platina.uz
Жамият

БААда “энергетик нейтрал масжид” қуриляпти

Самарқанддаги ёшлар форумига келган БААлик экофаол Platina.uz сайтига бу ҳақда тўлиқ маълумот берди.

БААда “энергетик нейтрал масжид” қуриляпти

Дунё бўйлаб ривожланган мамлакатларда урбанизация жараёни вақт сайин кучайиб ҳамда тезлашиб бормоқда. Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларида ҳам замонавий, кўп қаватли иншоотлар бунёд этиш, бироқ бу орқали табиатга ўзгартиришлар киритиш жараёни жадал суръатларда ривожланмоқда.

Маълумки, дунё бўйича углерод чиқиндиларининг тахминан 39 фоизи қурилиш ва бинолар соҳасига тўғри келади. БААда бу кўрсаткич янада юқори.

Шу билан бирга, ҳаво транспортидан қоладиган углерод излари, сув ресурсларининг чеклангани, балиқларнинг ортиқча овланиши, чиқиндилар ҳажмининг тез ўсиши, ҳаво ифлосланиши, тупроқнинг деградацияси ва чўлланиш жараёни – буларнинг барчаси мамлакат учун жиддий экологик хавф туғдиради.

БААда ҳар бир киши ҳисобига тўғри келадиган экологик, сув ва углерод излари дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бунинг сабаби – мамлакатнинг иссиқ ва қуруқ иқлими, катта миқдордаги энергия сарфи ҳамда кўплаб маҳсулотларнинг импорт воситасида келтирилиши билан изоҳланади.

Бугунги кунда БААдаги экологик муаммоларни кам деб бўлмайди. Мамлакат тез иқтисодий ўсиш ва глобал исиш оқибатлари билан бир пайтда тўқнаш келмоқда. Шу сабабли, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва унинг барқарор ривожланиши масалалари ҳукумат сиёсатида устувор йўналишга айланган.

Тез суръатлардаги урбанизация, аҳоли сонининг ортиши, энергия ва сувга бўлган талабнинг кўпайиши билан боғлиқ жараёнлар атмосферага чиқиндиларнинг ошишига олиб келмоқда. Бу эса мамлакат олдига янги экологик вазифаларни қўймоқда.

Ечим бор: барқарор ривожланиш сари

БАА 2050 йилгача углерод чиқиндиларини нол даражага етказиш мақсадини қатъий белгилаган. Мамлакат ҳукумати саноат соҳаларини қайта жиҳозлаш ва “зеро” чиқинди” тамойилига риоя этилган бинолар қуришга катта аҳамият бермоқда.

Шунингдек, БАА қумли ҳудудларда чўлланишга қарши кураш бўйича миллий стратегия ишлаб чиққан – у халқаро даражада тасдиқланган ва глобал ҳужжатларга мослаштирилган.

БАА бу жараёнларда тез иқтисодий ўсиш ва табиатни муҳофаза қилиш ўртасидаги мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда. Бу йўлда мамлакат ёш фаоллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Шундай ёш экологик фаоллардан бири – Асма Банафа – Бирлашган Араб Амирликларининг фаол фуқароси ва табиат ҳимоячиси бўлиб фаолият юритади. У сўнгги пайтларда бир қатор халқаро иқлим ташаббусларида иштирок этди. Банафа 27-28 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг XIV Ёшлар форумида ҳам ўз ғоялари ва таклифларини бутун дунёдан келган маслакдош ва тенгдошлари ҳукмига ҳавола этди.

“Ўзбекистонда ташкил этилган ЮНЕСКОнинг 14-ёшлар форумида дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёш етакчилар бир жойга жамланиб, барқарор келажак яратишда инновация ёшларга қандай ёрдам бериши мумкинлигини муҳокама қилишди.

Биз тўрт ой давом этган интенсив ишчи сессиялар орқали ёшлар иқлим бўйича дуч келаётган муаммоларни таҳлил қилдик, уларни ҳал этиш бўйича ташаббуслар ва тавсиялар ишлаб чиқдик.

Бу тавсияларда ёшларни ечим топиш жараёнининг марказига қўйиш, уларни етакчи сифатида кўриш ғояси илгари сурилди. Асосий тавсияларимиз руҳий соғлик, таълим ва рақамли тенглик масалаларига қаратилган.

Бирлашган Араб Амирликлари ҳар доим инновация ва ёшларни қўллаб-қувватлашга интилади. Бу – мамлакатнинг асосий сиёсий ва стратегик вазифасининг бир қисми ҳисобланади. Ёшлар фақат иштирокчи эмас, балки ўзгаришлар етакчиси сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, БААнинг иқлим соҳасидаги ташаббуслари дунё миқёсида тан олинган. Масалан, сўнгги COP28 конференцияси Дубайда ўтказилди. Шунингдек, мамлакат ёшлар учун атроф-муҳит элчилари дастурини жорий қилган – бу ёш авлодни иқлим ва табиат муҳофазаси жараёнларига фаол жалб этади.

Менимча, бу форум орқали ёшлар ташаббуслари янада кучаяди. Ёшлар бошчилигидаги ҳаракатлар кўпайиб, уларнинг таъсири ва овози глобал даражада эшитилади.

Биз ишонамизки, бундай нуфузли халқаро анжуманларда ёшларнинг фикрлари инобатга олинади, уларнинг тавсиялари амалий қарорлар асосига айланади. Шунингдек, жаҳон миқёсида инновация ва барқарор ривожланиш марказларини ташкил этиш, минтақалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам муҳим”, деди Банафа.

Аввало, БАА барқарорлик ва иқлим ўзгариши масалаларида жамоатчилик орасида кенг ахборот кампанияларини ўтказади, ёшларни амалий ечимлар таклиф этишга ундайди.

Мамлакатда кўплаб мукофотлар, лойиҳалар ва “ҳакафон”лар ташкил этилади, айниқса таълим соҳасида. Ғолиб бўлган ёшлар лойиҳалари давлат ёрдами билан амалиётга жорий этилади. Бу ёш иқлим етакчиларини қўллаб-қувватлашнинг самарали усулидир.

Тўғри, БААда урбанизация жуда юқори. БААда чўл ҳудудларида кўплаб бинолар ва замонавий инфратузилмалар барпо этилган. Бироқ мамлакат барқарор ривожланиш сиёсатини фаол амалга оширмоқда. Жумладан, қурилишларда “яшил меъморчилик” стандартлари жорий этилган, сув ресурсларини тежаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тизими йўлга қўйилган, маҳаллий экотизимни муҳофаза қилиш бўйича махсус дастурлар амалга оширилмоқда.

Асма Банафа

Шунингдек, БАА минтақада табиат ва технология ўртасидаги мувозанатни сақлаш бўйича етакчи давлат сифатида намунали тажриба яратмоқда. Бу нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун Яқин Шарқ учун ҳам муҳим йўналишдир.

“Биз ҳар бир бинога асос солар эканмиз, ҳар бир янги шаҳар манзарасини яратаётган пайтимизда, экологик лабораториялар сонини кўпайтириш ва барқарор лойиҳаларни амалга оширишга ҳам эътибор қаратяпмиз.

Ҳозирги кунда БАА ўз инфратузилмасига барқарор ёндашувни чуқурроқ жорий этиш стратегиясини қабул қилган. Масалан, мамлакатда дунёдаги энг йирик қуёш энергияси майдони мавжуд.

Шунингдек, “водород саноати пилот дастури” деб номланган ташаббус бор. У цемент ва пўлат ишлаб чиқариш соҳаларидаги икки тажриба лойиҳасини қўллаб-қувватлайди ва уларни БААнинг водород энергетикаси бўйича миллий йўл харитасига мослаштиришни кўзлайди.

Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия дастурлари доирасида қуёш энергиясига асосланган энергия сақлаш тизимлари яратилаётган бўлиб, бу мамлакатнинг “тоза энергия ташаббуси” билан ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, янги бинолар қурилишида ҳам барқарор меъморчилик тамойиллари қўлланилмоқда. Масалан, ҳозир қурилиш жараёнида бўлган “Нет Зеро масжиди” – яъни атмосферага зарарли чиқинди чиқармасдан ишлайдиган масжид – шундай лойиҳалардан биридир. Бу мамлакатдаги илк “энергик нейтрал” диний бинолардан бўлади”, дея умид билдиради БАА экофаолларининг вакили Асма Банафа.

Дарҳақиқат, Асманинг ишонтиришча, БАА табиат ва технология ўртасидаги мувозанатни топа олган. Масалан, Дубайда денгизда янги сунъий ороллар барпо этилаётган пайтда, улар билан бир вақтда сув ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш тадбирлари ҳам амалга оширилади – денгиз белкалари ва бошқа жонзотлар янги сув қўриқхоналарига кўчирилади.

Ҳозирги кунда буни мамлакат бўйлаб кўриш мумкин – ҳар бир амирлик ҳудудида денгиз ва ёввойи табиат қўриқхоналари ташкил этилмоқда. Шунингдек, айрим ҳудудларда ҳайвонот боғлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барқарор иншоотлар ҳам ривожланиб бормоқда.

Мазкур жиҳатлар инобатга олинса, БАА нафақат замонавий шаҳарлар қуришда, балки табиатни муҳофаза қилиш ва қайта тиклашда ҳам технологик тараққиёт ва табиатни авайлаш ўртасидаги мувозанатни топ олган давлат дейиш учун асослар бор дейиш мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров
Самарқанддан махсус

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid