platina.uz
Жамият

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олувчи гуруҳлар қўлга олинди

Бир ҳолатда давлат манфаатларига ва экологияга тахминан 7 млрд сўмдан ортиқ, иккинчи ҳолатда эса  6,1 млрд сўм зарар етказилган. 

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олувчи гуруҳлар қўлга олинди

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олувчилар аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда давлат захирасидаги ерларда таркибида олтин бўлган рудаларни қазиб олиб, кимёвий қайта ишлов бериш билан шуғулланган бир гуруҳ шахсларнинг ҳаракатлари фош этилди.

Аниқланишича, уларга Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи, 1988 й.т. фуқаро бошчилик қилган бўлиб, у Навоий вилоятининг Кармана туманидаги паррандачиликка ихтисослашган хўжалик биносини ижарага олиб, яширин цех ташкил этган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 200 кг ярим тайёр олтин, 200 дона қопда олтин моддаси бўлган қум ва тошлар, 300 кг кимёвий воситалар, 1 дона махсус лаборатория жиҳози, 8 дона газ баллон, 1 дона махсус тегирмон ва бошқа асбоб-ускуналар ашёвий далил сифатида олинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига ва экологияга етказилган зарар тахминан 7 млрд сўмдан ортиқни ташкил этади.

Ҳолат юзасидан 1988 й.т. фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навбаҳор туманида кузатилган ҳолатда эса маҳаллий МЧЖ раҳбари сохта рухсатнома асосида, “Сармишсой” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудидаги 8 гектар майдонда 19 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда олтин қазиб олиш билан шуғулланган.

Тезкор тадбир давомида 6 кг ярим тайёр олтин, 430 тоннадан ортиқ таркибида олтин моддаси бўлган рудалар, 1,4 кг кимёвий воситалар, 4 та юк автомобили, 4 та юкловчи трактор ҳамда асбоб-ускуналар ашёвий далил сифатида олинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 6,1 млрд сўмлик қазилма бойликлар талон-торож қилинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан лаборатория таҳлиллари тайинланиб, экология ва атроф-муҳитга етказилган зарар миқдори ҳисобланмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid