Ўзбекистонда 12 та давлатнинг 31 та аккредитация ташкилоти тан олинади
Улар таълимнинг турли йўналишлари, жумладан, умумий таълим, муҳандислик, аниқ фанлар, технология, бизнес, бошқарув, тиббиёт, биология, ижтимоий соҳа ҳамда хизмат кўрсатиш ва туризм йўналишларида фаолият юритади.

Ўзбекистонда халқаро аккредитация ташкилотларини тан олишнинг ягона тизими жорий этилди.
Ўзбекистонда таълим сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш, халқаро аккредитация натижаларининг ишончлилигини таъминлаш ҳамда таълим ташкилотларига нуфузли аккредитация ташкилотларини танлашда кўмаклашиш мақсадида Халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестри шакллантирилган.
Реестрни шакллантириш ва юритишнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 августдаги 498-сон қарори ҳамда Миллий агентлик директорининг 2026 йил 27 январдаги 9-сон буйруғи билан тасдиқланган низомлар асосида белгиланган.
Аккредитация ташкилотларини Реестрга киритишда уларнинг халқаро фаолияти, сифатни таъминлаш соҳасидаги тажрибаси, халқаро ташкилотларга аъзолиги, аккредитациядан ўтказган таълим дастурлари, экспертлар таркиби ва фаолиятининг миллий қонунчиликка мувофиқлиги каби мезонлар ҳисобга олинади. Реестрга киритилган ташкилотлар фаолияти мунтазам мониторинг қилиб борилади.
Ҳозирги кунда Реестрга 12 та давлатдан 31 та халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилоти киритилган. Улар таълимнинг турли йўналишлари, жумладан, умумий таълим, муҳандислик, аниқ фанлар, технология, бизнес, бошқарув, тиббиёт, биология, ижтимоий соҳа ҳамда хизмат кўрсатиш ва туризм йўналишларида фаолият юритади.
Реестрдаги ташкилотларнинг асосий қисми Германия (7 та), Буюк Британия (6 та) ва Испания (4 та) ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Франция ва АҚШдан 3 тадан аккредитация ташкилоти киритилган.
Халқаро аккредитация натижалари
Реестрга киритилган 31 та ташкилотдан ҳозирга қадар 4 таси — Германиянинг ACQUIN ва ASIIN, Буюк Британиянинг QAA ҳамда Испаниянинг UNWTO TedQual ташкилотлари томонидан ўтказилган аккредитация натижасида 17 та олий таълим ташкилотининг жами 128 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтган.
Мазкур олий таълим ташкилотлари:
➖ Андижон давлат университети;
➖ Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети;
➖ Бухоро давлат университети;
➖ Фарғона давлат университети;
➖ Фарғона давлат техника университети;
➖ Жиззах давлат педагогика университети;
➖ Маъмун университети;
➖ Навоий давлат университети;
➖ Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети;
➖ “ТИҚХММИ” миллий тадқиқот университети;
➖ Тошкент ахборот технологиялари университети;
➖ Тошкент давлат педагогика университети;
➖ Тошкент давлат техника университети;
➖ Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз филиали;
➖ Урганч давлат университети;
➖ Урганч RANCH технология университети;
➖ Янги Ўзбекистон университети.
Шу билан бирга, Реестрга киритилган қолган 27 та аккредитация ташкилотининг имкониятларидан ҳозирга қадар фойдаланилмаган.
Мазкур тизим таълим ташкилотларига халқаро миқёсда тан олинган аккредитация ташкилотларини танлаш имконини яратиш билан бирга, таълим сифатини ташқи баҳолаш жараёнларининг шаффофлиги ва ишончлилигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, халқаро аккредитация амалиётини кенгайтириш орқали Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро таълим маконига интеграциялашувини жадаллаштиришга замин яратади.
Реестр бўйича батафсил таҳлилий шарҳ ушбу ҳаволада келтирилган.





