platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Таҳлил

Нега олтин ҳам, биткоин ҳам арзонлашмоқда?

Одатда дунёда иқтисодий ёки сиёсий вазият ёмонлашса, одамлар олтин сотиб олишга ҳаракат қилади. Чунки олтин асрлар давомида бойликни сақлашнинг ишончли воситаси бўлиб келган. Олтин нархининг пасайиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. 

Нега олтин ҳам, биткоин ҳам арзонлашмоқда?

Сўнгги кунларда жаҳон молия бозорларида қизиқ бир ҳолат кузатиляпти. Олтин ҳам, биткоин ҳам бир вақтнинг ўзида арзонлаша бошлади. 20 ноябрь куни биткоин нархи ҳатто 60 минг доллардан ҳам пастга тушган. Олтиннинг бир трой унцияси (31,1 грамм) эса 3 520 доллар атрофида баҳоланган.

Табиий савол туғилади: нега бундай бўлмоқда? Ахир, олтин азалдан пулни қадрсизланишдан сақлаш воситаси ҳисобланадику! Биткоинни эса кўпчилик XXI асрнинг "рақамли олтини" деб атайди. Нега энди ҳар иккисининг ҳам нархи тушиб кетяпти? Бу вақтинчалик ҳолатми ёки катта иқтисодий муаммоларнинг бошланишими? Бу саволларга жавоб бериш учун жаҳон иқтисодиётида кечаётган айрим жараёнларга эътибор қаратиш керак бўлади.

Ҳамма гап пулнинг қийматида

Аввало, шуни тушуниб олиш керакки, дунёдаги пул маблағлари доимо даромад олиш мумкин бўлган жойга қараб ҳаракатланади. Инвестор учун олтин, биткоин, акция, кўчмас мулк ёки банк омонати — ўз маблағини сақлаш ва кўпайтириш воситасидир. У кўпроқ даромад олиш ва камроқ хавфга дуч келиш имконияти бор жойга сармоя тикади. Бугунги вазиятда АҚШдаги юқори фоиз ставкалари муҳим роль ўйнаяпти. Америкада инфляция, яъни нарх-навонинг ўсиши билан боғлиқ муаммолар ҳали тўлиқ бартараф этилмаган. Шунинг учун АҚШ марказий банки — Федерал захира тизими фоиз ставкаларини пасайтиришга шошилмаяпти.

Буни оддий мисол билан тушунтирайлик. Айтайлик, бир кишининг 100 минг доллар маблағи бор. У бу пулга олтин ёки биткоин сотиб олиши мумкин. Лекин уларнинг нархи эртага қанча бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Бундай мавҳум шароитда у маблағини йиллик 4–5 фоиз даромад келтирадиган ишончли давлат облигацияларига йўналтирса, белгиланган шартлар асосида барқарор даромад олиш имкониятига эга бўлади. Бундай шароитда кўплаб инвесторлар таваккал қилишдан кўра нисбатан ишончли даромад олишни афзал кўради. Натижада олтин ва биткоин сотиб юборилиб, маблағлар бошқа молиявий воситаларга йўналтирилади. Сотувчилар кўпайгач, (таклиф кўпайиб – талаб пасайиб) нархлар пасая бошлайди.

Доллар кучайса, нега олтин арзонлашади?

Жаҳон иқтисодиётида АҚШ долларининг ўрни жуда катта. Нефть, газ, олтин, мис, буғдой ва бошқа кўплаб маҳсулотлар халқаро бозорларда асосан долларда баҳоланади. Доллар бошқа валюталарга нисбатан қимматлашса, одатда олтин нархига салбий таъсир кўрсатади.

Масалан, доллар қимматлашганда Хитой, Ҳиндистон, Япония ёки Европа мамлакатларидаги харидорлар бир хил миқдордаги олтинни сотиб олиш учун ўз миллий валютасида кўпроқ маблағ сарфлашига тўғри келади. Бу эса олтинга бўлган талабни камайтириши мумкин. Талаб камайса, табиийки, нархга ҳам таъсир қилади.

Биткоин бозорида ҳам шунга ўхшаш жараён кузатилади. Доллар мустаҳкамланганда ва долларда даромад олиш имкониятлари яхшиланганда инвесторларнинг бир қисми криптовалюталарини сотишга ҳаракат қилади. Бошқача айтганда, ҳозир жаҳон молия бозорларида пулнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиши содир бўлмоқда.

