Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти ҳокимликлари "ёпиқ" ташкилотлар рўйхатидан жой олди
"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ, Рақамли технологиялар, Адлия вазирликлари ва қатор тузилмалар ижобий натижа қайд этди.

Жамоатчиликка "очиқ" ва "ёпиқ" ташкилотлар рейтинги эълон қилинди. Бу ҳақда Аксилкоррупция агентлиги хабар берди.
Президент Фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги 2022 йилдан бошлаб ҳар йили “Очиқлик индекси” асосида баҳолаб келинмоқда.
2025 йил якунлари бўйича ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди. Баҳолаш жараёни 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида амалга оширилди.
Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи “яшил”, 22 таси “сариқ” ва 9 таси “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.

2022 йилдаги, яъни илк баҳолаш кўрсаткичлари билан таққослаганда “яшил” тоифадагилар 3,5 баробарга кўпайган бўлса, “сариқ” тоифадагилар 2 баробар ва “қизил” тоифадагилар 3 баробарга камайган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” АЖлари, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.
Республика даражасидаги ташкилотлардан — Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, ҳудудий миқёсда эса Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, “қизил” тоифада баҳоланди.
Агентлик томонидан келгусида баҳолаш жараёнларини қуйи тизимларда ҳам амалга ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, 2026 йил 2-ярмидан синов тариқасида Навоий вилоятининг туман ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилотлари фаолияти очиқлиги даражасини index. anticorruption.uz платформасида баҳолаш режалаштирилмоқда.
