Эрон элчихоналарининг Самарқанд бўйича сиёсий постлари тармоқлардан ўчирилди
Ушбу постлар сабаб жорий йилнинг 23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.

Эрон элчихоналарининг Самарқанд бўйича сиёсий постлари тармоқлардан ўчирилгани маълум қилинди.
26 октябрь Эрон Ислом Республикасининг Арманистон, Болгария, Зимбабве, Финляндия ва Хитойдаги элчихоналари томонидан Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси билан боғлиқ, сиёсий мазмундаги баёнотлар ваколатхоналарнинг Х тармоғидаги саҳифаларидан олиб ташланди. Бу ҳақда Ўзбекситон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.
Жорий йилнинг 19 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга келган эди ва у Регистон майдонидан туриб мурожаат йўллаганди. У ўз мурожаатида Самарқанд шаҳрини дунёда муҳим аҳамиятга эга кам сонли шаҳарлардан бири эканини айтганди.

Эрон элчихоналари хабарларида эса Самарқанда форс маданиятининг бир қисми сифатида талқин этилган.
Ушбу постлар сабаб жорий йилнинг 23 октябрь куни Эроннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди. Мулоқот давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси кўп асрлик тарихий-маданий тараққиётнинг ажралмас қисми экани таъкидланган.
Эрон томонидан баҳсли постларни дипломатик ваколатхоналарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан олиб ташлаш ҳамда келгусида бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик талаб қилинган.