Нега одамлар олтинни ҳам сотмоқда?

Одатда дунёда иқтисодий ёки сиёсий вазият ёмонлашса, одамлар олтин сотиб олишга ҳаракат қилади. Чунки олтин асрлар давомида бойликни сақлашнинг ишончли воситаси бўлиб келган. Аммо баъзан шундай вазият юзага келадики, одамларга олтиндан ҳам кўра нақд пул зарур бўлиб қолади.

Тасаввур қилинг, бир тадбиркорнинг олтини, кўчмас мулки ва компаниялар акциялари бор. Бироқ унинг банкдан олган қарзини тўлаш муддати келди. У қарзини олтин билан эмас, пул билан тўлаши керак. Шунинг учун ўз олтинини, ҳатто арзон нархда бўлса ҳам, сотишга мажбур бўлиши мумкин.

Йирик инвестиция компанияларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз бермоқда. Акциялар арзонлашиши натижасида зарар кўрган инвесторларнинг айримлари молиявий мажбуриятларини бажариш учун олтинларини ҳам сотувга чиқармоқда.

Reuters агентлиги маълумотларига кўра, 20 ноябрь куни олтиннинг ҳафталик йўқотишлари 9 фоиздан ошган. Шунинг учун олтиннинг арзонлашишини одамлар унга бўлган ишончини йўқотгани билан изоҳлаш тўғри эмас. Айрим ҳолларда бу шунчаки пулга бўлган эҳтиёжнинг ортиши натижасидир.

Сунъий интеллект ҳам молия бозорларига таъсир кўрсатяпти

Сўнгги йилларда дунёда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун жуда катта маблағ сарфланди. Йирик компаниялар янги компьютерлар, микрочиплар ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуришга миллиардлаб доллар йўналтирди. Натижада кўплаб технологик компанияларнинг акциялари кескин қимматлашди.

Энди эса инвесторларда табиий савол пайдо бўлмоқда: шунча сарфланган маблағ қачон ва қандай қилиб ўзини оқлайди? Бу компанияларнинг ҳақиқий даромади уларнинг бозордаги қийматига мос келадими? Ана шу шубҳалар туфайли айрим инвесторлар технологик компанияларнинг акцияларини сотишни бошлади.

Муаммо шундаки, бугунги кунда жаҳон молия бозорлари бир-бири билан чамбарчас боғланган. Йирик инвестор бир вақтнинг ўзида акцияларга, олтинга ва криптовалюталарга маблағ киритган бўлиши мумкин. У бир бозорда зарар кўрса, бошқа бозордаги активларини сотишга мажбур бўлади. Шу тариқа технология соҳасида бошланган муаммо олтин ва биткоин бозорларига ҳам тарқалиши мумкин.

Нега биткоин олтинга нисбатан тезроқ арзонлашмоқда?

Биткоин билан олтин ўртасида катта фарқ бор. Олтин инсоният тарихида минг йиллар давомида ўз қийматини сақлаб келган. У заргарлик, саноат, тиббиёт ва электроника соҳаларида ишлатилади. Дунё мамлакатларининг марказий банклари ҳам ўз захираларининг бир қисмини олтин шаклида сақлайди. Биткоин эса нисбатан янги рақамли актив. Унинг нархи кўп жиҳатдан одамларнинг унга бўлган ишончи ва талабига боғлиқ. Биткоин тарафдорлари унинг умумий миқдори 21 миллион дона билан чекланганини асос қилиб, келажакда у янада қимматлашишини таъкидлайди. Лекин иқтисодиётда маҳсулотнинг камёблиги унинг нархи доимо ошиб боришини англатмайди. Камёб маҳсулотга талаб бўлмаса, унинг нархи ҳам пасаяди. Халқаро валюта жамғармаси мутахассисларининг тадқиқотлари ҳам АҚШда фоиз ставкаларининг ошиши криптовалюталар нархига салбий таъсир кўрсатишини тасдиқлайди. Биткоин бозорида бугун айнан шундай муаммо кузатилмоқда: сотишни хоҳлаётганлар кўпаймоқда, харидорлар эса шошилмаяпти.

Нега йирик инвесторлар биткоиндан пулларини олиб чиқа бошлади?

Илгари биткоин билан асосан хусусий шахслар қизиққан бўлса, кейинги йилларда йирик молия компаниялари ва инвестиция фондлари ҳам ушбу бозорга кириб келди. Уларнинг миллиардлаб доллар маблағ киритиши биткоиннинг қимматлашишига ёрдам берди. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор. Агар йирик инвесторлар маблағларини қайтариб олишни бошласа, нархлар тез пасайиши мумкин.

