Компютер моноблокини пора сифатида олган экология бўлим бошлиғи 5 йилга қамалди
Мансабдор 100 тупга яқин терак кесилгани ҳолати бўйича чора кўрмаслик, табиатга етказилган зарарни камайтириш ҳамда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига ушбу қурилмани сўраган.

Жомбой тумани экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи компютер моноблокини пора сифатида олгани аниқланди. ОАВда мазкур ишнинг суд тафсилотлари пайдо бўлди.
Айтилишича, 39 ёшли Ж.Р. туманнинг Зарафшон маҳалласида 100 тупга яқин терак кесилгани ҳолати бўйича чора кўрмаслик, табиатга етказилган зарарни камайтириш ҳамда транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига нархи 11 млн сўм бўлган компютер жамланмасини (моноблок) талаб қилган.
У 26 июн куни ўз хизмат хонасида моноблокни пора тариқасида олган вақтида тезкор тадбирда ушланган. Ж.Р. судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда компютер жамланмасини ишхонасига керак бўлгани учун сўраганини айтган.
Дарахт кесувчилар дастлаб 300 доллар пора таклиф қилган. "Унга пул керак эмаслигини, ишхонамга керак бўлгани сабабли компютер олиб беришини, шундан сўнг юк машинасини жарима майдончасидан чиқаришга ёрдам қилишимни айтдим. Лекин жаримани камайтириб бераман демадим”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.
ЖИБ Жомбой туман суди ҳукми билан Ж.Р. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган.
Унга 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.





