Ким ҳақ: вазирлик ёки туман ҳокимлиги
16 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Яшнобод туманидаги маҳалла раиси пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар қилди. Ҳокимлик эса, вазирликнинг бу хабарини рад қилди. Ҳокимликка кўра, маҳалла раиси ҳозир ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Вазирлик нима демоқда?
2026 йилнинг 16 ноябрь куни Ички ишлар вазирлиги Телеграм каналида “Тошкент шаҳрида маҳалла раиси пора билан қўлга тушди” сарлавҳали видео материал эълон қилинди.
Видеода айтилишича, айрим шахслар осон даромад топиш илинжида инсонларнинг ишончидан фойдаланиб, давлат мулкини ноқонуний равишда расмийлаштириб бериш ҳолатлари кўп учрамоқда.
“ “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлар доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Коррупсиявий жиноятларга қарşи курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Учтепа туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида маҳалла раиси пора олиш устида қўлга тушди”, дейилади вазирлик видео материалида.
Вазирлик хабарига кўра, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида маҳалла раиси бўлиб ишлаб келган, шахс тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога Яшнобод туманига қарашли бинода тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун жой ажратиб бериш ва шартнома расмийлаштириб бериш эвазига 900 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни олаётган вақтда қўлга олинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан мансабини суиистеъмол қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси, тўртинçи қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилади вазирлик каналидаги видео хабарда.
Ҳокимлик хабарни рад қилди
Шу куннинг ўзида Яшнобод ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган “Моҳирлар” маҳалласи раисининг давлат мулкини ноқонуний равишда тадбиркорга пора эвазига беришга урингани сабабли қўлга олингани ва унга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақидаги хабарни рад қилди.
Ҳокимликнинг расмий Ахборот хизмати расмий Телеграм саҳифасида ёзилишича, жорий йилнинг 5 август куни Учтепа тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан маҳалла раисига нисбатан суриштирув ишлари олиб борилган.
“Суриштирув натижасида баҳсли ҳолатга сабаб бўлган жой давлат мулки эмаслиги, балки Яшнобод тумани ҳудудидаги савдо мажмуасининг иккинчи қаватида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи маҳалла раисининг отасига мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлиги расмий ҳужжатлар билан тасдиқланган ва жиноят аломатлари борлиги ўз тасдиғини топмаган”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Яшнобод туман ҳокимлиги ҳолат юзасида жиноят иши қўзғатилмагани ва бирон шахс жавобгарликка тортилмаганини маълум қилди.
Ҳокимликка кўра, маҳалла раиси айни вақтда ўз хизмат фаолиятини давом эттирмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ижтимоий тармоқлар ва интернетда асоссиз (ёлғон) маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган.
Ижтимоий тармоқ вакилларидан ҳолатнинг барча тафсилотларини ўрганмасдан, асоссиз маълумотларни тарқатмаслик, шу билан давлат идораларига нисбатан ишончсизликни тарғиб этмаслик талаб этилади”, дейилади ҳокимлик расмий муносабатида.