Биргина 2026 йилнинг 19 ноябрь куни АҚШдаги биткоинга ихтисослашган биржа инвестиция фондларидан 582 миллион доллардан ортиқ маблағ чиқиб кетган. Ноябрь ойининг дастлабки 19 кунида эса бу кўрсаткич қарийб 3,5 миллиард долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, айрим одамлар қарз олиб, биткоин сотиб олади. Нарх тушганда улар қарзларини қайтариш учун биткоинларини сотишга мажбур бўлади. Натижада нархнинг пасайиши янги сотувларга, янги сотувлар эса нархнинг янада тушишига сабаб бўлади.

Олтин ўз аҳамиятини йўқотяптими?

Ҳозирча “олтин ўз қадрини йўқотяпти”, дея хулоса чиқаришга эрта. Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида дунё марказий банклари ва бошқа расмий молия муассасалари соф ҳисобда 675 тонна олтин сотиб олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоиз кўпдир.

Хўш, нега давлатлар олтин сотиб олишда давом этяпти? Чунки дунёда геосиёсий зиддиятлар, иқтисодий санкциялар, савдо урушлари ва давлат қарзлари билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Кўплаб мамлакатлар ўз бойликларини фақат долларда ёки бошқа хорижий валютада сақлашни истамаяпти. Улар захираларининг муайян қисмини олтин шаклида сақлашни маъқул кўрмоқда. Шунинг учун олтиннинг бугунги арзонлашиши унинг келажакдаги аҳамияти пасайишини англатмайди. Олтин бозоридаги қисқа муддатли ўзгаришлар билан унинг узоқ муддатли иқтисодий аҳамиятини бир-биридан фарқлаш керак.

Бу ҳолат Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?

Олтин нархининг пасайиши Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки мамлакатимиз халқаро захираларининг 90 фоиздан ортиғини ушбу қимматбаҳо металл ташкил этади.

Маълумот учун, 2019 йилда Ўзбекистон 4,9 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2021 ва 2022 йилларда қарийб 4,1 млрд доллардан, 2023 йилда 8,1 млрд долларлик, 2024 йилда қарийб 7,5 млрд долларлик, 2025 йилда эса рекорд даражада — 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилган.

Бироқ 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида олтин экспорти 2,8 млрд долларни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 9,8 млрд долларга тенг эди. Демак, олтин экспортидан тушган даромад 71,4 фоизга, экспортнинг жисмоний ҳажми эса 85 тоннадан 18 тоннага камайган. Эътиборлиси, экспортнинг қисқариши олтин нархининг ҳозирги кескин пасайишидан анча олдин, мамлакат олтин захираларини кўпайтириш жараёнида содир бўлган.

Олтин кўпаймоқда, аммо захиралар қиймати камаймоқда

2026 йил бошидан буён Ўзбекистоннинг олтин захиралари 390 тоннадан қарийб 454 тоннага кўпайди. Бироқ мамлакат халқаро захираларининг умумий қиймати март ойидаги 77,1 млрд доллардан ноябрь ойи бошида 63,6 млрд долларга тушди. Яъни 13,5 млрд долларга камайди.

Ҳозирги захиралар миқдоридан келиб чиқиб ҳисобласак, олтиннинг бир трой унцияси нархи ҳар 100 долларга пасайганда, Ўзбекистон олтин захираларининг бозор қиймати тахминан 1,46 млрд долларга, 500 долларга пасайганда эса 7,3 млрд долларга камаяди.

Олтин нархи 3 550 доллар бўлган шароитда мамлакатнинг мавжуд олтин захиралари қиймати тахминан 51,8 млрд долларни ташкил этади. Албатта, бу ҳақиқий пул ёки олтин йўқотилганини эмас, балки захираларнинг бозор қиймати пасайганини англатади.

Олтинни қимматлигида сотиш керак эдими?

Агар Ўзбекистон 10 тонна олтинни бир унцияси 5 000 доллардан сотганида, 1,61 млрд доллар даромад олган бўлар эди. Худди шу миқдордаги олтинни 3 550 доллардан сотиш эса 1,14 млрд доллар келтиради. Фарқ — қарийб 466 млн доллар. 100 тонна олтин мисолида эса бу фарқ 4,66 млрд долларни ташкил этади. Бироқ олтин захираларини кўпайтириш сиёсатини бир томонлама хато деб баҳолаш тўғри эмас. Чунки олтин нафақат даромад манбаи, балки давлатнинг узоқ муддатли молиявий хавфсизлигини таъминловчи муҳим восита ҳамдир.

