгартирилиши имтиҳонларда сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди. Жорий йилда Сертификатланган солиқ бухгалтери имтиҳонида энг юқори балл тўплаган талаба миниатюра камера, смартфон ва генератив сунъий интеллектдан фойдаланганини тан олган эди. Юридик факультетига кириш имтиҳонида (LEET) энг юқори балл олган яна бир номзод эса фирибгарликда гумон қилинмоқда. У ўз билим ва қобилиятини намойиш этишга ваъда берган жонли эфирга чиқмаганидан бир кун ўтиб — 19 ноябрь куни Сеул шарқидаги мотелда ҳушсиз ҳолда топилган ва кейинроқ вафот этган.
Полиция суд-тиббий экспертизаси (аутопсия) натижаларига таяниб, ҳодисада жиноят аломатлари аниқланмаганини маълум қилди.





