Ўзбекистонда телефонлар арзонлашиши мумкин: импорт божи 0 фоизга туширилади
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш доирасида мобил телефонлар импорти учун божхона божи бекор қилиниши кутилмоқда. Бироқ телефонлар импортида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) сақланиб қолади.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш доирасида мобил телефонлар импорти учун божхона божини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу телефонлар нархини тахминан 5 фоизга арзонлаштириши мумкин.
Бу ҳақда Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов Контент тайёрлаш марказидаги матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда Platina.uz мухбири.
Унинг сўзларига кўра, ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларда мобил қурилмалар импорти учун 0 фоизлик божхона божи ставкаси бўйича келишувга эришилган.
Шу билан бирга, божхона божининг бекор қилиниши давлат бюджетига тушумларни 300–400 млрд сўмга камайтириши мумкин. Бироқ телефонлар импортида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) сақланиб қолади.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январь–октябрь ойларида Ўзбекистонга расмий равишда 4,1 млн дона мобил қурилма олиб кирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 млн донага кўп.
Ушбу даврда мобил қурилмалар импортидан тушган божхона тўловлари 2,1 баробарга ошиб, 2 трлн сўмни ташкил этган.
Хусусан, 10 ойда мамлакатга 452 мингдан ортиқ iPhone олиб кирилган. Ушбу қурилмалар учун тўланган божхона тўловлари 756,6 млрд сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 баробар кўп.