Ўзбекистон иқтисодиёти учун эҳтимолий оқибатлар

2026 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистоннинг умумий экспорти 5,5 фоизга қисқарган, импорт эса 15,7 фоизга ошган. Натижада ташқи савдо тақчиллиги 13,7 млрд долларга етган. Олтин нархининг янада пасайиши мамлакатга валюта тушумларининг қисқаришига, кончилик корхоналари даромадлари ва солиқ тушумларининг камайишига, сўм курсига босимнинг кучайиши ҳамда импорт маҳсулотларининг қимматлашишига олиб келиши мумкин.

Айни пайтда олтиндан ташқари товарлар экспортининг 31,6 фоизга, хизматлар экспортининг эса 31,1 фоизга ўсгани ижобий тенденция ҳисобланади. Ҳозирги вазият шуни кўрсатяптики, олтин захираларининг кўпайиши ҳар доим ҳам миллий бойлик қийматининг ошишини англатмайди. Шу боис халқаро захираларни оқилона бошқариш, олтин экспорти бўйича пухта ўйланган сиёсат юритиш ва валюта тушумлари манбаларини диверсификация қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг иқтисодий фаровонлиги жаҳон бозоридаги олтин нархларига эмас, балки саноат, илм-фан, замонавий технологиялар, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятининг ўсишига тобора кўпроқ боғлиқ бўлиши лозим.

Энди олтин ва биткоин нархларига нима бўлади?

Яқин ойларда вазият кўп жиҳатдан АҚШ иқтисодиётидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлади. Агар Америкада инфляция юқори даражада сақланиб қолса ва фоиз ставкалари яна оширилса, олтин ҳам, биткоин ҳам арзонлашишда давом этиши мумкин. Лекин инфляция пасайса, фоиз ставкаларини тушириш имконияти пайдо бўлса ва инвесторларнинг молия бозорларига ишончи тикланса, ҳар икки активнинг нархи қайта кўтарилиши мумкин.

Учинчи эҳтимол ҳам бор. Агар дунёда сиёсий зиддиятлар ёки иқтисодий инқироз хавфи кучайса, одамлар яна олтин сотиб олишга киришиши мумкин. Бундай шароитда олтин қимматлашиб, биткоин арзонлашишда давом этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шу боис олтин ва биткоиннинг бугун биргаликда арзонлашаётгани эртага ҳам уларнинг нархи бир хил йўналишда ўзгаришини англатмайди.

Хулоса

Олтин ва биткоин нархларининг бир вақтда пасайиши тасодифий ҳодиса эмас. Бунинг ортида доллар қимматлашиши, юқори фоиз ставкалари, йирик инвесторларнинг маблағларини қайтариб олиши ва жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар турибди.

Оддий қилиб айтганда, ҳозир дунёда пул йўқолиб кетгани йўқ. Маблағларнинг катта қисми бир бозордан бошқа бозорга ўтмоқда. Бироқ активлар арзонлашиши натижасида инвесторларнинг бойлиги ҳам камаймоқда. Одамлар олтин ва биткоиндан кўра ҳозирча нисбатан ишончли даромад келтирадиган молиявий воситаларни афзал кўрмоқда.

Бугунги вазиятдан чиқариш мумкин бўлган энг муҳим хулоса шуки, дунёда доимо қимматлашиб борадиган активнинг ўзи йўқ. Олтин ҳам, биткоин ҳам, доллар ҳам, кўчмас мулк ҳам иқтисодий шароитга қараб ўз қийматини ўзгартириши мумкин. Шунинг учун ҳам давлатлар, ҳам тадбиркорлар, ҳам оддий фуқаролар ўз маблағларини фақат битта активга боғлаб қўймаслиги, иқтисодий вазиятни тўғри баҳолаши ва шошма-шошарлик билан қарор қабул қилмаслиги лозим.

Иқтисодиётнинг оддий, аммо муҳим қонунияти бор: қаердаки кўпроқ даромад ва ишончлилик топса, пул ўшаёққа ҳаракатланади. Бугун жаҳон молия бозорларида айнан шу жараёнга гувоҳ бўляпмиз.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid