Йил бошидан буён 3 триллион сўм алимент маблағлари ундирилди
МИБ хабарига кўра, ўтган даврда жами 54,8 триллион сўмлик маблағ ундирилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 триллион сўмга кўп.

ОАВ учун контент тайёрлаш марказида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов иштирокида ўтказилган брифингда жорий йил давомида ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган ишлар натижалари маълум қилинди.
Қайд этилишича, ўтган даврда жами 54,8 триллион сўмлик маблағ ундирилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 триллион сўмга кўп. Шундан 36,7 триллион сўми давлат, 16,5 триллион сўми тадбиркорлик ва бошқа субъектлар, 1,6 триллион сўмдан ортиғи эса фуқаролар манфаатлари учун йўналтирилди.
Давлатнинг мажбурлов механизмларидан фойдаланмаган ҳолда 2,2 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси ҳам таъминланди.
Ижтимоий йўналишда 3 триллион сўм алимент маблағи ундирилди. “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 565 нафар фуқарога 30,5 миллиард сўм тўлаб берилди. Манзилли ишлар натижасида 21 мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 11,2 мингдан ортиқ оила яраштирилди.
Шунингдек, ноқонуний ишдан бўшатилган 508 нафар фуқаро ишга тикланиб, улар фойдасига 21,6 миллиард сўм иш ҳақи ундирилди. “Дафтарлар” билан боғлиқ жамғармаларга 1,3 триллион сўм йўналтирилди — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 222 миллиард сўм кўп.





