Алиментдан қарздор фуқаро қути ичидан топилди
Қарздорга нисбатан мавжуд 44 млнсўм қарздорлиги сабабли ЖИБ Косон туман суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Мажбурий ижро бюросининг Platina.uz’га маълум қилишича, Косон туманида 2024 йилда қидирув эълон қилинган 32 ёшли фуқаро топилган. Фуқаро 2018 йилда чиқарилган суд буйруғига асосан бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши лозим эди. Аммо у йиллар давомида белгиланган тўловларни тўлиқ амалга оширмай, кам миқдорда тўлаб келган.
Қарздорнинг яширинган жойини аниқлаш мақсадида 2024 йилда унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва у қидирув тадбирлари давомида топилган эди.
Бироқ шундан кейин ҳам у ўз хулосасини чиқармади. Бу сафар ҳам давлат ижрочиларидан яширинишга уринган қарздор катта қути ичига кириб, устини кўрпача ва турли буюмлар билан беркитиб олди.
Лекин давлат ижрочилари вазиятни синчковлик билан ўрганиб, қути ичида кимдир яширинганини аниқлашди. Натижада қарздорнинг навбатдаги яширинишга бўлган уриниши ҳам самара бермади.
Қарздорга нисбатан мавжуд 44 млнсўм қарздорлиги сабабли ЖИБ Косон туман суди томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.





