"Жадидлар изидан" танловининг ҳудудий босқич саналари эълон қилинди
Натижаларга кўра, ҳар бир ҳудуддан икки нафар, ҳар бир ёш тоифасида энг юқори балл тўплаган биттадан ўқувчи республика босқичига ўтади. Шу тариқа декабрга режалаштирилган якуний баҳсларда 28 нафар иштирокчи қатнашади.

2026 йил 19–25 ноябр кунлари "Жадидлар изидан" республика танловининг ҳудудий босқичи ўтказилади.
Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 416 нафар ўқувчи республика босқичига йўлланма учун беллашади.
Ташкилотчилар маълумотига кўра, 23 октябрда ўтказилган туман ва шаҳар босқичларида жами 722 808 нафар ўқувчи қатнашган. 208 та туман ва шаҳарнинг ҳар биридан икки ёш тоифаси бўйичи биттадан ғолиб сараланган.


Республика "Келажак" маркази ташкил этаётган танловда ўқувчилар 6–8-синфлар ва 9–10-синфлар тоифаларида баҳслашади. Ҳудудий босқичда улар бошқотирма ечади, жадидлар асарлари юзасидан саволларга жавоб беради ва иншо ёзади.
Учта шарт учун жами 100 балл белгиланган. Шундан 50 балл асар таҳлилига ажратилган: иштирокчи билетдаги саволларга тайёргарлик учун вақт берилмаган ҳолда, етти дақиқа давомида жавоб беради. Бошқотирма учун 20 балл, иншо учун эса 30 балл тўплаш мумкин.

Ҳудудий босқичнинг сана ва ҳудудлари:
19 ноябр — Андижон ва Сурхондарё вилоятлари
20 ноябр — Самарқанд вилояти
21 ноябр — Наманган, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари
23 ноябр — Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятлари
24 ноябр — Сирдарё вилояти
25 ноябр — Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳри.

Натижаларга кўра, ҳар бир ҳудуддан икки нафар: ҳар бир ёш тоифасида энг юқори балл тўплаган биттадан ўқувчи республика босқичига ўтади. Шу тариқа декабрга режалаштирилган якуний баҳсларда 28 нафар иштирокчи қатнашади.
Республика босқичида ҳар икки ёш тоифаси бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари аниқланади. Аввал эълон қилинган танлов шартларига кўра, энг юқори натижа кўрсатган жами 14 нафар ўқувчи хорижга таълим саёҳатига юборилади.
Финалда биринчи ўринни эгаллаган битирувчилар олий таълим муассасаларининг касбий (ижодий) имтиҳонида энг юқори балл ажратилган фандан максимал балл олиш ҳуқуқига эга. Имтиёз танлов кунидан бошлаб бир йил давомида амал қилади.





