Немисларнинг 88 фоизи амалдаги канцлер фаолиятидан норози экани маълум бўлди
Шу билан бирга, "Германия учун муқобил" партияси (AfD) партиялар рейтингида 26% қўллаб-қувватлаш билан етакчиликни сақлаб қолди.

Германия аҳолисининг 88 фоизи канцлер Фридрих Мерцнинг фаолиятидан норози, бу аввалги ҳафтага нисбатан 2 фоиз пунктга кўп, дея хабар беради Forsa RTL ва NTV.
Респондентларнинг фақат 11 фоизи Мерцга ижобий баҳо беришди.
Шу билан бирга, "Германия учун муқобил" партияси (AfD) партиялар рейтингида 26% қўллаб-қувватлаш билан етакчиликни сақлаб қолди.
CDU/CSU блоки 21% овоз тўплади ва 5 фоиз пунктга ортда қолди. Бошқа партияларни қўллаб-қувватлаш ўзгаришсиз қолди: "Яшиллар" 16%, Германия Социал-демократик партияси (SPD) 13% ва Чап қанот 11% овоз олди. Эркин Демократик партия (FDP) 4% овоз олди ва респондентларнинг яна 9 фоизи бошқа сиёсий партияларни танлади.
Шу билан бирга, немисларнинг 57 фоизи ҳеч бир партия мамлакат муаммоларини ҳал қила олмайди, деб ҳисоблашади. Респондентларнинг 12 фоизи бу масалада AfDга, 10 фоизи эса CDU/CSU блокига ишонади.
Шунингдек, CDU/CSU тарафдорлари орасида кўпчилик (60%) канцлернинг фаолиятини маъқулламайди.
13 октябрь куни Мерц халқнинг севимлиси бўлишни истамаслигини, чунки унинг мақсади Германияни яна ўз йўлига қайтариш эканлигини айтганди.
7 октябрь куни Der Spiegel журнали учун ўтказилган Ipsos сўрови шуни кўрсатдики, немисларнинг 67 фоизи Мерцнинг канцлерлик лавозимини муваффақиятсиз деб ҳисоблашади. Респондентлардан Мерц канцлер ва Христиан Демократик Иттифоқи (CDU) раҳбари лавозимидан кетиши керакми ёки йўқми, деб алоҳида сўралди.
Респондентларнинг қирқ тўрт фоизи қатъий рози бўлган, яна 14 фоизи эса қисман рози бўлган. Фақат 11 фоизи Мерцнинг истеъфога чиқиши кераклигига ишонмаган.





